Жамият | 16:50 / 30.12.2018
4171
3 дақиқада ўқилади

Хива 2020 йил маданият пойтахти деб эълон қилиниши мумкин

Фото: Анадўли

2018 йилнинг 3 сентябрь куни Қирғизистоннинг Чўлпон-ота шаҳрида бўлиб ўтган Турк кенгашининг 6-саммитидаги нутқида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Халқаро турк маданияти ташкилоти  - ТУРКСОЙнинг 2012 йилдан бери давом эттириб келаётган «Турк дунёси маданият пойтахти» танлаш анъанасига биноан, 2020 йил маданият пойтахти учун Хива шаҳри номзодлигини таклиф қилган эди.

Шу таклифга биноан тайёргарлик ишларини бошлаб юборган Дусен Касеинов бошчилигидаги ТУРКСОЙ ҳайъати Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига ташриф буюрди. ТУРКСОЙ Бош котиби Дусен Касеинов Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев билан суҳбат чоғида ушбу учрашувни кўпдан буён кутаётганини ва эндиликда ўзаро алоқаларда янги давр бошланганини айтиб ўтди. 

Профессор Дусен Касеинов Ўзбекистоннинг ташкилотдаги фаолиятини вақтинчалик тўхтатиб қўйган даврида ҳам ўзбек санъат арбоблари билан ҳамкорликни давом эттирганини алоҳида таъкидлаб шундай деди: «Ўзбекистонсиз турк дунёси ярим. Унинг бой тарихи ва маданияти нафақат турк дунёсининг, балки бутун дунё маданиятининг хазинасидир».

Касеинов Ўзбекистоннинг ТУРКСОЙдаги фаолиятини қайта тиклашининг жуда муҳимлигига эътибор қаратиб яна шундай деди: «ТУРКСОЙдаги жойингиз турибди. Байроғингиз ҳам осиб қўйилган. Ўзбекистон Маданият вазирининг ТУРКСОЙдаги вакили учун ажратилган хона ҳам сизларни кутяпти. Қачон истасангиз келишингиз мумкин. Биз бу қарорингизни кутяпмиз. ТУРКСОЙ Узбекистон билан янада кучланади».

Ўз навбатида, Сайфуллаев ҳам Ўзбекистон аъзо булган ТУРКСОЙ ташкилоти билан ҳамкорликни ривожлантириш истагини билдирди.

«Ҳеч ким бизни ТУРКСОЙдан ҳайдамади. Байроғимиз ҳам ҳалигача осиғлиқ турибди. Биз шунчаки ТУРКСОЙдаги фаолиятимизга қисқа бир танаффус берган эдик», деди Сайфуллаев.

Фото: Маданият вазирлиги

Учрашув якунида Сайфуллаев ва Касеинов бир-бирларига эсдалик совғаларини тақдим этишди. 31 декабрь куни ТУРКСОЙ ҳайъати Хива шаҳрини зиёрат қилиши режалаштирилган. 

Маълумот учун, Халқаро турк маданияти ташкилоти – ТУРКСОЙ туркий халқларнинг дўстлиги ва ўзаро ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш, умумий турк маданиятини келажак авлодларга етказиш мақсадида фаолият олиб боради. 

 

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид