Жаҳон | 19:58 / 16.01.2019
10584
2 дақиқада ўқилади

Эксперт Путин ва Абэ Хоккайдо оролида Россия базалари жойлаштирилишини муҳокама қилишлари мумкинлигини айтди

Фото: РИА Новости / Сергей Мамонтов

Россия ва Япония раҳбарлари ўртасидаги бўлажак учрашувнинг асосий мавзуси икки давлатнинг ҳарбий ҳамкорлиги, ҳаттоки мамлакатдаги Америка қўшинлари сонини қисқартириш ва Хоккайдо оролида Россия ҳарбий базаларини жойлаштириш бўлиши мумкин. Россия бўйича Япониядаги таниқли мутахассислардан бири, Цукуба университети профессори, сиёсатшунос Ицуро Накамура ана шундай фикр билдирди.

"Охир-оқибат тинчлик келишуви имзоланади деб ўйлайман. Абэ Иккинчи жаҳон уруши якунларини тан олади. Ҳудуд эса қандай бўлса шундайлигича қолади. Аммо асосий мақсад бу эмас. Ўйлашимча, Путиннинг асосий мақсади – Япония билан ҳарбий иттифоқ тузиш. Ва Хоккайдода ҳарбий базаларини жойлаштириш. Путин Окинавада Америка, Хоккайдода эса Россия базалари бўлишига эришмоқчи. Бу унинг якуний мақсади", деди эксперт.

Накамуранинг ишонишича, Япония фақат мана шу йўл билангина Россиянинг Жанубий Курил ороллари Японияга бериладиган бўлса, у ерга Америка базалари жойлаштирилиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирини олиб ташлаши мумкин.

"Абэ ҳозир Путинни ороллар Японияга қайтариладиган бўлса, у ерда Америка базалари бўлмаслигига ишонтиришга уринмоқда, аммо ҳозирча бунга эриша олмади. Россия ва Япония ўртасида ҳарбий иттифоқ тузилса ҳамда Хоккайдода Россия ҳарбий базалари жойлаштирилса бу ишончсизлик йўққа чиқиши мумкин. Хитой билан яхши муносабатлар билан бир қаторда Япония билан ҳам ана шундай муносабатлар ўрнатилиши Россияга Узоқ Шарқни назорат қилиш имкониятини беради", деб ҳисоблайди сиёсатшунос.

Мавзуга оид