Спорт | 13:10 / 04.02.2019
9172
9 дақиқада ўқилади

Агуэронинг голлари «Арсенал»ни «кўмди». Аммо у учинчи голни қўл билан урди

Фото: Clive Mason/Getty Images

Кун Агуэронинг ҳет-триги Англия чемпионатининг 25-турида «Арсенал» устидан ғалабани таъминлади (3:1).

«Манчестер Сити» - «Арсенал» - 3:1 (2:1)
Голлар: Агуэро, 1 (1:0). Косьельни, 11 (1:1). Агуэро, 44 (2:1). Агуэро, 61 (3:1).
«Манчестер Сити»: Эдерсон, Уокер, Отаменди, Ляпорт, Де Брюйне (Маҳрез, 88), Фернандинью, Гундўған, Сильва, Бернарду Силва, Агуэро (Габриэл Жезус, 81), Стерлинг.
«Арсенал»: Лено, Лихтштайнер, Косьельни, Мустафи (Мавропанос, 79), Монреаль, Колашинац (Суарес, 66), Торрейра, Гендузи, Обамеянг, Ивоби (Рэмзи, 66), Ляказетт.
Огоҳлантиришлар: Торрейра, 40. Гундўған, 65.
Ҳакам: Аткинсон.
3 февраль. Манчестер. «Этиҳад стэдиум» стадиони.

Тўрт йил ғалабасиз
«Арсенал» охирги марта кучли олтилик вакилини АПЛ доирасида сафар учрашувида мағлуб этганидан буён тўрт йил вақт ўтди. Бу вақт ичида «Челси»да 5 марта бош мураббий ўзгарди, «Лестер» тарихий чемпионликни нишонлади, «Реал» қаторасига 3 марта ЕЧЛ ғолиби бўлди, «Арсенал»нинг ўзида ҳам мураббий алмашиб улгурди.

Қизиқ томони, тўрт йил аввал «Арсенал» айнан «Манчестер Сити»ни сафарда мағлубиятга учратганди. Ўшанда «шаҳарликлар» ҳозиргидек амбицияларга эгамасди, таркиб ҳам ҳозиргидек қудратлимасди, жамоани Мануэль Пеллегрини бошқарарди, Гвардиола эраси бошланишига ҳали 1,5 йил вақт бор эди.

Энди Пеп ва «Сити» Англиянинг амалдаги чемпионлари, «Арсенал»ни Унаи Эмери - Гвардиолани шу вақтга қадар ҳеч қайси чемпионатда бирор марта ҳам мағлубиятга учратолмаган мутахассис бошқармоқда. Якшанба кунги ўйингача баск мураббийи каталониялик рақибига қарши 11 учрашув ўтказган ва 7 марта мағлуб бўлиб, 4 бор дуранг ўйнаганди. Унда бундай ёмон кўрсаткич Диего Симеонега қарши ўйинларда қайд этилган: 5 дуранг ва 7 мағлубият.

«Мен кўплаб жамоалар ва мутахассисларни таҳлил қилганман. Гвардиоладан кучлироқ мураббийни топиш қийин. Унинг тажрибаси жуда катта. Биз бир вақтда бошлаганмиз, у «Барселона»нинг иккинчи жамоасида, мен «Лорка»да ва «Альмерия»да. Унинг жамоаси ўйинларини кузатиб, кўп нарса ўрганганман», деди Эмери Манчестерга сафардан олдин. У Гвардиоладан кўп нарса ўрганган бўлсада, унга қарши қандай ўйнашни ҳамон ўрганолмаган.

Чалкаш схемалар
«Этиҳад»даги ўйиннинг илк ўн дақиқасида кўпчилик кўп нарсани тушунмади. Биринчидан, жамоалар қандай тактикани танлаганини тушуниш мушкул эди, Гвардиола ҳам, Эмери ҳам уч марказий ҳимоячини майдонга туширганди. Аммо аслида бундай эмасди, Гвардиолани чалғитиш учун Эмери жамоани 4-4-2 схемасида майдонга туширди, Сиёд Колашинац чап қанот яримҳимоячисига айлантирилди. Эмери босниялик футболчига «Манчестер Сити»нинг ўйин услубидан ва Гвардиола бу ўйинга танлаган схемадан, таркибдаги футболчиларнинг функцияларидан келиб чиққан ҳолда вазифалар берганди. Аммо Гвардиола ҳаммани алдади, жумладан, испаниялик ҳамкасбини ҳам. У кутилганидек, 3-1-4-2 ёки 3-4-3 схемасида эмас, «Барселона»да муваффақият қозонган 4-3-3 схемасида ўйнашга қарор қилди. Пеп Фернандиньога жуда мослашувчан роль топширганди. Рақиб позицион ҳужумга ўтганида Фернандиньо марказий ҳимоячига айланди, «Ман Сити» тўпга эгалик қилганида эса бразилиялик футболчи таянч яримҳимоячи вазифасига қайтди ва майдон марказида қўшимча ишларни бажарди. Ортда фақат Отаменди, Лапорт ва Уокер қолди. 

Ташқаридан икки жамоа ҳам 3тадан марказий ҳимоячи билан ўйнаётгандек эди, аммо майдонда бундай бўлмади.

