Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президент Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолади
Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилинган.
Қарор билан қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ташкилий тузилмаси;
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг марказий аппарати тузилмаси тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси бошқарув ходимларининг чекланган сони 242 нафар, шу жумладан, Монополияга қарши курашиш қўмитаси марказий аппарати бошқарув ходимларининг чекланган сони 75 нафар этиб белгиланди.
Монополияга қарши курашиш қўмитасининг раисига:
зарур ҳолларда, Монополияга қарши курашиш қўмитаси марказий аппаратининг тасдиқланган тузилмасига ўзгартиришлар киритиш;
Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бошқармалари тузилмасини тасдиқлаш;
бошқарув ходимларининг белгиланган умумий сони доирасида Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳудудий бошқармалари бошқарув ходимларининг чекланган сонини тасдиқлаш;
Монополияга қарши курашиш қўмитасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси бошқарув ходимлари мутахассисларининг қўшимча штат бирликларини киритиш;
малакали маҳаллий ва хорижий мутахассисларни ходимлар ва маслаҳатчилар сифатида жалб қилиб, уларга, истисно тариқасида, Монополияга қарши курашиш қўмитасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан иш ҳақи ва бошқа тўловлар миқдорларини белгилаш;
Монополияга қарши курашиш қўмитаси ходимлари учун, қонунчиликда назарда тутилган бошқа тўловлардан қатъи назар, Монополияга қарши курашиш қўмитасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан, улар эгаллаган асосий лавозими бўйича мансаб маошларига (тариф ставкаларига) устамалар ва бошқа рағбатлантирувчи тўловлар белгилаш;
халқаро амалиётдан ва бозор шароитларидан келиб чиққан ҳолда, Монополияга қарши курашиш қўмитасига юкланган вазифаларни амалга ошириш учун контракт асосида жалб қилинадиган малакали хорижий мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорини белгилаш ҳуқуқи берилди.
Белгилаб қўйилишича:
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг монополияга қарши курашишни тартибга солиш, рақобат муҳитини ривожлантириш, табиий монополиялар субъектлари фаолиятини назорат қилиш ва товар-хом ашё биржаларини лицензиялаш борасидаги барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;
Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўз ваколатларини барча давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси бош вазирига ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган алоҳида масалалар бўйича – бевосита Ўзбекистон Республикаси президентига бўйсунади ва ҳисобдор бўлади;
Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаолият соҳасига кирувчи масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда у билан келишилиши шарт;
мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча ташкилотларда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ваколатига кирадиган масалалар бўйича текширувлар тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли органни хабардор қилиш тартибида амалга оширилади ҳамда Текширувларни электрон шаклда рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олиниши шарт;
Монополияга қарши курашиш қўмитасининг раиси, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади, мақоми, тиббий ва транспорт хизмат кўрсатиш шароитлари бўйича тегишли равишда вазир, вазирнинг биринчи ўринбосари ва вазир ўринбосарига тенглаштирилади;
Монополияга қарши курашиш қўмитаси ходимларига нисбатан қайта ташкил этилган Давлат рақобат қўмитаси ходимлари учун назарда тутилган тиббий хизмат кўрсатиш тартиби сақланиб қолади;
Давлат рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари томонидан илгари берилган ҳужжатлар ва улар қабул қилган қарорлар ўз кучини сақлаб қолади ҳамда унинг қайта ташкил этилиши муносабати билан бекор қилинмайди ёхуд ўзгартирилмайди.
Монополияга қарши курашиш қўмитасига:
рақобат муҳитини ривожлантириш ва табиий монополиялар субъектлари фаолиятини назорат қилиш масалалари юзасидан амалга ошириладиган тадбирларга иқтисодий, молия, солиқ органлари ва бошқа органлар ходимларини жалб қилиш;
монополияга қарши сиёсат ва рақобатни муҳофаза қилиш соҳаларидаги қонун бузилиши ҳолатларини ҳамда уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан ижро этилиши мажбурий бўлган тақдимномаларни ўз ваколатлари доирасида давлат органлари ва ташкилотларига киритиш ҳуқуқи берилди.
Шундай тартиб ўрнатиладики, унга кўра 2019 йил 1 июлдан бошлаб хўжалик юритувчи субъектларнинг бирлашуви ва қўшиб олиниши бўйича битимлар, шунингдек, шахс ва шахслар гуруҳи томонидан хўжалик юритувчи субъект устав капитали (жамғармаси)даги акциялар (улушлар)ни сотиб олиш бўйича битимларга дастлабки розилик бериш учун энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдорида йиғим ундирилади.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда бюджетдан ташқари Рақобатни ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармаси ташкил этилади ва унинг манбалари қуйидагилар этиб белгиланади:
рақобат ва табиий монополиялар ҳақидаги қонунчиликни бузганлик учун ундирилган асоссиз олинган даромадларнинг суммаси;
рақобат, табиий монополиялар ҳақидаги қонунчиликни бузганлик ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси тақдимномаларини бажарилмаганлик учун Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан хўжалик юритувчи субъектлардан ва уларнинг мансабдор шахсларидан қонунчиликда белгиланган тартибда ундириладиган жарима маблағлари;
хўжалик юритувчи субъектларнинг бирлашуви ва қўшиб олиниши бўйича битимлар, шунингдек, шахс ва шахслар гуруҳи томонидан хўжалик юритувчи субъект устав капитали (жамғармаси)даги акциялар (улушлар)ни сотиб олиш бўйича битимларга дастлабки розилик бериш учун йиғимлар;
Жамғарма маблағларини тижорат банклари депозитларига қўйишдан олинган даромадлар;
халқаро институтлар ва ташкилотлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг грантлари маблағлари ва ҳомийлик хайриялари;
қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Белгиланишича, Жамғарма маблағлари:
Монополияга қарши курашиш қўмитасининг жорий харажатларини молиялаштиришга;
ходимларни моддий рағбатлантириш ва ижтимоий таъминлаш, шунингдек, улар томонидан турар жой сотиб олинишини имтиёзли молиялаштиришга;
Монополияга қарши курашиш қўмитаси раҳбарлари ва мутахассисларини ўқитиш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга;
жалб этиладиган хорижий мутахассислар фаолиятига, халқаро ва хорижий ташкилотларга ҳақ тўлаш чора-тадбирларини амалга оширишга сарфланади.