Light | 20:11 / 27.02.2019
12911
5 дақиқада ўқилади

Мактуб ҳақида Цвайгга мактуб 

«Жаноб Цвайг! Сиз бу мактубни ҳеч қачон ўқимаслигингизни мен, албатта, онгли равишда идрок этаман. Лекин барибир бу мактубни ёзишга қарор қилдим. Ёзмасам бўлмасди. Ёзишга ундаган нарса сизнинг «Нотаниш аёлнинг мактуби» асарингиз (мулоҳазаларимни мактуб тарзида ёзишга ҳам айнан асарнинг ёзилиш услуби сабаб бўлди, эҳтимол).

1920-1922 йиллар мобайнида ёзилган «Нотаниш аёлнинг мактуби» (Brief einer Unbekannten) новеллангизда кучли драматизм сезилади. 

Бу драматизмнинг ҳаққонийлигига биринчи жаҳон урушидан кейин одамларда туғилган бепарволик, «фақат бугун яша» кайфияти пайдо бўлишига ҳам асос бўлса, ажабмас. 

Асарда битта марказий персонаж мавжуд (асар номидан келиб чиққан ҳолда, унинг шахси номаълум), фабула ҳам айнан унинг тақдирини акс эттиради. Шахс психологиясининг энг ичкари, энг нозик чизгилари муҳаббатнинг ҳеч ким аниқ билмайдиган, айни вақтда ҳаммага жуда таниш ранглари билан чизилган. 

Балки бу асар психоаналитик Зигмунд Фрейд билан кўп мулоқотда бўлганлигингиз маҳсулидир. 

13 ёшли қизчанинг 25 ёшли йигитга бўлган ва умрининг охирига қадар давом этган муҳаббати чизилган асарни турк тилига таржима қилган Аҳмад Жамол уни «Муҳаббат психологияси» деб атайди. Бир камбағал қиз ўзидан 12 ёш катта, ўз назарида мукаммал бўлган қўшни йигитга меҳр қўяди (фикримча, отаси йўқ, онасидан меҳр кўрмаган қиз хаёлан ўзининг нажот фариштасини яратади ва айнан ўша йигит тимсолида уни кўради).

Ҳали кичкина қизалоқ бўлганида ҳам, дуркун қиз бўлиб етишганда ҳам, кўча-кўйда ошиқлари билан етаклашиб юрганда ҳам, маҳбубининг фарзандини дунёга келтиргандан сўнг ҳам, йигит (Р. исмли ёзувчи) уни танимади, нигоҳларини ҳис этмади. 

Ўз муҳаббатига фақатгина жисм эҳтиёжини қондириш истагини кўрсатувчи жавобни олди. 

«Мен сен учун ҳатто исмсиз эдим. Мени бир неча сониягагина кўрган хизматкоринг Жон ҳам мени таниди ҳатто, аммо сен танимадинг. Бунинг ўрнига менга – болалигидан борлиғини сенга бахшида этган, ўзинг ҳам танимайдиган фарзандинг онаси бўлган аёлга пул тиқиштирдинг...»

Бир ўринда қаҳрамонингиз кейинги тақдирини (ўқувчи учун ҳеч кутилмаган тарзда) қуйидагича баён қилади:

«Ўзимни сотдим. Фоҳиша ёки кўча қизи бўлганим йўқ, лекин ўзимни сотдим.

Буни сен учун, болам учун қилдим...

Фарзандимда сенинг тимсолингни кўрардим, шунинг учун унинг ҳеч нарсадан зориқмай, бекаму кўст яшашини истадим...

Танам фақат сенга тегишли эди, лекин сен мени севмадинг. Энди баданим нима бўлиши менга қизиқ эмасди...» 

Тўғри, бизнинг дунёқарашларимиз мутлақо фарқли. Сиз ғарб одамисиз, мени эса шарқ тарбиялаган. Европалик ва осиёликнинг нуқтаи назарлари кесишмаслиги табиий.

Лекин, кечирасиз, ўз муҳаббатига эриша олмаслик, севгилиси томонидан тан олинмаслик, жавобсиз туйғулар танани сотиш учун асос бўла олмайди. Ҳеч бир жамият, ҳеч бир ақидада. Агар жавобсиз муҳаббат бу учун асос бўла олганда Ер юзидаги аёлларнинг жуда, жуда ҳам кўпчилиги фоҳиша бўлиб кетар эди. 

Аёл бутун ҳаётини битта мактубга сиғдириб, ҳамма гапни севгилисига билдиради. Лекин на исми, на манзилини ошкор қилади. Маҳбубига на хатосини тузатишга, на барчасини ўзгартиришга имкон беради. Ва мовий ваза бўш қолади... Бу жуда оригинал жазо. Бундан муносиброғини ўйлаб топиш қийин.

Асар мутолаасидан сўнг асабийлашдим, жаҳлим чиқди. Лекин қоғоз қоралаган шахснинг мақсади ҳам аслида шу-ку: ўқувчида салбий бўлсин, ижобий бўлсин – эмоционал тўнтариш ҳосил қила олиш. Агар ўқувчи бефарқ қолса, ҳеч нарсани ҳис этмаса, бу асар учун ҳам, муаллиф учун ҳам ҳақиқий фиаско. Сиз эса мақсадга эришдингиз. Табриклайман».

Китобхон
Стефан Цвайг​, «Нотаниш аёлнинг мактуби»​

Мавзуга оид