Ўзбекистон | 13:16 / 07.02.2019
19275
5 дақиқада ўқилади

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати​ қандай ташкилот бўлиши керак? Акмал Бурхонов билан эксклюзив интервью

Сўнгги кунларда Ўзбекистоннинг замонавий дипломатик юзи ўзгариб, ривожланиб бормоқда. Шу билан бирга мамлакатда жамоатчилик ташкилотлари, хусусан нодавлат нотижорат ташкилотлари фаоллашаётгани кузатилмоқда. Биз айни кунларда ташкил этилган «Юксалиш»​ умуммиллий ҳаракати​ раҳбари, Олий Мажлис Қонунчилик  палатаси депутати Акмал Бурхонов билан шу ҳақда  суҳбатлашишга қарор қилдик.

—​ Сизни депутат, «Тараққиёт стратегияси» маркази собиқ раҳбари сифатида таниймиз. Эндиликда «Юксалиш»​умуммиллий ҳаракати раҳбарисиз. Бу вазифаларда фаолият юритиш қийинчилик туғдирмаяптими?

—​ Бу соҳаларда ишлаш мен учун биринчи навбатда —​ фахр. Сабаби Олий Mажлис депутатлиги, «Тараққиёт стратегияси»​ маркази ва «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раҳбарлиги ҳам тайинланадиган эмас, сайланадиган лавозимлар саналади. Қамров доираси кенг, чегараланмаган бўлганлиги учун бу иш менга ёқади. 

Хоҳ жамоатчилик, хоҳ қонунчиликда бўлсин, кенг оммага юртимизда бўлаётган ислоҳотларни етказиш, тушунтириш ва экспертлик муҳокамаларида қатнашиш, шу орқали одамларга ёрдам бериш асосий вазифалардир. Айниқса, яқин икки йил ичида таклифларнинг, муаммоларнинг чуқурроқ кўриб чиқилаётганлиги, мен билан бирга ишлаган жамоалар билан кўтарган масалаларнинг бефарқ қолдирилмаётганлиги сабаб ҳам ишимда қийинчилик сезмайман.

— ​Юртимизда охирги пайтларда «​Тараққиёт​ стратегияси»​ маркази, Buyuk Kelajak экспертлар кенгаши каби нодавлат ташкилотлар сони ортмоқда. Булар сафига «Юксалиш»​ умуммиллий ҳаракати ҳам қўшилди. Бу ҳаракатнинг пайдо бўлиш тарихи, мақсад ва вазифалари билан таништирсангиз.

—​ Бу ҳаракат ҳам сиз санаган нодавлат ташкилотларнинг таъсирида ва уларнинг мақсадларидан келиб чиқиб пайдо бўлди.  Беш йиллик Ҳаракатлар  стратегияси қабул қилингандан сўнг уни жамоатчиликка яқиндан таништириш мақсадида «Тараққиёт стратегияси»​ маркази ташкил этилганди ва фақатгина Тошкент шаҳридa ўз офисига эга эди. Buyuk Kelajak​ экспертлар кенгаши эса олий маълумотли хориждаги нуфузли ташкилотларда фаолият юритаётган 250дан ортиқ ватандошимизни қамраб олган. 

Аммо миллионлаб  хориждаги юртдошларимиз: талабалар, мигрантлар ва уларнинг муаммолари, ислоҳотларга муносабатларини эшитишнинг имкони йўқ эди. Ана шуларни ҳисобга олиб, Ўзбекистон ривожи учун ҳисса қўшмоқчи бўлган ҳар қандай соҳа вакиллари ташаббусини қабул қиладиган, сиёсий руҳдан холи бўлган «Юксалиш»​ умуммиллий ҳаракати Президентимиз томонидан 17 январь куни тасдиқланди.

—​ Ташкилот олдига қандай режаларни қўйган?

—​ Энг асосий мақсадимиз —​ ислоҳотлардан барчани бирдек хабардор қилиш. Чеккароқ ҳудудлардаги аҳолига етказиш, қизиқиш уйғотиш ва ҳаракатга келтириш. Шу билан бирга, уларнинг таклифини, муаммоларини эшитадиган ва муҳокама қиладиган майдонни яратиб бериш ва шу орқали давлатга ишончини мустаҳкамлаш. Давлат дастурлари лойиҳалари қабул қилинаётганда фуқаролардан 2017 йилда 1300, 2018 йилда 4000га яқин, 2019 йилда 4200дан ортиқ таклифлар келиб тушди. Бу рақамлар бутун Ўзбекистон аҳолиси сонидан анчагина паст ва таклифларнинг аксари ижтимоий тармоқлар орқали келган. Мақсадимиз қишлоқ ва маҳалла аҳолисига давлат дастури лойиҳаларини етказиб, уларнинг таклифини  маҳаллий кенгаш, халқ депутатлари кенгаши, Республика ёки Президент даражасида ҳал қилиб бериш.

—​ Демак, тепадан пастга ва пастдан тепага тамойили асосида ишлайсизлар?

—​ Худди шундай. Халқдаги муаммоларни топиб ҳал қилиш ва давлат миқёсидаги ислоҳотларни тушунарли тилда халққа, чет элдаги ҳамюртларимизга ҳам етказиш.

—​ Бу борада хориждаги ҳамюртларимиз билан боғлиқ қандай режаларингиз бор?

—​ Японияда таҳсил олиб, ишлаб келганим боис дастлаб япониялик дўстларим билан хорижлик ватандошларимизга яқин бўлиш ва бирлашиш борасида фикр алмашдик. Март ойида «Ўзбекистон – Япония дўстлик ҳамжамияти»​ни ташкил қилишни режалаштирдик. Ҳозирга қадар ҳам «Ёшлар»​, «Битирувчилар»​ ассоциацияси​ мавжуд. Бизнинг мақсадимиз эса четдаги ҳар бир ўзбекистонликни қамраб олиш ва Ўзбекистонга қизиқиш билдирганларга юртимиз ҳақида тўлиқ маълумот бериш.

Япониядан келиб чиқиб бошқа давлатларда ҳам бизнесменлар, маблағ ажратишга қурби етадиганлар билан биргалашиб, ихтиёрий шундай марказларни ташкил этиб, биздаги янгиликлардан уларни хабардор қилиб уларнинг таклифларини қабул қилмоқчимиз.​

Интервьюни тўлиқ Mover ёки Youtube'да томоша қилишингиз мумкин.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди.

Мавзуга оид