Жамият | 18:40 / 02.02.2019
30728
6 дақиқада ўқилади

«O‘ZBEKISTON POCHTASI» истеъмолчиларнинг табиий газдан қарздорлиги ошиб боришига яна бир сабабчими?

«Фойдаланилган табиий газ учун тўлов қилиш мақсадида почта филиалига келган эдим. Олдиндан кўпроқ тўлаб қўйсам, МИБдан эшигимни таққиллатиб келишганда хотиржам бўламан, дея уч миллион сўм олиб келдим. Қарангки, шу 3 миллион сўмни почта бўлинмаси орқали тўласам 60 минг сўм ортиқча тўлов қилишим керак экан – почта хизмати учун. Ана холос, дедиму шу 60 минг сўм кўзимга азиз кўриниб, пулимни беҳудага сарфлаб нима қиламан деган ўй билан уйга қайтяпман. Туман газ идораси ёки МИБга бориб тўлай десам, уйимдан анча олисда, йўлга ҳам шунча пул кетиб қолади. Ҳа, майли, нима ҳам қила оламан, МИБдан уйимга келишларини кутганим мен учун фойдалироқ экан. МИБдагилар ҳам бир кўринмаса, уч ойлаб кўриниш бермайди-да, ишқилиб унгача пулимни ишлатиб қўймасам бўлгани...»

Почта бўлинмасидан кайфияти бузилиб чиқиб келаётган нуроний отахоннинг афсус ила айтган гаплари диққатимни тортди ва бу масалани ўрганишга қарор қилдим.       

Ҳақиқатдан ҳам фойдаланилган табиий газ учун почта бўлинмалари орқали тўлов амалга оширилганда истеъмолчидан жами тўлов суммасининг икки фоизи миқдорда хизмат ҳақи олиб қолинар экан.

Почта бўлинмаси ходимасидан хизмат ҳақи ушлаб қолиш учун ҳуқуқий асоснинг мавжудлиги ҳақида сўраганимда, «O‘ZBEKISTON POCHTASI» АЖнинг Тошкент филиали раҳбари томонидан 2018 йил 15 февралда имзоланган 38-11-05/158-сонли топшириқ хатини тақдим этди.

Унда таъкидланишича, «O‘ZBEKISTON POCHTASI» АЖ ва «Ўзтрансгаз» АК ўртасида аҳолидан табиий газ тўловларини қабул қилиш хизматини кўрсатиш бўйича 2017 йил 7 июлда тузилган Бош келишувга мувофиқ, «O‘ZBEKISTON POCHTASI» АЖнинг ҳудудий филиаллари томонидан аҳолидан табиий газ қабул қилиш хизмати учун рағбатлантириш миқдори қабул қилинган суммадан 0,1 фоиз деб белгиланган. Бундан ташқари, «O‘ZBEKISTON POCHTASI» АЖнинг ҳудудий филиалларига табиий газ истеъмолчиларидан қабул қилинган суммадан уларнинг розилиги билан 2 фоиз миқдорда кўрсатилган хизмат учун комиссион харажатларни ундириш ҳуқуқи белгилаб қўйилган.

Ҳа энди бу ёғи бозор иқтисодиёти, кўрсатилган хизмат учун ҳақ олинса нима бўпти, дейсизми?... Бир ҳисобдан хизмат учун ҳақ олиниши нотўғри иш эмас, қолаверса ҳужжатда истеъмолчининг розилиги билан, деб қўйилган. Бироқ, унинг миқдори бугунги кунда пул ўтказмалари билан боғлиқ хизматларни кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектлар (UzCard, Payme, Click ва бошқалар) томонидан таклиф этилаётган миқдордан икки баробар қимматдир. Қолаверса, почта ходимлари бу хизматлар учун ҳақни истеъмолчиларнинг рози ёки рози эмаслигидан қатъи назар ундириб келишмоқда. Бир сўз билан айтганда, почта бўлими хизмати учун тўловнинг 2 фоизини тўлашни истамаган истеъмолчи тумангаз филиали ёки МИБга бориб тўлов қилишга мажбур бўлмоқда.   

Бу амалиёт ўз навбатида аҳолининг фойдаланилган табиий газдан қарздорлиги ошишига оз бўлса-да ўз «ҳиссаси»ни қўшмоқда. Кўпчиликка маълумки, жойларда, айниқса туман марказларидан олис бўлган чекка ҳудудларда почта бўлинмалари кўрсатилган коммунал хизматлар учун тўловларни амалга оширишнинг энг қулай воситаси ҳисобланади.

Масаланинг бошқа бир қизиқ томони диққатимни тортди. Қарангки, почта бўлинмасида фойдаланилган электр энергияси учун тўлов қабул қилинганда истеъмолчидан икки фоиз тугул, умуман ҳақ олинмас экан. Газга тўлов қилинганда икки фоиз ҳақ тўлаймиз, электр учун тўловни амалга ошириш эса бепул... Мантиқни топиб олишга бир оз ожизлик қилган бўлсам-да, хулоса қилиш учун яхши сабаб топдим: демак, почта бўлимида газ учун тўлов қабул қилинганда ҳам бепул хизмат кўрсатиш мумкин экан.

Балки, бу ҳолат замонавий ҳисоб-китоб ва тўлов тизимлари жорий этилган шаҳарлар аҳолиси учун муаммодек кўринмас. Бироқ, бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг табиий газ истеъмолчиси бўлган катта қисми ҳали ҳам ибтидоий тўлов усулларидан фойдаланишга мажбурдирлар.

Замон шиддат билан ўзгариб бораётган, ўзини оқламаган ҳар қандай тизим ва амалиётдан воз кечилиб, ижтимоий соҳани ривожлантириш ҳамда аҳолига хизматлар кўрсатиш сифати ва самарадорлиги муттасил оширилишига катта аҳамият берилаётган бир пайтда «O‘ZBEKISTON POCHTASI» АЖ ва «Ўзтрансгаз» АК ўртасида аҳолидан табиий газ тўловларини қабул қилиш хизматини кўрсатиш бўйича 2017 йил 7 июлда тузилган Бош келишувни қайта кўриб чиқиш вақти етмадимикин, деб ўйлаб қолдим...

Мазкур масала юқори инстанциялар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва «Ўзбекнефтегаз» АЖ томонидан биргаликда кўриб чиқилиб, фуқароларнинг манфаатларига мос қарор қабул қилинса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Дилшод Абдуқодиров

ҳуқуқшунос

Мавзуга оид