Спорт | 19:02 / 16.01.2019
29446
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон олимпия терма жамоасига ким бош мураббий бўлиши аниқланди

Фото: Getty Images

Сербиялик мутахассис Любинко Друлович Ўзбекистон олимпия терма жамоасига бош мураббий қилиб тайинланади. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар бермоқда.

Аввалроқ, ЎФА олимпия терма жамоасини бошқариш учун 4 нафар мутахассис номзодини ўрганиб чиқаётгани ва Друловичдан ташқари уларнинг ичида италиялик Массимо Фиччаденти, испаниялик Хуан Санчес Македа ва хорватиялик Ненад Грачан борлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Якуний қарорга кўра, бу лавозим 50 ёшли Друловичга топшириладиган бўлди. Унинг олдига Токио – 2020 олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси қўйилади. Друловичнинг мураббийлар штабига ватандошлари Завиша Милославлевич ва Небойса Топалов ҳам киритилади.

Маълумот ўрнида, Любинко Друлович 1968 йилда туғилган. Мураббийлик фаолиятида Анголанинг «Агошту», Сербиянинг «Партизан» клубларини, Сербия ва БАА ўсмирлар терма жамоаларини, Македония терма жамоасини бошқарган. Сербия U19 билан Европа чемпионатида ғалаба қозонган, БАА U19 билан жаҳон чемпионатига чиққан. 2013 йилда Сербиянинг энг яхши мураббийи деб топилган.

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси 2019 йилнинг 22-26 март кунлари Тошкентда ўтадиган Осиё чемпионати саралашида иштирок этади. Қуръага кўра, ҳамюртларимиз Ҳиндистон, Тожикистон ва Покистон олимпиячилари билан F гуруҳидан ўрин олган. Саралашдан ўтган жамоалар 2020 йил 8-26 январь оралиғида Таиландда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига йўлланмани қўлга киритади. Унда 16та жамоа иштирок этади, 1-3 ўринни қўлга киритганлар Токио - 2020 олимпиадасида қатнашиш имконига эга бўлади.

Мавзуга оид