Жамият | 13:57 / 02.01.2019
48964
5 дақиқада ўқилади

Шофирконда ногиронлиги бўлган бошпанасиз аёл йиғлайди, уч фарзанди совуқдан титрайди

Синовли дунёнинг ташвишлари кўп. Кимгадир оғир, кимгадир эса машаққат бегона. Орамизда шундай одамлар борки, ҳақиқатан кўмакка муҳтож, яшаш шароити ачинарли. Уларга озгина эътибор, мадад берилса, қўллаб-қувватланса, бундай инсонларнинг қийинчиликларни енгиб ўтиши осон бўлади. Аммо чорасиз қолган инсон эътибордан четда қолса, унга янада қийин бўлиши шубҳасиз.

Kun.uz таҳририятига Бухоро вилояти, Шофиркон туманида истиқомат қилувчи II гуруҳ ногиронлиги бўлган Мамлакат Содиқовадан мурожаат келиб тушди.

«II гуруҳ ногирониман. Уч нафар фарзандим бор, бири ногирон. Доимий қаровга муҳтож. 2010 йилдан буён фарзандларимни ёлғиз тарбиялаб келяпман, боқувчимиз йўқ. Бошпанамиз йўқлиги туфайли жуда қийналяпмиз. Турли жойларда амаллаб яшаб келмоқдамиз. Туман ҳокимлиги ва бошқа ташкилотларга ёрдам сўраб мурожаат қиляпман. Аммо менга ҳеч қандай ёрдам берилмаяпти. Совуқ кунларда фарзандларим билан сарсон-у саргардонман. Менга ёрдам берингизлар», – дейилади мурожаатда.

Ушбу мурожаатни ўрганиш учун Шофиркон туманига йўл олдик.

Мамлакат Содиқова вақтинча ижарада яшаётган хонадонига кириб борганимизда ҳақиқатан ҳам ҳам аҳвол ачинарли эканлигига гувоҳ бўлдик.

Ҳувиллаб ётган, бирор жиҳози йўқ уч хонали хонадоннинг бир хонасида оила қўним топган. Иситиш тизими мавжуд эмаслиги туфайли уч нафар болалар кўрпаларга ўранганча жон сақламоқда. Шамоллаб қолишибди, бечоралар. Иссиғи кўтарилиб кетаётгани учун она бечора бир ҳафтадан буён ҳар куни «Тез ёрдам»ни чақиришга мажбур бўлаётган экан.

Мамлакат Содиқованинг айтишича, 2010 йилдан буён турмуш ўртоғи билан яшамайди. Алимент ҳам олмайди. Сабаби турмуш ўртоғи бедарак кетган. Ўзи ёлғиз тарбиялаётган фарзандларидан 14 ёшли қизи ва 9 ёшли ўғли соғлом. Аммо 12 ёшли қизининг оёқ-қўли ишламайди, болаликдан ногиронлиги бор. Доимий қаровга муҳтож. Шунинг учун ҳам ишлашга имконияти йўқ. Бошпанаси йўқлиги учун вояга етмаган фарзандлари билан турли жойларга кўчиб, сарсон бўлиб юришга мажбур. Бу масаладаги мурожаатлари ҳокимлик ва турли ташкилотлар томонидан ижобий ҳал этилмаган.

Ушбу ҳолат юзасидан Шофиркон туман ҳокимлиги мутасаддилари билан суҳбатлашдик.

«Бу оиланинг аҳволидан хабаримиз бор. Бизга бир неча марта мурожаат қилгани ҳам рост. Ишчи гуруҳлар томонидан бу ҳолат ўрганилган ва бепул уй-жой билан таъминлаш рад этилган. Бу бўйича мурожаатчига жавоб хатлари ҳам берилган», — дейди туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Нигора Йўлдошева.

Биз ушбу жавоб хатлари билан ҳам танишдик. Мамлакат Содиқованинг қўлида бир даста бўлиб, анчагина тўпланиб қолибди. Барчасида деярли бир хил жавобни кўриш мумкин. Яъни, «Ўрганиб чиқилди, онангиз ва укангиз яшаётган ер участкаси катта. Шунинг учун рад этилади», қабилидаги гаплар.

Маълум бўлишича, Мамлакат Содиқова фуқаролик паспорти бўйича Шофиркон тумани, «Бобоато» маҳалласида доимий рўйхатда туради.

«Ахир, у ерда онам ва укам яшайди. Мен қандай қилиб уларнинг уйига эгалик қилишим мумкин? Улар билан бирга яшашнинг ҳам имкони йўқ. Афсуски, улар буни тушунишмаяпти. Имкони бўлганда уч нафар фарзандим билан шундай сарсон бўлиб юрармидим?!» — дейди М.Содиқова.

Ҳа, ушбу оила оғир аҳволда кун кечирмоқда. Мутасадди ташкилотлардан келган жавоб хатлари уларнинг оғирини енгил қилмайди. Ижарадаги совуқ хонасини иситиб ҳам бермайди. Бетоблик ва совуқдан титраётган болалар жонига ора кирмайди. Муаммога ечим керак.

Муаммо ечими юзасидан туман ҳокимининг қурилиш масалаларига масъул ўринбосари Файзулла Мирзаев билан суҳбатлашдик.

«Бизга бир неча маротаба мурожаат қилгани рост. Аммо бепул уй-жой сўрагани учун ишчи гуруҳ томонидан ўрганилиб, рад қилинган. Тўғриси, бу ерда ижарада турганидан хабаримиз йўқ. Аҳволи ҳақиқатдан ачинарли. Албатта, бу муаммонинг ечими бор. 2019 йилда қурилаётган арзон уй-жойлар учун навбатга қўямиз. Бошланғич тўловини ҳам тўлаб берамиз. Фақат у ёғини ойма-ой тўлаб борса бўлди», — дейди Ф.Мирзаев.

Аммо унгача оиланинг айни вақтдаги оғир аҳволи учун кўмак зарур. Совуқ кунларда ачинарли ҳолатда яшамоқда.

Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Равшан Каримов бу борада ҳам М.Содиқовага зарур кўмаклар берилишини билдирди.

Муҳими, ваъда бажарилса бўлгани, акс ҳолда фуқароларнинг ҳокимлик вакилларига ишончи йўқолиб бораверади.

Мамлакат Содиқовага кўмак бермоқчи бўлганлар учун: 

Телефон рақами: +99891 647 05 59 

Kun.uz бу мавзуга яна қайтади.

Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид