Ўзбекистон | 12:20 / 06.01.2019
23152
2 дақиқада ўқилади

Amirsoy тоғ-чанғи курорти очилиши бир йилга кечикди

Фото: Amirsoy / Facebook

Amirsoy тоғ-чанғи курортининг очилиши кечиктирилган. Курортнинг Facebook’даги расмий саҳифасида маълум қилинишича, очилиш 2019 йилнинг декабрига режалаштирилмоқда.

«Бу қарор техник ва бошқа масалалар билан боғлиқ. Лойиҳа кўп йиллар давомида тоғда фаолият кўрсатади, олдимиздаги вазифа эса уни асосли қилиб тайёрлашдир. Ярим йил - бир йил, бу унчалик катта муддат эмас, бироқ биз учун муҳим танаффус, боиси бу ерда курорт ва умуман мамлакат имиджи масаласи турибди», дейилади компания вакили маълумотида.

Қайд этиш керакки, ушбу курорт очилиши дастлаб 2018 йил 15 декабрига мўлжалланганди, бироқ декабрь ойига келиб муддат ўзгарди ва ўриндиқли дор йўли 2019 йил январида ишга тушиши маълум қилинди.

Туризмни ривожлантириш қўмитаси бу кечикиш бўйича изоҳ бериб, «юзага келган мураккабликлар» сабабли ўриндиқли дор йўли ҳам (канат), кабинали дор йўли ҳам фойдаланишга топширишнинг имкони бўлмагани, ўриндиқли дор йўлини 2019 йил январидан аввал ишга тушириб бўлмаслигини, кабиналисини ишга тушириш учун 2019 йил охиригача кутиш кераклигини тушунтиришди.

Фото: Amirsoy  / Facebook

Amirsoy — бу Ўзбекистоннинг жаҳон даражасидаги илк тоғ-чанғи курортидир. Лойиҳа қурилиши уч босқични ўз ичига олган: турли мураккабликдаги тоғ-чанғи трассалари тармоғини яратиш, еттита дор йўли, сноуборд-парк, яхмалак майдонларини қуриш. Лойиҳа Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманидаги 900 га майдонни эгаллаб, турли мураккабликдаги тоғ-чанғи қорли трассалари тармоғини яратишни кўзда тутган. Трассаларнинг умумий узунлиги 21,3 км бўлиб, шунингдек 7та осма дор йўли (канат), сноуборд парки, спорт мактаби ва бошқа курорт инфратузилмаси яратилиши режалаштирилган. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 100 миллион евродан ортиқроққа баҳоланган.

Қурилиш ишлари 2022 йилда тўлиқ якунланиши режалаштирилган.

Мавзуга оид