Жамият | 14:50 / 21.01.2019
60715
7 дақиқада ўқилади

Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари: «Инсон шундай шароитда ҳам яшаши мумкинми?»

Kun.uz таҳририятига Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари томонидан мурожаат келиб тушди. Уни ўрганиш мақсадида Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, “Қозиробот” маҳалласи, Нурхон 4-тор кўчада жойлашган 20-б уйга ташриф буюрдик. Ушбу ётоқхонада Меҳрибонлик уйида тарбияланган фуқаролар яшаб келмоқда. Ётоқхонага борганимизда ташқи тарафдан қайта таъмирланган, ҳамма нарса жойидага ўхшаб кўринди. Камерамизни созламай туриб, олдин уларни эшитишни мақсад қилдик. Чунки мурожаатларни ўрганишда олдин вазиятни ўз кўзимиз билан кўриб, кейин мурожаат ҳақиқатан асосли бўлса камерамизни созлаймиз. 

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Бизни кутиб турган фуқароларни қийнаётган муаммоларига қулоқ тутдик. Шу ётоқхонада сабр билан яшаб келаётган Наргиза Жумаева бизга муаммоларни айтиб берди:

"Мен 2016 йилдан бери шу ётоқхонада яшаб келаман. Бизга уй ўрнига шу жойни 5 йилга ижарага беришган. Ётоқхонага келганимизда ҳеч қанақа шароит бўлмаган. Ташқи томони чиройли таъмирланган, фақат юзаки, қўл учида қилинган. Биз сув, газ, электрни ишлатишни бошлаганимизда электр, газ, сув ўча бошлади. Ётоқхона томларидан сув томчилаб ўтади. Ҳозиргача бу ерда умуман яшашга шароит йўқ. Шу вақтгача мурожаат қилмаган жойимиз қолмади. Ҳокимият, прокуратурага ёрдам сўраб мурожаат қилиб чиққанмиз. Улар ҳар доим келиб кўришади, расмга тушириб кетишади. Шароит йўқлигини сабабини кўриб чиқишиб, лекин шароитни яхшилаб беришмайди. Фақат оғзаки ваъда беришади, лекин бу ваъдасини устида ҳеч қачон туришмаган ва чиқишмаган. Асосий қисмимиз оилали, ёш болаларимиз билан яшаймиз. Подвалимизда чаён, сувараклар кўп. Болаларимиз касалдан бошлари чиқмаяпти. Бизларга шаҳар ҳокими Жаҳонгир акани шахсан ўзлари келиб 45 кунда уй-жой берамиз деб ваъда қилган.Чунки яшаш шароитимизни кўриб, ўзлари ҳам қўрқиб кетган. Бу оғир аҳволда ҳам одам яшайдими?,- деб ҳайрон қолганлар. Шундан сўнг уй берамиз деб ваъда қилишган.Бизда газ йўқ, бу свет билан бир нима қила олмаймиз. Электр лампочканинг ўзини ҳам кўтармайди. Сабаби ноль йўқ дейишди. Ўшани таъмирлаймиз деб ундан баттар аҳволга келтиришди. Ҳозир кўп хонадонлар светсиз ўтирибди. Кўп хонадонлар на лампочка ёқа олади, на чой на плита. Ўзи 66 хонадондан иборат. Лекин одам яшаётган хонадонлар 20-25 та. Сабаби шароит йўқлиги учун бу ерда кўп одамлар яшамайди".

Шундан сўнг ётоқхонадаги ҳақиқий аҳволни кўздан кечиришни бошладик. Деворлар ёрилган ётоқхона эшиклари яхши ёпилмайдиган қилиб қўйиб кетилган. Ертўлага тушишга қўрқдик. "Қоронғи, зах сабабли у ерда турли хил заҳарли ҳашоратлар кўпайган",- дейди шу ерда яшаётган фуқаролардан бири.

Кўринишидан таъмирлаш ишлари охирига етказилмаган ёки шундай ташлаб кетилган. Деворлар сув ўтиб, зах бўлганлиги боис кўчиб кетган.

