Жамият | 14:35 / 11.02.2019
32333
5 дақиқада ўқилади

Пахтачидаги абгор йўл ёхуд Самарқанд вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармасининг «ажойиб» хати

Kun.uz сайтида республиканинг турли ҳудудларидаги абгор кўчалар ҳолати юзасидан аҳоли мурожаатлари асосида мунтазам мақолалар эълон қилиниб борилмоқда.

Таҳририятга шундай мазмундаги навбатдаги мурожаат Самарқанд вилоятидаги Пахтачи тумани «Қувондиқ» ва «Сардоба» маҳаллалари аҳолисидан келиб тушди.

Ушбу мурожаатни ўрганиш мақсадида Пахтачи туманига йўл олдик. Аҳолининг таъкидлашича, ушбу маҳаллалар ўртасидан ўтган кўча жуда абгор ҳолатга келиб қолган ва бир неча йиллардан буён таъмирланмасдан қолмоқда.

Ўрганишимиз давомида ушбу кўчанинг ҳолатини кўздан кечирдик.

Ҳақиқатан ҳам кўчанинг аҳволи ачинарли. Катта ўйиқ ва чуқурларга тўла йўл ёғингарчилик туфайли лой ва балчиққа айланган. Бу эса аҳоли ва автомобиллар қатновига ноқулайлик туғдирмоқда.

Ушбу ҳудудда 6-умумий ўрта таълим мактаби жойлашган. Эрта тонгдан мактабга йўл олган ўқувчилар лой йўлдан қийналиб юришмоқда. Лой кечиб, мактабга етиб борган ўқувчилар мактабга киришдан аввал ариқдаги совуқ сувга қўллари совқотиб пойабзалларини ювишга мажбур. Акс ҳолда, лой оёқ кийим билан мактабга киритилмайди.

Кўчанинг икки томонида жойлашган «Қувондиқ» ва «Сардоба» маҳаллалари аҳолиси кўча таъмирланишини сўраб туман, вилоят мутасаддиларига мурожаат қилишган. Аммо бу муаммо бир неча йиллардан буён ижобий ҳал этилмай келинмоқда. Ёки фақат жавоб хатлари билан чекланмоқда.

Шу ўринда Автомобиль йўллари давлат қўмитаси Самарқанд вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармасидан мурожаатчига келган жавоб хатлари эътиборимизни тортди.

Ушбу бош бошқарма бошлиғи Қ.Ҳасанов имзоси билан 2018 йил 12 сентябрда мурожаатчига юборилган 8-130-сонли жавоб хатида «Қувондиқ» маҳалласи ҳудудида жойлашган умумфойдаланувдаги йўлни таъмирлаш 2019 йил I чорагида жорий таъмирлаш маблағлари ҳисобидан Пахтачи ТЙФУК томонидан таъмирланиши билдирилган.

Аммо 2019 йил I чорагининг ярми ўтаяпти ҳамки амалий ҳаракатлардан дарак йўқ.

Энди мурожаатчига Автомобиль йўллари давлат қўмитаси Самарқанд вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармасидан келган 2019 йил 25 январдаги 01-14/180-сонли иккинчи жавоб хатига эътибор қаратинг. Шу ўринда хат баёнини ўз ҳолича келтириб ўтамиз. Хулоса ўзингиздан.

«Сизнинг 2019 йил 24 декабрь куни Самарқанд вилоят ҳокимига Ишонч телефони орқали йўллаган «2019 йил дастурга киритилган маҳалла ҳудудидаги авотомобиль йўлини таъмирланмаётганлигидан норозилик тўғрисида»ги 1067-TL/19-сонли мурожаатингиз жойида бориб ўрганилди.

Мурожаатда кўрсатилган Пахтачи туманидаги 4к-562 «М-37 автойўлидан-Султонобод-Абдиамин» маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўли бўлиб, узунлиги 14,0 км ни ташкил қилади. Пахтачи туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси балансидаги автомобиль йўли ҳисобланади.

Тайлоқ тумани ҳудудидаги 4к-562 «М-37 автойўлидан-Султонобод-Абдиамин» маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўлини асфальтлаш ишларини жорий таъмирлаш маблағлари ҳисобидан, ажратилган маблағ доирасида бош бошқармамиз таркибидаги Пахтачи ТЙФУК томонидан босқичма-босқич таъмирлашини маълум қиламиз», – дейилади хатда.

Ушбу хатдан кўриниб турибдики, бош бошқарма учун 2019 йил 24 декабрь «эрта келган» кўринади. Қолаверса, дастлаб Пахтачи тумани деб бошланган хат кейин Тайлоқ туманига «айланиб» қолгани тушунарсиз. Бош бошқарма ходимлари хатни тайёрлаш жараёнида хатога йўл қўйган бўлса, бош бошқарма бошлиғи Қ.Ҳасанов ушбу хатни имзолаётганда ўқиб кўрмаганми? Ёки ўқиб кўрган бўлса, эътибор қилмаганмикан? Хулосалар етарлича.

Муҳими, ушбу жавоб хатлари орқали мазкур кўчанинг таъмирланиш масаласига етарлича жавоб олдик.

Айни вақтда «Қувондиқ» ва «Сардоба» маҳаллалари аҳолиси ҳамон ушбу кўчанинг таъмирланишидан умидвор. Уларнинг қўлларида эса «тушунарсиз» жавоб хатларидан бошқа натижа йўқ.

Kun.uz сайти вилоят ва туман мутасаддиларининг ушбу масалага эътибор қилишига ишонч билдиради ҳамда воқеалар ривожини кузатиб боради.

Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид