Иқтисодиёт | 15:00 / 21.02.2019
52738
13 дақиқада ўқилади

Мулк ҳуқуқини ҳимоялаш ва мустаҳкамлаш учун нималар қилмоқ керак? - Эксперт фикри

Тураржойларнинг бузилиши каби сўнгги вақтларда тобора долзарблик касб этаётган муаммо мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишдек умумий муаммонинг фақатгина бир қисмидир, дейди иқтисодчи Юлий Юсупов ўзининг Kun.uz учун ёзган мақоласида.

Агар биз замонавий, цивилизациялашган жамият қуришни истасак, мулк ҳуқуқини ҳимоялашнинг самарали тизими ҳамда мулкдорларнинг лаёқатли синфини яратишимиз керак бўлади. Уларсиз ҳуқуқий давлат, демократик институтлар ва бозор иқтисодиёти барқарор фаолият кўрсатиши имконсиз.

Кўпчиликнинг наздида, мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш гарчи «тўғри» бўлса-да, «реал ҳаёт»дан йироқ бўлган аллақандай абстракция. Аллақаёқдаги «Ғарб»да бу ишлаши мумкин, лекин биз бошқа воқеаликда яшаймиз ва биз бунга етишишимиз учун эҳ-ҳей… Ёки ҳаттоки мана бундай ёндашув ҳам бор: мулк ҳақидаги гап-сўзлар бойваччаларга керак, ўғрилик ортидан орттирган бойликларини сақлаб қолиш учун. Яқиндагина қишлоқ хўжалигига тааллуқли бўлмаган ерларни хусусий мулк қилиб бериш ҳақдаги қарорларга реакцияларни ёдга олайлик: «биз ҳали бунга тайёрмасмиз», «ер — муқаддас нарса, уни хусусий қўлларга топширмаслигимиз керак».

Аслида, мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш — абстракция эмас, аксинча, конкрет ва амалий субстанция бўлиб, у нафақат бадавлат инсонларга, балки барчага тааллуқлидир. Буни эса инсонлар ўз ҳуқуқ ва манфаатларига тўғридан-тўғри дахл қилинганидагина англаб етишади.

Бу эса ҳар ерда, деярли ҳар куни содир бўлмоқда. Масалан:

  • Тураржой биноларини бузишмоқда ва у ерда истиқомат қилаётган одамларни квартираларидан мажбуран чиқаришмоқда (кўпчилик учун бу ўзлари эга бўлган асосий мулкдир);
  • Мулкдан фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқини тартибга солувчи ижара шартномаларига терс ўлароқ, тадбиркорлардан майдонлар, фермерлардан ерлар тортиб олинмоқда;
  • Фермерлар фақат маълум бир турдаги маҳсулот етиштириш ва етиштирилган маҳсулотни давлатга паст нархларда сотишга мажбурланмоқда (бу ерда ердан ва етиштирилган маҳсулотдан фойдаланиш ҳуқуқлари бузилмоқда);
  • Ўз маҳсулотини эркин сотишни тақиқлашмоқда, масалан, яқиндагина мева-сабзавотлар экспорти билан бўлганидек (экспорт квоталари, фақатгина давлат компаниялари орқали экспорт қилиш, ундан паст сотишни тақиқловчи чекловчи нархлар ўрнатилиши);
  • Бизнес ҳамкорлар шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажармайди, масалан, қарзларни ўз вақтида қайтармайди, етказиб берилган маҳсулотга ҳақ тўламайди (ҳуқуқ-тартибот ва суд тизими эса жабрланган томонни умуман ёки яхши ҳимоя қилмайди);
  • Қарзни қайтариш, зарарларни қоплаш ва шу каби суд қарорлари йиллар давомида ижро этилмайди.

Кимдир ўзини мен ёлланма ишчиман, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари бузилиши менга дахл этмайди, деб ўйласа адашади. Жуда дахл қилади-да! Мамлакатда бизнес юритиш рисклари ва харажатлари қанчалик юқори бўлса:

  • бизнес шунчалик ёмон ривожланади, бинобарин, камроқ ишчи ўрин яратилади, камроқ маош ва солиқ тўланади (солиқлар эса, биласиз, жамият учун фойдали ишларга сарфланади: таълим, тиббиёт ва пенсиялар каби);
  • маҳаллий ишлаб чиқарувчилар қимматроқ ва сифатсизроқ маҳсулот ишлаб чиқара бошлайди, бу эса маҳаллий харидорларга ўз салбий таъсирини кўрсатади;
  • мамлакат иқтисодиётига (ҳам миллий, ҳам хорижий) инвестициялар киритилиши камаяди, бу эса иқтисодиётнинг ўсиш суръатлари ва барча фуқароларнинг турмуш даражасига акс таъсир кўрсатади.

Бундан ташқари, тартибга солинмаган (яъни, моҳиятан реал эгаси бўмаган) мол-мулк, мулк ҳуқуқидан самарасиз фойдаланилади. Хўжасиз ташкилотлар (бу эса бизнинг жамики давлат корхоналаримиз ва гарчи формал жиҳатдан хусусий бўлса-да, давлат томонидан назорат қилинадиган корхоналаримиз) талон-тарож этилади. Ўзини вақтинчалик ишчи ҳис қилган фермерлар қисқа вақт ичида ердан имкон қадар кўпроқ нарса «суғуриб» олишга ҳаракат қилади ва инвестиция киритмайди, тупроқнинг ҳосилдорлигини оширишга уриниб ҳам ўтирмайди. Натижада, йилдан-йилга қишлоқ хўжалиги ерлари ҳосилдорлиги пасая боради. Авлодларимизга тупроқ ўрнига қум қолдириш хавфи юзага келади.

Бугунги кунда Ўзбекистон жаҳоннинг энг қашшоқ давлатлари орасидан ўрин олган. Бу ерга қандай тушиб қолдик? Бунинг сабаби жуда кўп. Асосий сабаб — биз мулк ҳуқуқини ҳимоялашнинг таъсирчан тизимини ярата олмадик.

Нима учун бизда мулк ҳуқуқи бу қадар ёмон ҳимояланган, уни ҳимоялаш ва мустаҳкамлаш учун нималар қилишимиз керак? Асосий сабаблар ва зарур чора-тадбирлар қуйидагилардир:

Биринчи сабаб. Мулк ҳуқуқини амалга ошириш ва ҳимоялашнинг аниқ юридик процедуралари мавжуд эмаслиги. Бизнинг норматив базамиз (қонунлар, қонуности ҳужжатлари) хусусий шахслар эмас, аввало, давлат манфаатларини ҳимоялашга, шунингдек, амалдорларнинг коррупцион даромадлар олишига қаратилган. Мана шу ердан зиддият ва чигаллик келиб чиқади. Мана шу ерда хусусий шахслар ва тадбиркорларга мулк ҳуқуқини амалга ошириш ва ҳимоя қилиш бўйича масалаларни ечишда асқотадиган процедуралар ишлаб чиқилмагани кўзга ташланади.

Масалан, қуйидаги ҳолат мутлақо ҳаққоний. Эски кўпквартирали уйни бузишга, унинг ўрнида янгисини қуришга тайёр бўлган қурувчи бор. Эски уй квартира эгаларининг жамоавий (улуш асосида) эгалигида фойдаланилмоқда. Мулкдорларнинг катта қисми (айтайлик, 90 фоизи) қурувчининг (товон пули тўлаш, янги турар жой олиб бериши ва ш.к.) таклифларига рози. Қолганлар рад этмоқда. Нима қилиш керак? Бундай ҳолатлар учун пайдо бўлган муаммони ҳал этадиган аниқ ҳуқуқий процедуралар бўлиши шарт. Лекин бизда бундай процедуралар йўқ. Биз бундай масалаларни мансабдорлар ўз ихтиёрига кўра ечишига кўникиб қолганмиз. Мана шу ердан бошбошдоқлик ва мулк ҳуқуқини поймол этиш келиб чиқмоқда.

Ёки бошқа бир мисолни олайлик. Кўплаб давлатларда самарасиз фойдаланилаётган қишлоқ хўжалиги ерларини эгасидан олиб қўйишга изн берувчи қоидалар мавжуд. Лекин бу ҳолда:

  • ердан самарасиз фойдаланиш критерийлари аниқ ва бир маъноли қилиб қонунчиликда акслантирилган;
  • ерни олиб қўйиш ҳақидаги қарорни фақатгина суд чиқариши мумкин;
  • ер эгасига товон пули тўланади.

Бизда эса қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни олиб қўйиш ва қайта тақсимлаш аниқ ва батафсил процедуралар ҳамда ердан фойдаланувчининг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қолиш имконияти бўлмагани ҳолда мансабдорларнинг хоҳиши ва зўравонлиги билан амалга оширилмоқда.

Бундан қандай хулосага келиш мумкин? Биз норматив базани хусусий жисмоний шахслар ва юридик шахслар мулк ҳуқуқини амалга ошириш ва ҳимоя қилиш (эгалик қилиш, тасарруф этиш ва фойдаланиш ҳуқуқлари билан бирга) имкониятини яратиш предметига радикал ревизиядан ўтказишимиз керак. Бунда ўзаро мулкдорлар ўртасида ҳамда мулкдорлар ва давлат ўртасида пайдо бўладиган зиддиятли масалаларни ечиш механизми ҳам яхшилаб ўрганилиши керак.

Иккинчи сабаб. Иқтисодиётни бошқаришнинг маъмурий-буйруқбозлик амалиёти сақланиб турилгани. Мансабдорларнинг мулк ҳуқуқини поймол этишга изн берадиган яккаҳокимлиги иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаётга маъмурий аралашув амалиётига асосланган.

Нега ҳокимлар фермерларнинг ери ва ҳосилини тортиб олиши мумкин? Чунки худди совет давридагидек ёки ҳаттоки феодализм давридагидек, ҳанузгача давлат бизнинг қишлоқ хўжалигимизни бошқариб келмоқда. Фермерларга ер бўлиб берилади, улар бу ерларда пахта ёки ғалла етиштиришади, шундан сўнг улар фойда қиладими ёки зарар кўрадими — фарқи йўқ — давлат томонидан ўрнатилган нархларда сотишга мажбур. Ҳокимларнинг асосий вазифаси — Тошкент томонидан ўрнатиб берилган режа топшириқларининг бажарилишини таъминлаш. Ҳокимларда топшириқни бажариш учун иқтисодий воситалар йўқ. Улар фақат маъмурий воситаларга эга ва улар шундангина фойдаланишади. Яъни, фермер бошқа экин экмаслигини назорат қилади, милиция ёрдамида ҳосилни тортиб олади (жумладан, режадан ортиқчасини ҳам), «ишёқмас» фермерлардан ер тортиб олинади, вақти-вақти билан фермер хўжаликлари бўлинади ёки йириклаштирилиб турилади, муваффақиятли фермерларга зиён кўрган фермерларнинг (бунақалар жуда кўп, чунки зиён кўриладиган маҳсулот етиштирилмоқда) қарзларини ёпиш мажбурланади. Шунинг учун пахта ва ғаллага давлат мажбурий буюртмаси бекор қилинмагунча, фермерларга тадбиркорлик эркинлиги берилмагунча биз аграр секторда мулк ҳуқуқини ҳеч қачон ҳимоя қила олмаймиз. Фермерлар ва давлат имзолайдиган 50 йиллик ижара ҳақидаги шартномалар ҳам қуруқ қоғоз бўлиб қолади.

Бинобарин, бизга қуйидагилар сув ва ҳаводек зарур:

  • Давлатнинг иқтисодиётдаги роли ва функциясини тубдан қайта кўриб чиқишга, хўжалик жараёнларини тартибга солишнинг маъмурий усулларидан фойдаланишдан воз кечишга йўналтирилган маъмурий ислоҳот;
  • Мажбурий давлат буюртмалари амалиёти бекор қилинадиган, деҳқонларни ердан эркин фойдаланиш ва ўз маҳсулотларини эркин тасарруф этиш ҳуқуқларини ҳимояловчи аграр ислоҳот;
  • Бугунги кунда самарасизлик, коррупция ва монополизмнинг асосий сабабчилари бўлаётган давлат корхоналарини хусусийлаштириш.

Учинчи сабаб. Ерни хусусий мулк қилиб олиш имконияти йўқлиги. Ерга нисбатан хусусий мулк институтининг жорий этилиши оддий инсонлар ва тадбиркорларга ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун муҳим база яратилишига, ердан фойдаланиш самарадорлиги ошишига сабаб бўлар эди.

Бироқ, шуни тушуниш керакки, хусусий мулкнинг формал эълон қилиниши унинг ҳақиқатда ҳам пайдо бўлишини англатмайди. Аввалги икки пунктда тилга олиб ўтилган (яъни, мулк ҳуқуқини амалга ошириш процедураларини тартибга солиш ҳамда иқтисодиётни маъмурий тартибга солишдан воз кечиш) масалаларни ечмасдан, ерга нисбатан ҳар қандай хусусий мулк даъвоси осонгина уйдирмага айланади.

Бошқа томондан, токи ернинг хусусий мулк қилиб бериш жараёни бошланмас, янги мулкдорлар жамоат дискуссиялари, депутатларга сўровлар, президентга шикоят, кўплаб суд жараёнлари доирасида ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилмас экан, шу онгача мулк ҳуқуқини ҳимоялашнинг реал механизмлари пайдо бўлмайди. Фақатгина мулкдорларнинг ўзи ўзининг фаол фуқаролик позицияси орқали ҳокимиятни мулк ҳуқуқини ҳимояловчи ҳуқуқий ва сиёсий институтларни шакллантиришга мажбурлай олади.

Шунинг учун ҳам қишлоқ хўжалигига дахлдор бўлмаган, ҳам қишлоқ хўжалигига тааллуқли бўлган ерларнинг хусусий мулки институтни шакллантириш, шунингдек, ерни хусусийлаштириш жараёнини бошлаш жуда муҳим. Бу жараёнлар Ўзбекистонда ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга тайёр мулкдорларнинг кучли ва катта синфи пайдо бўлишига туртки бўлади. 

Тўртинчи сабаб. Тийиб туриш ва қарама-қарши туриш механизмлари ишининг ёмонлиги ёки мутлақо йўқлиги, мулк ва битимларнинг суд орқали ҳимоя қилиш тизимининг самарасизлиги. Юқорида кўрсатиб ўтилган муаммолар ҳокимиятларнинг (қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд) мавжуд бўлиниш механизмларининг самарасизлигига, қарорлар қабул қилишнинг марказлаштирилиш даражаси жуда юқорилигига, фуқаролик жамияти институтларининг, мустақил ОАВнинг кучсизлиги ва ривожланмаганига жудаям боғлиқ. Мустақил ва самарали қонун чиқарувчи ва суд ҳокимияти органлари, фуқаролик жамияти, ОАВ мулк ҳуқуқини ҳимоялашнинг таъсирчан қоидалари яратилишига қайғуриши, фуқаролар ва бизнесни мансабдорларнинг зўравонлигидан ҳимоялаши керак. Лекин амалиётда бундай бўлмаяпти, бўлса ҳам аҳён-аҳёнда, истисно тарзида рўй бермоқда.

Биз мавжуд демократик институтларни (ҳозирча улар кўпроқ имитацион институтлар) реал моҳият билан тўлдириш устида катта ишларни амалга оширишимиз керак. Бунинг учун қуйидагилар зарур:

  • Юқорида тилга олиб ўтилган маъмурий ислоҳот ва унга қўшимча равишда қарорлар қабул қилишнинг марказлаштирилишидан халос этиш;
  • Суд ислоҳоти;
  • Сиёсий ислоҳот (вакиллик ва ижро этувчи ҳокимиятлар ўртасида функциялар ва ваколатларнинг аниқ-тиниқ тақсимланиши ва қайта тақсимланиши, партиявий қурилиш, сайловлар, маҳаллий ҳокимият органларининг аҳолига бўйсуниши ва ҳ.к);
  • Фуқаролик жамияти институтлари ва мустақил оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш.

Шундай қилиб, мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва уни мустаҳкамлаш борасида олдимизда жуда катта ишлар турибди. Биз ҳали бу йўлнинг энг бошидамиз. 

Мавзуга оид