Light | 21:47 / 04.03.2019
23110
6 дақиқада ўқилади

«Иблис синдроми»​га Достоевский ташхиси 

«Иблислар»​ асари нафақат рус, балки жаҳон адабиётининг «ўқилиши керак бўлган»​ асарлар рўйхатига киритилган. Нега? Бу саволга жавоб излаб, мутолаани бошладим.  

Иккита «семизгина»​ китобдан иборат асар дастлаб ўта зерикарлидек туюлади. Рус адабиётининг 19-асрдаги руҳи, шунингдек, Достоевскийнинг дастхати яққол сезилади: руҳияти ўта юпқалашиб қолган персонажлар, «оҳ-воҳ»​ли суҳбатлар, кулранг-қора бўёқларда чизилган сюжет, тушкунлик кайфияти.

Лекин асар тарихий аҳамиятга эга, унда 19-асрдаги инқилоб оқимининг дастлабки тўлқинлари тасвирланган. Рус интеллигенцияси орасидаги радикал ҳаракатлар, сиёсий фикрлар қарама-қаршилиги акс этган.

Асар фабуласига асос бўлиб, 1869 йилда содир бўлган ҳодиса – талаба Ивановнинг Нечаев томонидан ўлдирилиши хизмат қилган.

Сергей Нечаев XIX аср революционери, нигилист. «Халқ жазоси»​ (Народная Расправа) радикал оқими етакчиси. У жамиятдаги тартиб-қоидаларни бузишга ҳаракат қилган, атрофидагиларни ҳам шунга даъват этган. Кичик гуруҳлар тузиб, тартибсизлик келтириб чиқаришга ҳаракат қилган. Унинг ғоялари кейинчалик нечаевчилик ҳаракати орқали ёйилади.

«Ҳар қандай давлатчилик шаклини ва давлатчилик анъаналарини таг-томири билан йўқотиб юбора оладиган инқилобгина халққа ёрдам беради», —​ деган эди Нечаев.

Асарнинг марказий персонажи Петр Степанович Верховенский Сергей Нечаев прототипи асосида гавдаланади. У «доҳиёна қобилиятлар эгаси»​. У аслида нечталиги ўзидан бошқа ҳеч кимга маълум бўлмаган бешлик дасталар тузиб, «Ерни ўз ўқидан чиқаришга»​ интилади. Даста аъзолари Липутин, Виргинский, Лямшин, Толкаченка, Шигалевнинг (реал ҳаётда Нечаев, Успенский, Прыжов, Кузнецов ва Николаев) ҳар бири ғоянинг асл моҳиятини теран англамаса-да, унинг амалга ошиши учун жаҳд қилади.

Верховенский, Шатов, Криллов ва Ставрогин персонажлари энг зиддиятли шахслар. Уларга ҳаракатнинг қандай кечиши муҳим эмасдек туюлади, лекин барчаси ўша ғоя учун хизмат қилади.

Ставрогинда жамиятга бепарволик ҳисси ҳукмрон. Шатовда эса буткул апатия – атрофга бефарқлик. Криллов эса ғирт мизантроп – у жамиятдан нафратланади, бу тузумдан халос бўлиш йўли сифатида ўлимни кўради. Буларнинг барчаси асардаги «иблис синдроми»​​нинг алоҳида симптомлари»​.

Асарда тасвирланган радикал ҳаракатнинг бутун моҳияти «бешлик»​ аъзоларидан бирининг нутқида намоён бўлади: «булардан кўзланган мақсад, ижтимоий асабларни мунтазам ларзага солиш, жамият ва унинг барча тизимларини мунтазам издан чиқариш эди, ҳаммани саросимага солиш ва барча нарсаларни бўтқага айлантириш эди.

Лиқирлаб омонат бўлиб қолган, битта ҳукмрон йўлчи ғояга чексиз ташна жамиятни бирдан қўлга олиш, бешлик дасталар тармоғига таянган ҳолда исён байроғини кўтариш эди»​.

«Иблислар»​ Достоевскийнинг сиёсий руҳдаги асарларидан бири. Рус адибларининг анъанасини муносиб давом эттирган ҳолда муаллиф полемикани киритади – сиёсат, ижтимоий ҳаёт, адабиёт ҳақида жонли баҳс-мунозаралар асосий воқеалар фонида кечади. 

«Жиноят ва жазо»​, «Камбағаллар»​ асарларида воқеалар моҳияти, персонажларнинг руҳияти асосан ички монологларда акс этади, «Иблислар»​да эса муаллиф айни мақсадга қаҳрамонларни мулоқотга олиб кириб, диалоглар ҳосил қилиш орқали эришади. 

Асарнинг аҳамиятли нуқталаридан бири – ундаги аёллар образи. Варвара Петровна, Дарья Павловна, Лизавета Николаевна ва Мария Лебядкина – улар воқеалар ривожига таъсир кўрсатмайди, умумий сюжетга дахл қилмайди. 

Лекин протогонистлар – асар марказий қаҳрамонларининг хулқи, характери айнан аёллар билан бўлган суҳбатларда, уларнинг қаршисидаги ҳаракатларида бор бўйича намоён бўлади. Николай Всеволодовичнинг Дарья Павловнага қарата айтган «фақат сизнинг олдингиздагина мен ўзим ҳақимда сўзлай олдим»​, деган сўзлари ҳам буни исботлайди. 

Энг қизиғи нимада, биласизми? Асарни ҳикоя қилаётган «мен»​ – Антон Лаврентьевич ҳақида ҳеч қаерда маълумот учрамайди. У воқеаларда иштирок этади, лекин уларнинг ривожига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Фақатгина китобхоннинг қўлидан етаклаб юриб, ҳикоя қилади, сюжет харитасини чизиб беради.

«Иблис»​ларнинг хулқ-атворида парадоксал ҳолатни кузатиш мумкин: улар учига чиққан атеист, Худони ҳеч қандай кўринишда​ тан олмайди. Уларда Худони рад этиш ҳисси шунчалар кучлики, шу ўйнинг ўзи уларнинг илоҳга қанчалар боғлиқлигини кўрсатади. 

«Менинг илоҳим ​бу —​ менинг майлларим. Мен майлим измига кўра иш тутаман», —​ дейди Криллов. Лекин у Худога бўлган ишонч ҳаётий зарурат эканлигини ҳам эътироф этади.

Зеро, «Худони инкор қилган одам Худога кашишдан ҳам кўпроқ ишонади»​. 

Асар кульминацияси – Верховенский ўз мақсадини «қон билан мустаҳкамлаши»​ учун​ собиқ талаба Шатовнинг ўлдирилиши керакли ҳаракат эди. У чакана ғояларни тарғиб қилмаётганини шу орқали исботламоқчи бўлади. «Ҳали яна кўп Шатовлар бўлади»​...

Дунё жамиятида доим мавжуд бўлган ва яна туғилиши ҳақиқатдан узоқ бўлмаган мазкур «иблис синдромини»​ асарни ўзбек тилига ўгирган Иброҳим Ғофуров шундай изоҳлайди:

«Йўқ, бу махсус рус оғриғи, рус касали эмас. Бу касал ўша пайтда ҳам, ҳозир ҳам кенг ёйилган. Достоевский фақат бу онг оғриғини унинг рус ўчоғига қараб тасвирлаган ва жаҳон учун шафқатсиз хулоса чиқарган. Бу хулоса тирик ҳақиқат ва доимо ҳаракатда...».

Китобхон
«Иблислар», Достоевский

Мавзуга оид