Жамият | 19:55 / 16.02.2019
26608
3 дақиқада ўқилади

«Меҳрли музлатгич»лар сони ортмоқда

Январь ойида Тошкентда катта қизиқишларга сабаб бўлган «Меҳрли музлатгич» ҳақида хабар тарқалганди. Эндиликда «Меҳрли музлатгич»лар сони яна биттага кўпайди. Бу музлатгич Гемотология ва қон қуйиш илмий-текшириш институти ҳудудидан жой олган.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

 

Оққон, камқонлик (анемия) билан оғриган беморлар даволанадиган бу муассасага республиканинг турли бурчакларидан беморлар келишади. Муолажалар узоқ вақт давом этгани ва катта маблағ талаб қилгани учун кўп ҳолларда беморнинг яқинлари моддий қийинчиликларга учрашади. Бундай вақтда ҳар қандай ёрдам катта аҳамият эга. Ижтимоий тармоқларда «Саховат» номи билан иш бошлаган ва бугунги кунда Имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази қошида фаолият юритаётган «Меҳрли қўллар» лойиҳаси ташкилотчилари юқоридаги ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда навбатдаги «Меҳрли музлатгич»ни айнан оққон хасталиги билан оғриган беморлар учун Гемотология ва қон қуйиш илмий-текширув институти ҳудудига жойлаштиришди.

«Фаолиятимиз давомида 400дан ортиқ беморларга ёрдам бердик. Кўп ҳолларда кўмак сўраб мурожаат қилган беморларга керакли дори-дармон маҳсулотлари ҳамда касалхона харажатларини қоплаб берамиз. «Яна қандай етишмовчилигингиз бор?», деган саволимизга жавоб беришмайди. «Шундоқ ҳам дори-дармон олиб бердинглар», деб ийманишади. Шунинг учун «Меҳрли музлатгич» ўрнатилди. Энди улар керакли маҳсулотлардан бемалол фойдаланишлари мумкин», дейди Имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази қошида фаолият юритаётган «Меҳрли қўллар» лойиҳаси ташкилотчиси Баҳром Алимов.

Касалхона ҳудудидан жой олган «Меҳрли музлатгич» кунига бир марта «Меҳрли қўллар» лойиҳаси ташкилотчилари ва бошқа кўнгиллилар томонидан керакли озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдирилмоқда.

«Беморларимиз узоқ муддатли даволаниш жараёни ҳам руҳан, ҳам моддий жиҳатдан чарчашади. Организм касаллик билан курашиши учун эса улар витаминларга бой, янги маҳсулотлардан тайёрланган таомларни тановул қилишлари муҳим. Ишлатиладиган дори-дармон маҳсулотлари қиммат бўлгани сабабли тўғри овқатланиш иккинчи даражага тушиб қолади. «Меҳрли қўллар»нинг «Меҳрли музлатгич»и юқоридаги муаммоларни бартараф қилишга катта ёрдам берди», Гемотология ва қон қуйиш илмий-текшириш институти бош ҳамшираси Жўраева Шоҳида.

Яхши инсонларнинг эзгу амали ифодаси бўлган «Меҳрли музлатгич» кўплаб кам таъминланган ва ёрдамга муҳтож оилаларга беминнат хизмат қилмоқда. Бундай музлатгичлар сони кўпайишига сиз хам ўз ҳиссангизни қўшишингиз мумкин. Бунинг учун телеграм ижтимоий тармоғида Mehrliqo’llar манзилига ёки 983074777 рақамига мурожаат қилишингиз мумкин. 

Мўътабар Хушвақтова

Мавзуга оид