Ўзбекистон | 17:44 / 13.02.2019
3983
2 дақиқада ўқилади

Босма нашрларнинг мажбурий бепул нусхаларини тарқатиш кўриб чиқилади

Босма маҳсулотлар ҳамда даврий босма нашрларнинг мажбурий бепул нусхаларини камайтириш кўриб чиқилмоқда​. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги​ ахборот хизмати тарқатган хабарда айтилади.

​«Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 февралдаги қарори ҳамда 2019-2020 йилларда ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантириш дастурига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Вазирлар Маҳкамаси  ва Адлия вазирлиги босма маҳсулотлар, шунингдек, даврий босма нашрларнинг мажбурий бепул нусхаларини олувчи ташкилотлар рўйхати ва нусха тарқатиш тартибини қайта кўриб чиқади», ​–​ дейилади хабарда. 

Айни чоғда қонунчилик асосида тузилган рўйхатга кўра, умумий ҳисобда 43 та давлат идораси ва ташкилотига 71 та босма маҳсулот ҳамда рўйхат асосида 25 та идорага 84 донадан газета ва журнал мажбурий бепул тарқатилади. Бунда мажбурий бепул бериладиган босма маҳсулотлар матбаа корхоналари ва нашриётларнинг ўз ҳисобидан амалга оширилади.

«Бу борада хориж тажрибаси ўрганилганда Россияда 16 та, Швецияда – 8 та, Финляндияда – 7 та, Норвегияда – 5 та, Полшада – 11 та, Чехияда – 17 та, Болгарияда – 22 та, Италияда – 5 та, Португалияда – 12 та, Хитой ва Мексикада – 1 та,  АҚШда – 2 донадан асосан миллий ахборот-кутубхона муассасаларига бепул мажбурий нусхалар берилиши аниқланди», – дейилади агентлик ахборотида​.

Маълум қилинишича, ОАВнинг электрон турлари оммалашгани ҳамда нашриёт, таҳририят ва матбаа корхоналарини қўллаб-қувватлаш мақсадида Агентлик томонидан мажбурий бепул нусхаларни тарқатиш тартибини  қайта кўриб чиқиш таклиф этилган. Даврий нашрлар ва китоб маҳсулотларига эҳтиёжи бўлган ташкилотлар уларни обуна бўлиш орқали олишлари мумкин бўлади.​

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид