Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Финал учун жанг: «кўк самурайлар» «форс шаҳзодалари»га қарши саф тортади
Футбол бўйича 2019 йилги Осиё кубоги ярим финал баҳслари бугун старт олади. Финалнинг дастлабки иштирокчиси Эрон Ислом Республикаси ва Япония миллий терма жамоалари ўртасидаги ўйинда аниқланади. Ярим финал баҳси Тошкент вақти билан соат 19:00да Ҳазза бин Зайд стадионида бошланади.


Тарих
Ушбу жуфтлик ўртасида кечадиган ўйин иккинчи ярим финал жуфтлиги (БАА ва Қатар) ўйинидан анча қизиқ ва муросасиз кечиши кутилмоқда. Осиёдаги энг кучли жамоаларнинг иккиси сўнгги бор 2015 йилда ўртоқлик учрашувида майдонга тушган ва томонлар муроса кўчасини танлаган.
Икки жамоа бунга қадар турли мусобақа ва ўртоқлик учрашувларида ўзаро 21 марта, Осиё кубогида эса 3 марта тўқнаш келган:
Эрон – Япония. 0-0. 1988 йил 4 декабрь.
Эрон – Япония. 0-1. 1992 йил 3 ноябрь.
Эрон – Япония. 0-0. 2004 йил 28 июль.
Эрон Осиё кубогини сўнгги марта 1976 йилда қўлга киритган. Япония эса 2011 йилда ушбу турнирда ғалаба қозонган.
Форслар кетма-кет учинчи Осиё кубогида ярим финал босқичига етиб келган ва бу йил улар 42 йиллик орзу томон катта шижоат билан майдонга тушиши аниқ.
Япония учун эса бу ўйин нафақат Осиё кубоги финалига қадам, балки авлодлар алмашинуви жараёнидаги миллий терма жамоани масъулият синовидан ўтказиш, Осиёдаги фаворитлик мақомини қайтариб олиш учун яхши имконият бўлиб хизмат қилади.

Икки жамоа жаҳон даражасида
Россияда ўтган Жаҳон чемпионатида Карлуш Кейруш шогирдлари Испанияга муносиб қаршилик кўрсатди. Португалия билан дуранг натижа қайд этди. Марокаш устидан ғалаба қозонди, бироқ гуруҳда қолиб кетди.
Жамоа нималарга қодир ва қандай жисмоний имкониятларга эга эканлигини айнан ўтган йилги жаҳон чемпионати давомида исботлади. Ҳозирда форслар ФИФА рейтингида 29 поғонани банд этган.
Япония эса ўз гуруҳида Колумбия, Польша ва Сенегал билан куч синашди. Япония Колумбияни мағлуб этди, Сенегал билан дуранг ўйнади ва Польшага кичик ҳисобда имкониятни бой бериб қўйди. «Кўк самурайлар» шу натижа билан гуруҳдан чиқишни уддалашди. Нимчорак финалда эса дастлаб Бельгияни ютаётган японлар ўйин охирида бироз тажриба етишмагани оқибатида 3:2 ҳисобида мағлуб бўлиб, мусобақани тарк этди.
Бугунги кунда Осиёнинг иккинчи жамоаси ФИФА рейтингида 50 ўринда турибди.

Легионерлар
Эрон жамоаси таркибида Евролигаларда тажриба орттирган ва тўп сураётган футболчилар анчагина. Сўнгги ўн йилликда форс футболчилари асосан Англия, Германия, Голландия, Португалия, Франция ва Россия лигаларида фаолият олиб боряпти.
Милад Муҳаммадий – «Ахмат» (Россия)
Муртазо Пуралиганжий – «КАС Эйпен» (Бельгия)
Умид Иброҳимий – «Ал Аҳли» (Қатар)
Карим Ансорифард – «Ноттингем Форест» (Англия)
Воҳид Амирий – «Трабзонспор» (Туркия)
Амир Обидзода – «Маритиму» (Португалия)
Саид Саман Ғоддос – «Амьенс» (Франция)
Маҳдий Торимий – «Ал Гарафа» (Қатар)
Алиризо Жаҳонбахш – «Брайтон энд Ҳоув Альбион» (Англия)
Сардор Азмун – «Рубин» (Россия)
Саид Мажид Ҳуссайний – «Трабзонспор» (Туркия)
Рамин Ризоиён – «Ал Шаҳания» (Қатар)
Форслар таркибида «Тракторсози» клуби аъзолари Маъсуд Шожаий (собиқ «Осасуна» клуби футболчиси) ва Ашкан Дежага (собиқ «Фулҳэм» ва «Вольфсбург» клублари футболчиси) каби тажрибали ўйинчилар ўйиннинг бориши, жамоадаги руҳиятга катта таъсир кўрсата олади.
Япония футбол мактаби ҳам мана неча йиллар давомида Евролигаларга иқтидорли футболчиларни етказиб бермоқда. «Кўк самурайлар»да авлодлар алмашинуви кечаётганлиги сабабли Синдзи Кагава, Макото Ҳасебе, Ҳироши Кийотаке, Кейсуке Ҳонда, Ацуто Учида, Эидзи Кавашима, Синдзи Оказаки каби таниқли футболчиларнинг ўрнини ёшлар эгаллаган.
Мая Ёшида – «Саутҳэмптон» (Англия)
Юто Нагатомо – «Галатасарой» (Туркия)
Ватару Эндо – «Сент-Труйден» (Бельгия)
Гаку Шибасаки – «Ҳетафе» (Испания)
Генки Харагучи – «Ганновер 96» (Германия)
Такуми Минамино – «Ред Булл» (Австрия)
Такаши Инуи – «Реал Бетис» (Испания)
Йошинори Муто – «Ньюкасл Юнайтед» (Англия)
Юя Осако – «Вердер» (Германия)
Такехиро Томиясу – «Сент-Труйден» (Бельгия)
Хироки Сакаи – «Марсель» (Франция)
Доан Рицу – «Гронинген» (Дания)


Мураббийлар
Карлуш Кейруш Эрон миллий терма жамоасини саккиз йил давомида жаҳон даражасида тенгма-тенг кураша оладиган жамоа сифатида шакллантирди.
Осиё кубогидан сўнг Колумбия терма жамоаси бош мураббий бўлиши кутилаётган Кейруш БААда ўтаётган мусобақа бош совринини қўлга киритиб, навбатдаги манзилга йўл олмоқчи.
Ўйин олдидан португалиялик мутахассис шундай фикр билдирган: «Муҳими бизда ажойиб жамоа ва ажойиб ўйинчилар бор. Биз ўзимизга ишонган ҳолда ўйнашимиз шарт. Жамоанинг қуроли бор, рақибдан эҳтиёт бўлишимиз, уларнинг кучли жиҳатларини назоратимиз остига олишимиз керак.
Саккиз йил, шунча талафот ва ўйинлардан сўнг олдимизда ярим финалда ажойиб жамоага қарши бир ўйингина қолган холос. Турли машаққат ва қийинчиликларни енгиб шу ерда турганимиздан хурсандмиз ва фахрланамиз. Бу ўйинчилар ва бутун жамоамиз учун фантастика».
Хажиме Мориясу авлодлар алмашинуви бошида турган мураббий сифатида масъулият синовидан ўтиш ёки ўта олмаслиги айнан шу ўйин билан боғлиқ. Чунки унга қадар Такеши Окада бошлаган, Заккерони ва Ҳалилҳожичлар давом эттирган япон футбол мактабининг бир декадалик авлоди алмашмоқда. Навбат эса Мориясуга келди.
Япония миллий терма жамоаси бош мураббийи Хажиме Мориясу эса шундай дейди: «Эрон – ҳам Осиё, ҳам ФИФА рейтингидаги юқори даражали жамоадир. Улар буни Осиё кубогида кўрсатиб келди. Биз ҳар бир рақибни ҳурмат қиламиз, лекин асосийси, бу ўз ўйинимизни кўрсатиш. Ўйинимиз максимал тарзда сифатли бўлиши керак. Умид қиламизки, биз буни ўйин давомида кўрсата оламиз.
Ғалаба учун тажовузкор ўйин зарур ва мен хоҳлайманки, ўйинчилар қўлидан келган барча ишни қилади».
Осиё Кубоги – 2019. Ярим финалгача йўл.
Минтақадаги принципиал рақиблари Ироқдан бошқа жамоаларга ҳеч қандай имкон қолдирмаган Эрон миллий терма жамоаси Осиё кубогини олиб кетиш учун келгани аниқлашиб боряпти. Дарвозабон Алиризо Бейранванд ярим финалгача ҳали дарвозасидан тўп олиб чиққани йўқ. Сардор Азмуннинг эса мусобақа тўпурари бўлиши учун имкони бор. Тўплар нисбати 12:0.
Эрон – Яман. 5-0.
Эрон – Вьетнам. 2-0.
Эрон – Ироқ. 0-0.
Нимчорак финал. Эрон – Уммон. 2-0.
Чорак финал. Эрон – Хитой. 3-0.
Эрон таркибида финалга шайланганлар орасида Сардор Азмун, Ашкан Дежага, Алиризо Жаҳонбахш ва Алиризо Бейранвандлар ярим финал ўйини қаҳрамонига айланиши мумкин.

Япония миллий терма жамоаси ярим финалгача ҳақиқий самурайлар йўлини босиб ўтди. Гуруҳда Туркманистон, Ўзбекистонни, сўнг плейоффда Саудия Арабистони ва Вьетнамни қийинчилик билан енгган японлар олдида жиддий тўсиқ турибди.
Япония – Туркманистон. 3-2.
Япония – Уммон. 1-0.
Япония – Ўзбекистон. 2-1.
Нимчорак финал. Япония – Саудия Арабистони. 1-0.
Чорак финал. Япония – Вьетнам. 1-0.
Япония терма жамоаси жисмоний жиҳатдан форслар билан тенг курашга чиқа олмаслиги мумкин, лекин ақлли ўйин билан форсларни ранжитса бўлади.
Ҳимояда Нагатомо ва Йошида, ҳужумда Осако ва марказда Мутонинг фаоллиги, тартибли ўйини Японияга ғалаба келтириши мумкин.

Мавзуга оид
23:22 / 21.04.2025
Осиё кубоги ғолиблари тантанали кутиб олинди — фото
15:51 / 21.04.2025
Президент ўсмирлар ўртасидаги Осиё кубоги ғолибларини унвон ва медаллар билан тақдирлади
11:57 / 21.04.2025
Жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этасиз, деб ишонаман — Шавкат Мирзиёев Осиё чемпионларини табриклади
00:22 / 10.04.2025