Ўзбекистон | 19:37 / 23.01.2019
33812
5 дақиқада ўқилади

10-11 синф ўқувчиларининг касбий таълими қониқарсиз аҳволда давом этаётгани аниқланди

Фото: Давлат инспекцияси

Республиканинг барча ҳудудларидаги умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11 синфлари ўқувчиларига касбий таълим беришга ихтисослашган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари фаолияти текширилмоқда. 

«Дарслар вақтида ташкил этилган, касб ҳунарга йўналтириш учун барча шарт шароитлар яратилган. Қоғозда, ҳужжатларда ҳаммаси яхши. Аммо реал ҳолат аслида сал бошқачароқ»​, ​– ​деб хабар бермоқда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси. 

Давлат инспекцияси томонидан ўрганишлар натижасига кўра, Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги 58-умумтаълим мактабида дарс жадвали бўйича ташкил этилган ўқув ишлаб чиқариш мажмуасига 80-умумтаълим мактабидан машғулотларга келиши режалаштирилган жами 51 нафар ўқувчидан 43 нафари келмаган.

«Тикувчилик» касби бўйича давомат 57 фоиз, «Қандолатчи» касби бўйича давомат 25 фоизни ташкил этса, «Маиший хизмат» касби бўйича касб ўргатувчининг ўзи (уста Р.М) ишга келмаганлигини гувоҳи бўлишимиз мумкин. «Қандолатчи» касби бўйича машғулотлар олиб борувчи уста М.Ж. хом ашё материаллари йўқлиги сабабли машғулотларни ўтказмаётганлигини маълум қилди.

«Тикувчилик» касби бўйича уста М.Н. ўтказаётган машғулотларда фойдаланилаётган 4 та эски «Чайка-34» русумли тикув машинкаларидан 1 таси ишлайди холос. 58-умумтаълим мактабида ташкил этилган ўқув ишлаб чиқариш мажмуасидаги «Тикувчилик», «Қандолатчи», «Маиший хизмат» касблари бўйича бирорта хона жиҳозланмаган, машғулот ўтказувчи усталар (М.Ж., М.Н., Р.М.)нинг «Ўқув дастури», «Тақвим мавзу режаси» ва бошқа талаб қилинган ўқув меъёрий ҳужжатлари талаб даражасида шакллантирилмаган», – дейилади инспекция хабарида​.

Маълум қилинишича, Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида 2017-2018 ўқув йили мобайнида 10-синф ўқувчилари тумандаги 10 та касб-ҳунар коллежлари ва 10 та умумтаълим мактаблари базасида ташкил этилган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуасида, 40 та йўналишда ўзлари танлаган касблар бўйича ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаси машғулотларига жалб этилиши назарда тутилган. 

10-синфларнинг 2640 нафар ўқувчилари ўқув-ишлаб чиқариш мажмуасида ўзлари танлаган касблари бўйича ўқув йили якунида касбий билимларини мустаҳкамлаш учун ўқув режадаги 36 соатлик ўқув амалиётини ўтаб, касб йўналишлари бўйича якуний давлат аттестацияси топшириши белгиланган. 

«Яккабоғ озиқ-овқат саноати ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида 2 та касб бўйича (компьютер оператори ва ҳисобчи) ўқув ишлаб чиқариш мажмуалари ташкил этилган бўлиб, тумандаги 100, 77-сонли мактаблар ва 14-ДИМИнинг жами 192 нафар 10-11-синф ўқувчилари қамраб олинган. Мазкур таълим муассасасида ташкил этилган касбий таълимда дарс жадвали бўйича 100-сонли умумий ўрта таълим муассасаси ўқувчилари «Компьютер оператори» касби бўйича мажмуада ўқитилиши белгиланган бўлсада бирорта ҳам ўқувчи келмаганлиги, ҳатто машғулот олиб борадиган ўқитувчи А.Н.нинг ўзи ишга келмаганлиги ва синфхона эшигига қулф осиб қўйилганлиги маълум бўлди.

Яккабоғ қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида 5 та касб бўйича («Компьютер оператори», «Шина монтаж», «Тикувчилик», «Қандолатчилик», «Ҳисобчи») ўқув ишлаб чиқариш мажмуалари ташкил этилган бўлиб, тумандаги 75,83,2,21,14-сонли мактабларнинг жами 583 нафар 10-11-синф ўқувчилари қамраб олинган. Мазкур таълим муассасаси дарс жадвалида 21-сонли умумий ўрта таълим муассасаси ўқувчиларига мажмуада ўқитилиши белгиланган ўқувчилар 2 соат ўқитилиб уйга жавоб бериб юборилган, шунингдек машғулот олиб борадиган ўқитувчилар Б.О. ва Р.М.ларнинг тақвим мавзулар режалари тасдиқланмаган», – дея таъкидланади хабарда​.

Шунингдек, Қашқадарё вилояти Косон туманидаги 22-умумтаълим мактабида «Полизчилик» касби бўйича машғулот олиб бориладиган хона касбга мос жиҳозланмаган, машғулотлар «Информатика» ўқув хонасида олиб борилаётгани аниқланган. Машғулот олиб борувчи усталар «Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини жиҳозлаш учун талаб этиладиган асбоб-ускуналар ва жиҳозлар рўйхати»ни билмаслиги, амалдаги қарордан мутлақо бехабарлиги айтилмоқда.

Таъкидланишича, мактабда ташкил этилган ўқув ишлаб чиқариш мажмуаси ўқув режасига мувофиқ белгиланган муддатларда ишлаб чиқариш амалиётларини ҳудуддаги корхона ва ташкилотлар ўтказиш учун, мактаб туман марказидан 65 км., вилоят марказидан 85 км. узоқликда жойлашганлиги учун ҳамкорликни йўлга қўйиш, тегишли амалиёт шартномаларини имзолаш борасида ҳанузгача бирорта иш қилинмаган.

Мавзуга оид