Жаҳон | 00:40 / 26.01.2019
43875
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ва Қирғизистон байроғини ўзгартириш таклиф қилинди

Қозоғистоннинг “Тожик-афғон чегарасида жанговар ҳаракатлар ва ҳарбий ихтилофлар фахрий иштирокчилари иттифоқи” ташкилоти раиси Мурат Мухамеджанов Қозоғистон байроғидаги қуёш ўрнига ойнинг тасвирини жойлаштиришни таклиф қилди. Бу ҳақда Nur.kz нашри хабар берди. 

Захирадаги подполковник нашр таҳририятига бу хусусда мактуб йўллаган. У байроқнинг рангини аввалгидек қолдиришни, бироқ қуёш тасвири ўрнига ислом дини рамзи сифатида ойни жойлаштиришни таклиф қилган.

“Туркийзабон давлатлардан фақат биз ва Қирғизистон ўз байроғида ой тасвирига эга эмасмиз, қолган барча туркийзабон давлатлар – Ўзбекистон, Туркманистон, Озарбойжон, Туркияда у бор, ваҳоланки бу давлатлар исломий эмас, балки дунёвий ва ҳуқуқий давлатлар мақомига эга. Биз санаб ўтилган давлатлар билан туркий кенгашга кирганимиз боис, фарқланиб туришимиз керакмас, деб ҳисоблайман. Бундан ташқари, биз умумий маданият ва урф-одатлар бирлаштириб турадиган туркий халқ тарихини билишимиз лозим”, деб ёзган собиқ ҳарбий.

Унинг таъкидлашича, ой туркий маданиятда катта аҳамиятга эга – янги ой чиқиши Рамазон ойи бошланиши ва тугашини кўрсатади. Бундан ташқари, мусулмонлар ой тақвими бўйича яшайдилар.     

Мурат Мухамеджанов Қирғизистонни ҳам ушбу таклифга амал қилиб, байроғида ой тасвирини жойлаштиришга чақирган.  

Мавзуга оид