Спорт | 15:20 / 22.01.2019
6263
1 дақиқада ўқилади

«Кардифф»нинг янги футболчиси чиққан самолёт радарлардан йўқолиб қолди

Фото: Cardiff City FC/Getty Images

«Кардифф Сити»нинг янги футболчиси Эмилиано Сала Франциядан Уэльсга парвоз чоғида ғойиб бўлди.

L’Equipe нашри хабарига кўра, 21 январь куни футболчи «Нант»даги собиқ жамоадошлари билан хайрлашган ва Уэльсга етиб олиш учун хусусий самолётга чиққан. Аммо самолёт қўнишга тахминан бир соат борлигида радарлардан йўқолган. Самолёт аэропортга етиб келмагач, уни қидириш учун икки вертолёт ва бир неча қидирув кемалари йўлланган. Айни вақтда Норманд ороллари яқинида қидирув ишлари давом этмоқда.

«Кардифф Сити» Салани қишки трансферлар вақтида ўз тарихидаги рекорд қийматга - 20,5 млн еврога харид қилганди. Аргентиналик форвард янги клуби билан 2022 йил ёзигача шартнома имзолаганди.

28 ёшли футболчи Франция чемпионатининг жорий мавсуми биринчи даврасида 19 учрашувда майдонга тушиб, 12 гол урган ва 2 голга узатма берганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид