Жаҳон | 19:36 / 26.02.2019
9391
2 дақиқада ўқилади

Татаристонда беморни тез ёрдам машинасигача трактор ковшида етказишга тўғри келди

Фото: Набережные Челны Life/ВКонтакте

Татаристондаги қишлоқлардан бирида яшовчи, гипертоник криз сабабли тез ёрдам чақиртирган аёлни тез ёрдам машинасигача трактор ковшида етказишга тўғри келди. Гап шундаки, тез ёрдам машинаси беморнинг уйигача йўл қордан тозаланмагани сабабли етиб бора олмаган.

Бу ҳақдаги хабар “Вконтакте” ижтимоий тармоғидаги Region116.dtp.official пабликида жойлаштирилган. Хабар муаллифи тез ёрдам машинаси бемор уйигача боролмаганидан аччиқ билдирган. 

“Шундай воқеа ҳақиқатан ҳам Биябаш кишлоғида юз берди. 66 ёшли бемор аёл шифохонага олиб кетилиши керак эди. У йўли ҳали қордан тозаланмаган қишлоқ чеккасида яшаган”, деб айтилган хабарда.

Маълум қилинишича, тез ёрдам фельдшери йўлни қордан тозалашни бошлаган тракторчидан вазият жиддийлиги сабабли аёлни трактори ковшида тез ёрдам машинасигача етказишни сўраган. 

“Айни вақтда аёл шифохонага ётқазилган. Унинг аҳволи барқарор”, деб маълум қилинган республика соғлиқни сақлаш вазирлигида.

Мавзуга оид