Спорт | 22:37 / 26.12.2018
9303
2 дақиқада ўқилади

«Ливерпуль» йирик ғалабага эришди ва турнир жадвалида «Сити» билан орадаги фарқни еттитага етказди

Премьер-лига пешқадами «Ливерпуль» боксинг-дэйни йирик ҳисобдаги ғалаба билан бошлади.

Мерсисайдликлар ўз майдонида собиқ бош мураббийи Рафаэль Бенитес қўл остидаги «Ньюкасл»ни қабул қилиб, рақиб дарвозасига жавобсиз тўртта тўп киритишди.

Ўйинда ҳисоб 11-дақиқада Деян Ловрен томонидан очилди. Иккинчи бўлим бошида Муҳаммад Салоҳ пенальтидан унумли фойдаланиб, ҳисобдаги фарқни оширди. Учрашув охирига бориб Жердан Шақири ва Фабиньо 6 дақиқа ичида икки марта гол уришди ва якуний ҳисоб 4:0 кўринишига келди.

Баҳсда устунлик яққол мезбонлар томонида бўлганини нафақат ҳисоб, балки ўйин статистикаси ҳам тўла тасдиқлайди: тўпга эгалик қилиш - 75-25 фоиз, зарбалар - 16:6, дарвоза соҳасига зарбалар - 8:2.

Бу ғалаба эвазига «Ливерпуль» очколари сонини 51тага етказди ва Англия чемпионати биринчи даврасини чемпион сифатида якунлашди. Мерсисайдликлар иккинчи ўриндаги «Тоттенҳэм»ни 6, «Манчестер Сити»ни 7 очко ортда қолдирмоқда.

19 турда «Ливерпуль» 51 очко жамғарди, Клопп шогирдлари биринчи даврани мағлубиятсиз ўтказишди: мерсисайдликлар ҳисобида 16 ғалаба ва 3 дуранг.

2002 йилнинг 2 ноябридан буён илк марта «Ливерпуль» премьер-лига турнир жадвалида иккинчи ўриндаги жамоани 6 очкога ортда қолдирган ҳолда биринчи ўринда жойлашиб турибди.

Англия Премьер-лигаси
26 декабрь, 19-тур
Ливерпуль – Ньюкасл 4:0 (1:0, 3:0)
Голлар
: 1:0 – 11 Ловрен, 2:0 – 47, пенальти Салах, 3:0 – 79 Шакири, 4:0 – 85 Фабиньо.
Ливерпуль – Алиссон, Ловрен, Робертсон (Клайн, 82), Александер-Арнолд, ван Дейк, Хендерсон, Вейналдум (Фабиньо, 62), Шакири, Мане, Фирмино (Старриж, 69), Салоҳ.
Ньюкасл – Дубравка, Ласселс, Дамметт, Йедлин, Фернандес, Ритчи (Мерфи, 81), Хэйден, Диаме, Кенеди (Лонгстафф, 73), Муто, Хоселу.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид