Ўзбекистон | 10:39 / 17.01.2019
38959
2 дақиқада ўқилади

Хорижда яшовчи ўзбекистонликлар хорижга чиқиш паспортини элчихоналар орқали олиши мумкин бўлади

Давлат персоналлаштириш маркази раҳбари Нажмиддин Тўрахўжаевнинг маълум қилишича, ҳозир ана шундай имкониятни яратиш бўйича иш олиб борилмоқда.

Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти ва Давлат персоналлаштириш маркази раҳбари Нажмиддин Тўрахўжаев иштирокида бўлиб ўтган брифингда янги жорий қилинган хорижга чиқиш паспорти ҳақида атрофлича маълумот берилди. Хусусан хорижда яшовчи Ўзбекистон фуқаролари бундай паспортларни олиш имкониятига эга бўлишлари мумкинлигига оид саволларга Н. Тўрахўжаев шундай жавоб берди:

– Албатта, бундай имконият бўлади, биз ҳозир шунинг устида ишлаяпмиз ва 2019 йил охирига қадар хорижий давлатлардаги элчихоналаримиз ҳамда консуллик бўлимларимиз орқали бу жараённи йўлга қўйишни режалаштирганмиз. Таъкидлашим керакки, бу ерда энг нозик масала фуқароларимизга оид маълумотларнинг махфий тутилишидир. Хориж билан алоқада эса интернетдан фойдаланишимизга тўғри келади ва бунда хавфсизликка эътибор бериш зарур.

Маълум қилинишича, 2019 йилнинг дастлабки 14 кунида Тошкент шаҳри бўйлаб хорижий паспорт олиш учун 8 мингдан ортиқ ариза топширилган ва дастлаб мурожаат қилганларнинг аксариятига хорижий паспортлар берилиши бошланган.

Хорижий паспортлар 1 ёшгача бўлганларга 2 йилга, 16 ёшгача бўлганларга 5 йилга, ундан юқориларга 10 йил муддатга берилади.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид