Light | 18:39 / 29.01.2019
135804
8 дақиқада ўқилади

Энг бой давлат раҳбарлари кимлар?

Фото: Politeka

Давлатлар раҳбарлари – президентлар, бош вазирлар, подшоҳларнинг ҳам ўз ҳаёти бор. Ҳар бир инсон сингари улар ҳам шахсий маблағларига эга. Давлат раҳбарлари орасида миллиардерлар ҳам талайгина.

Бугунги рўйхатни шартли равишда икки тоифага ажратиш мумкин. Биринчи тоифа вакилларининг бойликлари расман тан олинган, бу борадаги рейтингларга кирган, ўзлари ҳам шунча бойликлари борлигини рад этишмайди. Бундайлар одатда давлат бошқарувига киришгунларича катта миқдорда давлат орттиришга улгуришган ёки ҳокимият тепасидаги сулоланинг навбатдаги вакиллари бўлишади.

Иккинчи тоифа вакиллари ҳокимиятни ўз қўлларига олганларидан кейин бойлик орттирганлардир. Улар тасарруфидаги маблағлар ҳақида фақат тахминлар бор. Бундай давлат раҳбарларининг ўзлари одатда бу мавзуни изоҳламайди ёки рад этади.

Қуйидаги маълумотларни аниқ текшириш имкони йўқ, барчаси очиқ манбаларга асосланган.

8. Дональд Трамп, АҚШ. 3,1 млрд доллар

Фото: Politico

АҚШ президенти нафақат бойлигини яширади, балки зўр бериб кўз-кўз қилишни хуш кўради. У бир вақтлар 10 млрд доллар бойлиги борлигини эълон қилган. Ҳозирда президент учун мўлжалланган йиллик 400 минг доллардан бюджет учун воз кечиб, рамзий 1 доллар ҳақ олади. Трамп АҚШнинг энг бой президенти сифатида тарихга кирган.

Ҳозирда сўнгги маълумотларга кўра унинг тасарруфида 3 млрд доллардан кўпроқ маблағ жамланган.

7. Шайх Ол Соний, Қатар амири. 8-10 млрд доллар

Қатар амири, шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний бу давлатнинг тўртинчи амири ҳисобланади ва 2013 йилда отаси ўғли фойдасига тахтдан воз кечганидан кейин ҳокимият тепасига келган. Ўша пайтда 33 ёшда бўлган шайх энг ёш монарх ва энг ёш давлат раҳбарларидан бири эди. Турли маълумотларга қараганда, амирнинг бойлиги 8-10 млрд долларни ташкил қилади. Унинг бошқарувида Qatar Investment Authority гуруҳи жуда кўп соҳаларга инвестиция киритган.

6. Виллем-Александр, Нидерландия қироли. 12 млрд доллар

Фото: Marie Claire

Гарчи Нидерландия қироллигида конституцион монархия ҳукм сурса-да, мамлакатнинг еттинчи қироли Виллем-Александр Клаус Георг Фердинанднинг бойлигига ҳавас қилса арзийди. У 2013 йилда ўз онаси, қиролича Беатрикснинг тахтдан ўз ўғли фойдасига воз кечиши ортидан қиролга айланган. Халқаро майдонда ҳам қиролнинг нуфузи баланд.

5. Муҳаммад ибн Рашид Ол Мактум, Дубай амири. 5-30 млрд доллар

Дубай амири бир вақтда БААнинг вице-президенти, бош вазири ҳам ҳисобланади. Унинг ва улкан оиласининг бойлиги ҳақида турли маълумотлар бор. Айримларида амирнинг 5 млрд долларлик давлати ҳақида гапирилса, бошқа ҳисоб-китобларга кўра Ол Мактум ва оиласи 30 млрд долларлик бойликларни тасарруф этиши маълум қилинади. Нима бўлганда ҳам амир жуда бадавлат ва ўз амирлигининг бош шаҳри – Дубайни эртаклар ҳамда ҳашамат масканига айлантира олган.

4. Халифа Наҳайён, БАА президенти. 15-35 млрд доллар

Фото: John Stillwell — Pool/Getty Images

Кўпчилик Дубайни амирликларнинг пойтахти, бош шаҳри деб ўйлайди. Аслида ундай эмас, Дубай БАА энг гавжум, сайёҳлар энг кўп ташриф шаҳри бўлсада, давлат Абу-Даби шаҳридан туриб бошқарилади. Дубай амири Ол Мактум ҳам Халифа Наҳайёнга бўйсунади. Мамлакатнинг президенти бир вақтда Абу-Даби амири ҳамдир. Унинг бойлиги бўйича ҳам турли тахминлар бор – лекин амир энг камида 15 млрд эгасидир.

3. Ҳассан ал Болкиаҳ, Бруней султони. 30-35 млрд доллар

Фото: Ahim Rani / Reuters

Миттигина давлат султони бир вақтлар дунёнинг энг бой одами деган номни узоқ йиллар сақлаб турган. IT-технологиялар бойлари даврида ҳам Ҳассан ал Болкиаҳ ўзининг 30 млрд доллардан ортиқ бойлиги билан ҳамон етакчилардан бири бўлиб қолмоқда. Брунейда оғир жиноят қилганларга жазо тариқасида фуқароликдан чиқариш ва бадарға қилиш жазоси қўлланилади. Бу эса яйраб-яшнаб, ғам-ташвишсиз яшашдан маҳрум бўлмоқ демакдир.

