Ўзбекистон | 15:50 / 21.02.2019
40016
2 дақиқада ўқилади

Раҳмонбек Усмонов қарори юзасидан суриштирув бошланди

2019 йил 20 февраль санасида Юнусобод туманида жойлашган «Олой»​​ бозорига яқин ҳудудда дарахтлар кесиб ташланаётгани ҳақидаги хабар Тошкент шаҳар ҳокимлигига келиб тушган ва бу бўйича тегишли суриштирув ўтказилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири. 

«Ҳокимликда ушбу масала бўйича ишчи гуруҳи тузилиб, ўрганиш ишлари олиб борилди. Тезкор тадбир натижасида Экология​ ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш шаҳар бошқармасининг давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесиш юзасидан чиқарган хулосасига мувофиқ, кўрсатма тақдим этилгани маълум бўлди», — деб маълумот берди ҳокимлик ахборот хизмати. 

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг хабар беришича, кўрсатмага асосан, Юнусобод туман ҳокими Раҳмонбек Усмонов томонидан 2019 йил 18 февралда тасдиқланган дарахт кесишга рухсат бериш тўғрисидаги туман ҳокимининг қарори мавжуд. 

«Қарорга кўра, Юнусобод тумани Абдулла Қодирий ва Олой бозори берк кўчалари оралиғидаги 6 туп соғлом эман дарахтларини буталашга, 1 туп эман дарахти тўлов эвазига кесилишга рухсат берилган», — дея қўшимча қилинади шаҳар ҳокимлиги ахборотида.

Юнусобод тумани Ободонлаштириш бошқармаси ҳайдовчиси Сунатилла Мадиёровнинг айтишича, бошқарма ходимлари шох-шаббаларни буталаган, аммо дарахт кесиш билан шуғулланмаган. Бошқа ҳайдовчи эса топшириқ бўйича «ўтинларни ортиб  кетган»ини билдирди. ​

Таъкидланишича, мазкур иш юзасидан ҳуқуқ-тартибот органлари тегишли суриштирувни бошлаган.

Мавзуга оид