Иккинчи қаватда жойлашган ошхона янги таъмирланган экан. Фуқароларнинг таъкидлашича, 1 ой таъмирланган ошхонада бирон иш қилиб бўлмайди. Афсуски фақат шифт қисми ўзгартирилган. "Жўмракларда сув босими жуда кам. Бу сувда биз қандай идиш-товоғимизни ювамиз?",- дейди ўкинч билан Наргиза Жумаева 

Ҳақиқатдан ошхона таъмирланганга ўхшамайди.

Ювиниш хоналари ҳам аянчли аҳволда. Ўрнатилган қўл ювиш раковинасининг сув оқиб тушадиган жойи йўқ. Иситиш мосламаларидан доим сув оқиб турибди. Электр мосламалари умуман талабга жавоб бермайди.

Ётоқхона ростдан қайта таъмирланганми ёки йўқ? Саволимизга жавоб олиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимиятига бордик. Шундан сўнг бизни Чилонзор ҳокимияти билан боғлаб беришди. Вазиятни тушунтирдик. Ишлаш тартибимиз шунақа: бирон материални эълон қилишдан олдин, албатта иккинчи тарафнинг изоҳини олишимиз керак.

Ушбу ётоқхонанинг таъмирлаш ишларига жавобгар ҳисобланган Чилонзор тумани Таъмирлаш хизмати раҳбари Равшан Эргашевдан изоҳ сўрадик. Равшан Эргашев бизга қуйидагиларни маълум қилди:

Равшан Эргашев

- Бу уйлар ётоқхона уйлари ҳисобланади. 66 та хонадондан иборат. Бу ётоқхона шаҳримиздаги меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларига хона қилиб берилган. 2015 йил бу ётоқхона тўлиқ таъмирдан чиқарилиб 2016 йил уйларга тарбияланувчилар киритилган. 2016-2018 йиллар давомида уйларнинг аҳволи жудаям танг аҳволга келиб қолган. Бу уйларга келганлар ҳар хил меҳрибонлик уйларидан чиққанликлари сабабли бир-бири билан чиқиша олмаган ҳамда уйларни ночор аҳволга келтиришган. Олдинги ҳокимимиз томонидан шаҳар ҳокимиятидан пул сўраб олинган ва бу уйни таъмирлаш учун пудратчи ташкилот билан 457 миллионлик шартнома қилинган. 

Лекин таъмирлаш ишлари охиригача бажарилмаган. Асосан электр тармоғи бўйича таъмирлаш ишлари қолган эди. Лекин тўлиқ умумий хожатхоналар, ювиниш хоналари, коридорлар таъмирдан чиқарилган, аммо ҳали топширилмаган эди. Фақат электр тармоғи билан боғлиқ ишлар бажарилмаган. Орада узилиш бўлди. Сабаби биринчи қаватда жойлашган деворларни қуришини кутдик, иккинчидан шу ерда яшовчи аҳолидан эътирозлар билдирилганлиги сабабли ишимиз тўхтаб қолди. Таъмирлаш ишлари ўтган йили ноябрь ойларига якунланиши керак эди. Аммо ўртада аҳоли билан кичик тушунмовчиликлар келиб чиққанлиги сабабли тўхтатиб қўйилган эди. Ҳозирда пудратчи ташкилот билан яна алоқага киришдик. Аҳоли билан гаплашиб,вазиятни тушинтирдик. Улар ҳам таъмирлашга рози. Худо хохласа 10 кун ичида барча таъмирлаш ишлари тўлиқ бажарилади.

Хулоса қиладиган бўлсак, ётоқхонани таъмирлаш учун керакли маблағ ажратилган. Пудратчи ташкилот топилган ва шартнома ҳам имзоланган. Аммо назоратга олинмаганлигиданми ёки бошқа сабабми ишлар охиригача бажарилмай қолиб кетган. Таъмирлаш хизмати раҳбарининг 10 кун ичида ишлар ҳаммаси бажарилади деган ваъдасига ишониб, мурожаатни ўрганишни якунладик. Бу каби ваъдалар ётоқхонада яшовчиларга бир неча бор берилган. Энди ваъдани бажариш вақти келмадимикин?

Kun.uz воқеалар ривожини кузатишда давом этади ва ушбу мурожаатнинг натижасини кутиб қолади.

Мавзуга оид