Гвардиола Эмерининг хаёлини аввалдан ўқий олди, «Арсенал» эса Пепнинг айёрликларига чора кўришга улгурмади. «Шаҳарликлар» «канонирлар»дан тактик жиҳатдан ҳам, руҳий жиҳатдан ҳам устун эди. «Арсенал» футболчиларининг тиззалари қалтираётгандек эди. Мартин Аткинсон ўйин бошлангани ҳақидаги ҳуштагини чалишидан 48 сония ўтибоқ Агуэро ҳисобни очди. Бу вазиятда Алекс Ивоби ўз жамоаси жарима майдони ҳудудида рақибни алдашга киришди, ундан тўпни олиб қўйган Эмерик Лапорт тўпни дарҳол Серхио Агуэрога узатди. 

Кўпчилик бир ойча олдин «Ливерпуль»га қарши ўйиндаги 1:5 ҳисоби такрорланишини тахмин қила бошлади. Ёддан чиқармаслик керакки, «Манчестер Сити» ўтган турда «Ньюкасл»га қарши ўйиннинг 1-дақиқадаёқ айнан Серхио Агуэронинг голи эвазига (26 сония) ҳисобни очган, аммо якунда 1:2 ҳисобида мағлуб бўлганди.

«Манчестер Сити» ҳужум қилишда давом этди, Агуэро лондонликлар жарима майдонида йиқилиб, пенальти сўради, аммо Аткинсон Мустафининг фолига эътибор қаратмади, Лапортнинг ўзи ҳам дарвозани ишғол қилди, аммо ҳакам бу вазиятда офсайд қайд этди. 

11-дақиқада «Арсенал» биринчи имкониятданоқ гол урди. Бурчак зарбаси амалга оширилганида, Начо Монреаль тўпни ўзидан қулайроқ вазиятда турган Лоран Косельнига етказди ва ҳисоб тенглашди.

Шундан сўнг, «Сити» ҳам эҳтиёткорроқ ўйнай бошлади ва ўйиндаги вазият тенглашди, бу статистикада ҳам акс этди. Биринчи бўлимда мезбонлар зарбалар бериш борасида катта устунлик қайд эта олишмади - 6:4 (аниқ зарбалар бўйича 5:2). Эмери жамоаси дуранг ҳисобда танаффусга йўл олмоқчи бўлиб турганида Гвардиола шогирдлари ўқув дарсликларига киритиш мумкин бўлган комбинация уюштиришди. Барчасини «ҳимоячи» вазифасидаги Фернандиньо бошлади, у олдинроққа чиқиб, таянчяримҳимоячиси ҳудудидан қанотга тўп узатди, у қанотдан бу қанотга олиб ўтилган тўп охири дарвоза қаршисида бўш қолдирилган Агуэрога тўп узатилиши билан якунланди. Мезбонлар «Арсенал» ҳимоячиларини ёш болаларга айлантиришди, «Арсенал» мухлисларида бу мавсумда ўнг қанот ҳимоясида Эктор Беллерин ўрнида ҳаракат қилаётган Стефан Лихтштайнерга саволлар кўп. 

Аргентинча қўл
«Арсенал» биринчи бўлимда нисбатан яхши ўйнади, аниқроғи рақиб шунга қўйиб берди. Иккинчи бўлимда эса «Сити» даҳшатли кучга айланди, «Арсенал»нинг ҳеч нарсага кучи етмай қолди, мезбонлар тўпни ва майдонни назорат қилишди. Иккинчи бўлимда дарвозага зарбалар бўйича кўрсаткич - 13:0 кўринишини олди. «Канонирлар»га шунчаки ҳужум учун ғоялар етишмади, Эмери жамоаси жуда кучсиз прессинг уюштирди. АПЛнинг иккинчи тўпурари бўлиб турган Пьер-Эмерик Обамеянгга тўп «Ливерпуль» билан ўйиндагидан кўпроқ теккан бўлсада, у Эдерсон дарвозасига хавф сололмади.

Иккинчи бўлим давомида Агуэро учинчи голни ҳам урди. Яна тўп Лихтштайнернинг қанотидан дарвоза соҳасига узатилди ва Агуэро орқали дарвозага йўналди. У ҳет-трик билан фахрланиши... шу билан бирга уялиши мумкин. Такрорий лавҳаларда кўриндики, аргентиналик футболчи тўпни Бернд Лено қўриқлаётган дарвозага елкаси билан эмас, қўли билан киритиб юборган. Агар АПЛда тизими жорий этилганида, Аткинсон бу голни бекор қилган бўларди.

Ўйиндан кейин Агуэро голни қўли билан урганини тан олди.

Мерси дарёси соҳилидаги фанатлар эса Мартин Аткинсонга ғазабларини сочишмоқда. Бу ҳакам ўтган даврада «Вест Ҳэм» ва «Ливерпуль» ўйинини бошқарган, ўшанда ҳам мерсисайдликлар зарарига қарорлар қабул қилганди.

«Арсенал» ҳакамнинг хатосини тўғрилай олмади, қолаверса на жисмоний ва на эмоционал куч қолганди. Ўйиннинг охирги 20 дақиқасида ўйин фақат бир томонга бўлди, Лено эса яна бир неча марта жамоасини голлардан қутқариб, ҳисоб йирик кўриниш олишига йўл қўймади. «Манчестер Сити» бу ғалаба эвазига ҳали 25-тур ўйинини ўтказмаган «Ливерпуль» (Клопп шогирдлари бу турда «Вест Ҳэм»га қарши ўйнайди) билан орадаги фарқни 2 очкога қисқартирди, «Арсенал» «Челси» ва «МЮ»ни олдинга ўтказиб юбориб, олтинчи ўринга тушиб кетди.

Мавзуга оид