Light | 23:09 / 14.02.2019
51079
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги учун муҳим “топилма” бўлиши мумкин бўлган сув ўсимлиги (соҳа ходимлари эътиборига)

Ҳайвонларни боқиш соҳасидан сал бўлса-да хабари бор киши бу сув ўсимлигининг таркибини эшитиб ҳайратда қолади. Аввало шуни айтиш керакки, қуритилган ҳолатда унинг таркибида табиий шароитда 30%, махсус шароитда етиштирилганда 45% (!)гача оқсил мавжуд бўлади. Алмаштирилмайдиган аминокислоталар (аргинин, лизин) миқдори бўйича эса бу ўсимлик  маккажўхоридан юқори туради. Бундан ташқари таркибида ёғлар, углеводлар, клетчатка, аспараг ва глютамин кислоталари, фитостеринлар, флавоноидлар, дитерпеноидлар, каротиноидлар, ароматик ва ёғ кислоталари, фософолипидлар, азотли бирикмалар, тритерпен бирикмалар, ошловчи моддалар бор. Таркибида яна полисахаридлар, сулфолипидлар, муҳим микроэлементлардан бром, йод, фосфор, кальций, кремний, магний, мис, темир, цинк, марганец, кобальт, никель, титан, ванадий, радий, цирконий ва ҳатто олтин, витаминлардан В группаси, А, РР, Е мавжуд.

Танишинг – Кичик ряска (Lemna minor ) Araceae оиласига мансуб кўп йиллик юксак сув ўсимлиги бўлиб, сув юзасида сузиб ўсади. Lemna minor органик моддаларга бой ҳар қандай кўлмак сувларида ўсиб кўпаядиган, совуқ ва иссиқ ҳавога чидамли доривор сув ўсимлиги хисобланади. Lemna minor нинг барглари ва илдизчалари мавжуд бўлиб, асосан вегетатив йўл билан кўпаяди. Ўсимликнинг катталиги 5-6 мм ни ташкил этади. Ряска фотосинтез жараёнида кўп миқдорда кислород ажратиб чикаради ва сув ҳавзаларини тозалашдаги роли ҳам юқори.

Илмий адабиётларда келтирилишича, ўтган асрнинг 70-йилларида ўтказилган тажрибалар натижасида Ўзбекистон шароитида бу ўсимлик бир гектар майдонда 260 тоннагача ҳосил бериши мумкинлиги кўрсатилган. 

Ряскани етиштириш учун саёз кўлмаклар, бўш ётган кўллар, дарё ирмоқлари, сунъий ва табиий ҳовузлардан фойдаланса бўлади. Ҳосил ҳафтасига икки марта йиғиштирилиб олинади. Қуритиб олиб сақлаб қўйса бўлади. Сув устида қалин қатлам ҳосил қилади ва шу билан зараркунанда ўтларнинг ривожланишига йўл бермайди. Юқори биомасса олиш учун сувга минерал ёки маданий ўғитлар меъёрида ташлаб турилади. Шу билан бирга яхши натижага эришиш учун уни назорат қилиб туриш, ҳосилни ўз вақтида йиғиб олиш лозим. Бу ўсимликнинг оптимал ўсишини, юқори ҳосил беришини таъминлайди. Уни ҳўл ҳолида ҳам, қуритилган ҳолида ҳам ҳайвон, парранда ва балиқларга берса бўлади.

Қуйидаги видеолавҳада ряскани механизациялаштирилган етиштирувини кузатиш мумкин:

Оқар сув ряскани кўпайтириш учун ярамайди. Унинг табиий ўсиш жойлари – турган сувлар. Оқим тезлиги 0.1 см/сек.дан ошмаслиги керак. Кўлмакнинг чуқурлиги энг камида 20 см. бўлиши лозим. Шу билан бирга сув тошиб кетмайдиган жой бўлиши керак, зеро унда сув билан қўшилиб ювилиб кетади.

Илмий адабиётларда ва интернет маълумотларида келтирилишича ряска халқ табобатида кўп йиллардан бери доривор ўсимлик сифатида бир қанча касалликларни даволашда фойдаланиб келинмоқда. Ряска яллиғланишга қарши ва оғриқ қолдирувчи восита сифатида қўлланилади. Настойкаси оғиз бўшлиғи ва юқори нафас йўли касалликларини даволашда кенг фойдаланилади. Теридаги ок доғларни (витилиго) йўқотишда, йирингли яраларни даволашда қўлланилади. Бундан ташқари қалқонсимон без касалликларини даволашда йодга бой ўсимлик сифатида ишлатилади.

Ряскани етиштириш осонлиги, деярли харажатсиз эканлиги, шу билан бирга у ўта сифатли озуқа эканлигини хамда доривор ўсимлик сифатида кўплаб касалликларни даволаш мумкинлигини ҳисобга оладиган бўлсак, мамлакатимизда уни етиштириш катта потенциалга эга.

 ЎзР ФА Ботаника институти илмий ходимлари томонидан Lemna minor ни кўпайтириш усуллари ишлаб чиқилган ва олиб борилган тажрибалар натижасига кўра бу ўсимликни қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари, ўтхўр балиқлар, паррандалар иштиёқ билан истеъмол қилиши исботланган.

 Холмурадова Тўтигул Нафосовна, ЎзР ФА Ботаника институти,
Микология ва альгология лабораторияси катта илмий ходими,
биология фанлари номзоди.

Шокир Шарипов, Kun.uz мухбири 

Мавзуга оид