Султоннинг умумий майдони 200 минг квадрат метрлик улкан саройи ва 6 минг донадан ортиқ қимматбаҳо автомобиллар жамланган автопарки мавжуд.

2. Салмон ибн Абдул-Азиз Ол Сауд, Саудия Арабистони подшоҳи. 40-50 млрд доллар

Фото:  AP / Yoan Valat

Саудлар сулоласининг навбатдаги вакили ихтиёрида ҳам улкан бойлик жамланган. Умуман, бу давлат подшоҳлари ҳеч қачон ўз бойликлари ва давлат бойлигини ажратиб ўтиришмаган. Араб давлатларининг норасмий етакчиси бўлган Саудия Арабистонининг халқаро майдонда ҳам нуфузи баланд. Салмон ибн Абдул-Азиз Ол Сауд сўнгги йилларда расман подшоҳ бўлсада, мамлакат бошқаруви тизгинини ўз ўғли, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад Ол Саудга топширган.

1. Елизавета II, Буюк Британия қироличаси. 35 - 75 млрд доллар

Фото: Reuters

Рамзий бўлса-да, нафақат Буюк Британия, балки Шимолий Ирландия, Канада, Янги Зеландия каби давлатларнинг ҳам раҳбари ҳисобланадиган Елизавета II ҳашамат ва бойлик рамзи бўлган Лондонда яшайди. Унинг оиласи ихтиёрида турли маълумотларга қараганда 35 - 75 млрд доллар мавжуд. Айрим нашрлар бу маблағни янада ошириб, қиролича ва унинг оиласи тасарруфидаги бойлик миқдорини 88 млрд деб кўрсатишади. Аниқ ҳисоб-китоблар йўқлигининг сабаби маълум. Чунки мамлакат ва доминионлардаги жуда кўп нарсалар рамзий бўлсада, расман қироличага тегишли ҳисобланади. Масалан, Темза дарёсида сузувчи барча оққушлар, шунингдек, давлат ҳудудидаги барча дельфинлар қиролича мулки эканлиги қонун томонидан мустаҳкамланган.

Қиролича ва унинг оиласининг харажатлари давлатга катта зарар келтиради, деб фикрлайдиганлар янглишадилар. Айнан шу оилага қизиқиш ортидан туризм ривожланиб, хазина ҳар йили тахминан 2 млрд доллар даромад кўради.

Юқоридагилар маблағлар миқдори аниқ ҳисобланган бўлмасада, расмий маълумотлардир. Аммо дунёда шундай давлатлар раҳбарлари ҳам борки, уларнинг бойлиги бўйича турли-туман ва тасдиқланмаган ахборотлар юради. Уларга ишонилса, Мисрнинг собиқ президенти Ҳусни Муборакда 75 млрд доллар бойлик бўлган. Аммо расман 800 доллар маош олган президент буни рад қилган.

Ливиянинг марҳум раҳбари Муаммар Қаззофийнинг эса 150-170 миллиард долларлик давлати борлиги тўғрисидаги маълумотлар тарқатилган. Бу борадаги саволларга Қаззофий «Менинг ўтовимдан бошқа бойлигим йўқ. Нимаики бўлса, барчаси халқимники» дея жавоб берган.

Аммо маълумотлар ва бундай тахминларнинг энг қизиғи Россия президенти Владимир Путин номи билан боғлиқ. Мухолифатчи экспертлар Путин ихтиёрида 200 млрд доллардан ортиқ маблағ жамланганини таъкидлашади. У бу бойликка «Сургутнефтегаз», «Газпром» каби йирик компанияларга ўз одамларини тайинлаш орқали эришгани айтилади.

Россия президенти кутилганидек бундай маълумотларга парво қилмайди. Интервьюлардан бирида у «энг катта бойлик мана шу халқим» дея таъкидлаган. Путин йилига расман 150 минг доллар маош олади. Солиқ декларациясига кўра, Россия президенти 1500 кв.м ер майдонига, 153 кв.м ва 77 кв.м ли иккита квартира, иккита гараж, «Волга» ГАЗ-21 ва «Нива» автомобилларига эга.

Фото: АР/ТАСС

Мавзуга оид: Уругвайнинг 2010-2015 йиллардаги президенти Хосе Мухика ўта камтарона ҳаёт кечириши билан ном қозонган. У президентлик маоши бўлган 12 500 АҚШ доллардан ўн фоизи – 1250 долларни ўз тирикчилиги учун олиб қолиб, қолганини хайрия учун сарфлаган. Президентлиги давомида энг катта хариди 1495 долларлик эски «Фольксваген Қўнғиз» автомобили бўлган. Давлат раҳбари бўлишига қарамай, президентлик саройларидан воз кечиб, пойтахт яқинидаги эски фермада яшаган.

Аброр Зоҳидов тайёрлади

Мавзуга оид