Жаҳон | 16:23 / 21.01.2019
7340
2 дақиқада ўқилади

Зимбабве президенти мамлакатдаги норозиликлар сабабли хорижга сафарини тўхтатди

Фото: РИА Новости

Зимбабве президенти Эммерсон Мнангагва Зимбабве хавфсизлик кучлари томонидан мансаб ваколатлари суиистеъмол қилингани ҳақидаги баёнотлардан сўнг, хорижга икки ҳафталик сафарини тўхтатишга мажбур бўлди. Бу ҳақда Sky News хабар қилмоқда.

Зимбабве президенти твиттердаги постида яқинда содир бўлган зўравонликларни тилга олмаган, бироқ Давосдаги Бутунжаҳон иқтисодий форумида «иқтисодий вазият нуқтаи назаридан» иштирок этмаслигини айтган.

«Биринчи навбатдаги вазифа - Зимбабвега тинчлик, барқарорлик ва яна ишлаш имкониятини қайтариш», - деди Мнангагва.

Қайд этилишича, Зимбабве президентига хорижга турини тугатиши учун босим кучайиб борган. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари маълумотига кўра, Зимбабве пойтахти Харари ва Булавайо шаҳрида бир неча кун давом этган тартибсизликлардан сўнг камида ўн икки киши ўлдирилган ҳамда юзлаб одамлар қўлга олинган. Бундан ташқари, Зимбабведаги хавфсизлик кучлари тунги рейдларни ўтказиш ва гумон қилинувчиларни ўз уйларида калтаклашда айбланмоқда.

Нашрнинг эслатишича, Мнангагва Зимбабведа ёнилғи нархлари икки баробарга кўтарилиши ҳақида эълон қилганидан кейин (шу тариқа, мамлакатдаги бензин нархи дунёдаги энг юқори даражага чиқади) тартибсизликлар бошланган. 

Мавзуга оид