Спорт | 16:30 / 15.01.2019
9917
2 дақиқада ўқилади

Петр Чех футболчилик фаолиятини якунлашини эълон қилди

«Арсенал» дарвозабони Петр Чех жорий мавсум якунида футболчилик фаолиятини якунлайди. Бу ҳақда унинг ўзи ижтимоий тармоқдаги саҳифалари орқали эълон қилган. 

«Бу менинг профессионал футболчи сифатидаги 20-мавсумим. Мен илк шартномамни имзолаганимдан буён 20 йил вақт ўтди. Ҳозир футболдан кетиши ҳақида эълон қилишнинг айни пайти. АПЛда 15 йил ва мен кўплаб совринлар ютиб олдим. Мен энди ўзим истаган натижаларга эришдим. Мен қолган вақт давомида „Арсенал“ учун меҳнат қилишда давом этаман, бу жамоа билан яна бир соврин ютиб олишни истайман. Мени ҳали майдонда нималар кутаётганини билишни истайман», — деб ёзган айни вақтда 36 ёшда бўлган чехиялик дарвозабон твиттерида.

Чех Чехия терма жамоаси учун 124 ўйин ўтказган. У қаторасига 4та Европа чемпионатида (2004, 2008, 2012, 2016) ва бир жаҳон чемпионатида (2006) терма жамоанинг асосий дарвозабони сифатида ҳаракат қилган.

У жорий мавсумда Англия чемпионатида 7 ўйинда майдонга тушди.

Чех «Челси» ва «Арсенал»даги фаолияти давомида 4 марта Англия чемпионлиги, 5 марта Англия Кубоги, 4 марта Англия Лигаси Кубоги, 4 марта Англия Суперкубоги соҳиби бўлган. У «Челси» билан бир мартадан Европа Чемпионлар лигаси ҳамда Европа Лигасида ғолиб чиққан.

Мавзуга оид