Спорт | 09:32 / 10.01.2019
13106
3 дақиқада ўқилади

«ПСЖ» Лига Кубогини сенсацион равишда тарк этди

Фото: Jeroen Meuwsen/Soccrates/Getty Images

Франция Лигаси кубогининг 1/4 финалида «ПСЖ» «Генгам»ни қабул қилди. Париждаги «Парк де Пренс» стадионида кечган учрашув меҳмонларнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Меҳмонлар сафида Йени Атито Нгбакото ва Марк Тюрам биттадан гол уришди. Парижликларнинг ягона голига Неймар муаллифлик қилди.

Қайд этиш керакки, меҳмонлар иккинчи бўлимда 3 марта пенальти тепишди. Аввалига, франциялик собиқ футболчи Лилиан Тюрамнинг ўғли бўлмиш Маркус Тюрам 61-дақиқада 11 метрлик жарима зарбасидан фойдалана олмади. Бир дақиқа ўтиб Неймар ҳисобни очди. 81-дақиқада Йени Атито Нгбакото пенальтида адашмади. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда Тюрам хатосини тузатди, у ўзи пенальти ишлаб, уни аниқ амалга ошира олди - 1:2.

Шу тариқа, айни вақтда Франция чемпионати турнир жадвалида 20-ўринда бораётган «Генгам» сенсацион равишда «ПСЖ»ни турнирдан чиқариб юборди. Бунгача парижликлар 5 йил давомида турнирда ғолиб бўлишаётганди.

Бу «ПСЖ»нинг Франциядаги илк мағлубияти бўлди. Бунгача Томас Тухель жамоаси 27 учрашувдан иборат мағлубиятсиз серия қайд этганди. Жамоа мавсумда фақат ЕЧЛ доирасида «Ливерпуль»га сафар учрашувини бой берганди.

1/4 финал доирасидаги бошқа учрашувларда «Бордо»«Гавр»ни енгди (1:0) ва ярим финалга чиқди.

Бунгача «Страсбург» «Лион»ни (2:1), «Монако» «Ренн»ни (1:1, пенальтилар серияси бўйича – 8:7) енгиб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритганди.

Франция Лигаси кубоги
ПСЖ - Генгам 1:2 (0:0, 1:2)

Голлар: 1:0 – 62 Неймар, 1:1 – 81, пенальти Нгбакото, 1:2 – 90, пенальти Тюрам.
ПСЖ – Ареоля, Керер, Тиаго Силва, Бернат, Маркиньос (Верратти, 46), Ди Мария (Кавани, 46), Дракслер (Дани Алвес, 75), Диаби, Менье, Неймар, Мбаппе.
Генгам – Юнссон, Траоре, Кербра, Ребошу, Эбоа-Эбоа, Коко (Роделен, 90), Блас (Дидо, 75), Фири, До, Тюрам, Менди (Нгбакото, 73).
Огоҳлантиришлар: Кавани (90), Верратти (90), Неймар (90).

Бордо – Гавр 1:0 (0:0, 1:0)
Гол: 1:0 – 70 Калу.
Бордо – Пуссен, Кунде, Пундже, Сабали, Йованович, Вада (Бриан, 62), Отавио, Калу, Лерагер, Карамо (де Превиль, 90), Корнелиус (Башич, 80).
Гавр – Балижон, Бен, Камара, Беше, Ферхат, Майембо, Баск (Ассифуа, 75), Лехаль, Бонне (Фонтен, 62), Гори (Абделли, 79), Кадевере.
Огоҳлантиришлар: Баск (29), Калу (45), де Превиль (90).

Мавзуга оид