Тошкентда хорижга чиқиш паспортларини бериш билан боғлиқ аҳвол қандай?
2019 йил 1 январидан бошлаб Ўзбекистонда хорижга чиқиш учун 2 йиллик ОВИР стикерлари бериш тўхтатилди. Бунинг ўрнига фуқароларга қулайликлар тақдим этиш ҳамда оворагарчиликларга барҳам бериш, дунё тажрибасини Ўзбекистонда ҳам қўллаш мақсадида хорижга чиқиш паспорти жорий қилинди. Мамлакатнинг ўзида эса, босқичма-босқич фуқаро шахсини тасдиқловчи ID-карталар тизимига ўтиш белгиланди.
Kun.uz сайти республика ИИВ тизимидаги Миграция ва Фуқароликни расмийлаштириш бошқарма ҳамда бўлимларида янги хорижга чиқиш паспортини бериш билан боғлиқ ҳолат қайдаражада йўлга қўйилгани, фуқароларга бу борада кўрсатилаётган хизматлар сифатини ўрганишга қарор қилди. Дастлабки ўрганишларимиз Тошкент шаҳридан бошланди.
Қайд этиш ўринлики, Тошкент шаҳрининг 11 туманида фаолият юритувчи МваФРБларида янги намунадаги хорижга чиқиш паспортларини расмийлаштириш ҳамда 10 кундан кейин уни олиш мумкин. Даставвал, пойтахтнинг Олмазор тумани МваФРБ фаолияти билан танишдик.
Янги таъмирдан чиққан бинога киришингиз билан ишчанлик муҳити кўзга ташланади. Фуқароларга тартиб билан хизмат кўрсатилмоқда. Туман МваФРБ бошлиғи ўринбосари маълумот бериш нуқтасида навбатда, фуқароларни қизиқтирган саволларга жавоб бериш, анкеталарга имзо шу жойнинг ўзида амалга оширилмоқда. Бизга маълум қилишларича, бундай амалиёт шаҳарнинг барча туманларида тизимли равишда йўлга қўйилган.
Бинода фуқаролар учун янада қулайликлар тақдим этиш мақсадида уқалаш ўриндиқлари, ичимлик ва ширинликлар сотиладиган қурилмалар ўрнатилган. Ёш болалиларнинг фарзандлари учун махсус ўйин майдончалари ташкил этилган. Тўловларни жойида амалга ошириш учун банк шохобчалари хизмат кўрсатмоқда.
Видео: TasIX
Видео: Youtube
Шаҳарнинг Учтепа, Миробод, Яккасарой тумани ҳамда Тошкент шаҳар МваФРБда бўлиб, барча бўлимларда бирдек шароит барпо этилгани, бир хил намуна ва тизимда иш олиб борилаётганини таъкидлаш ўринли. Биз хорижга чиқиш паспортининг афзалликлари, унинг қийматига доир айрим саволлар билан Тошкент шаҳар ИИББ МваФРБ бўлим бошлиғи Санжар Қосимовга мурожаат қилдик.
«Тошкент шаҳар ИИББ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ҳамда унинг жойлардаги тизимларида фуқароларга қулайликлар яратиш ва уларни замон талабларига мос равишда қабул қилиш, хизмат кўрсатиш мақсадида чет элга чиқиш учун хорижга чиқиш паспортлари жорий қилинди. Шаҳарнинг ўзида 12та маълумотларни йиғиш пункти ташкил этилиб, ҳозиргача 14 мингга яқин фуқаролардан чет элга чиқиш паспортини беришга доир аризалар қабул қилинди», - дея маълум қилди Санжар Қосимов Kun.uz мухбирига.
Унинг сўзларига кўра, фуқароларга хизмат кўрсатишда узоқ навбатда туриб қолишларнинг олдини олиш мақсадида навбат талонлари жорий қилинган. Бунда паспорт олиш учун мурожаат қилган фуқарога қачон, қайси вақтда келишига доир навбат талони берилади. Бундан ташқари, ҳомиладор, ёш болали, ногирон ва кекса фуқаролар навбатсиз қабул қилиниши ҳам йўлга қўйилган.
Қосимов, шунингдек, янги хорижга чиқиш паспорти афзалликлари хусусида сўз юритар экан, паспорт жами 48 бетдан иборатлиги, унда биометрик маълумотлар жамланишини билдирди. Бундан ташқари, паспорт саҳифаларига Ўзбекистоннинг тарихий ва замонавий архитектураси намуналарининг суратлари туширилган.
Шу билан бирга, Қосимов паспортга белгиланган тўлов хусусида фикр билдириб, аввалги ҳолатда, фуқаро ҳар икки йилда хорижга чиқиш стикерини олишга тўғри келгани сабабли, ҳар сафар энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида бож тўлаган. 10 йил мобайнида 5 марта стикер олиши ҳисобга олинса, фуқаро тўлайдиган бож 2,5 бараварни ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, хорижга чиқиш паспортини олиш учун тўланадиган давлат божи энг кам иш ҳақининг 120 фоизини ташкил қилади (243 276 сўм). 16 ёшга тўлмаган шахсларга хорижга чиқиш паспортини бериш учун тўланадиган давлат божи энг кам иш ҳақининг 80 фоизини ташкил қилади (162 184 сўм).
Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган фуқаролиги йўқ шахсларга, шунингдек, 16 ёшга тўлмаган шахсларга хорижга чиқиш паспортини бериш учун тўланадиган давлат божи энг кам иш ҳақининг 100 фоизини ташкил қилади (202 730 сўм).
Янги паспорт тўқ қизил рангда ва 48та саҳифадан иборат. Уни олиш учун фуқаролар яшаш жойидаги ички ишлар бўлимига мурожаат қилиши, иш жойи, ўқиш жойи ёки маҳаллий бошқарув идоралари томонидан тасдиқланадиган анкета-аризани топшириши лозим бўлади. Шунингдек, 3,5х4,5 см ўлчамдаги фотосурат, паспорт нусхаси, ҳарбий бўлимдан маълумотнома (ҳарбий хизматга мажбурлар учун) ҳам тақдим қилинади. Паспорт 10 йил муддатга берилади.
Республика вилоятлар марказларидаги МваФРБнинг фуқароларга кўрсатаётган хизматига доир туркум мақолалар тез орада Kun.uz сайтида эълон қилинади.
Мавзуга оид
09:08 / 17.10.2019
Жиззах вилоятининг 4та туманида ҳам хорижга чиқиш паспортларини олиш мумкин бўлди
22:24 / 16.10.2019
Наманган вилоятида хориж паспортларини бериш пунктлари 5тага етказилди
20:19 / 16.10.2019
Сирдарё вилоятида хорижга чиқиш паспортларини бериш пунктлари кўпайди
12:00 / 29.07.2019