Спорт | 23:42 / 27.02.2019
5217
4 дақиқада ўқилади

Спортни оммалаштиришда Хитой тажрибасидан фойдаланилади

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев бошчилигидаги делегация ишчи ташриф билан Хитой Халқ Республикаси (ХХР)да бўлиб турибди. Ташрифдан ХХР билан ҳамкорликда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш бўйича дунёда етакчи ўринлардан бирида турувчи Хитой тажрибасини Ўзбекистонда татбиқ этиш, мазкур йўналишда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, хусусан, биргаликда мутахассислар тайёрлаш тизимини шакллантириш каби қатор мақсадлар кўзланган.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Ўзбекистон ва Хитой спорти мутасаддиларининг бу галги учрашуви дунёнинг энг катта ўнта шаҳридан бири бўлган Шанхайдан (аҳолиси 21,4 млн киши) бошланди. Дастлаб Шанхай муниципал ҳукумати вице-мери жаноб Чэнь Цюнь ва мамлакатимиз делегацияси раҳбари – Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев бошчилигида томонлар оммавий, яъни барча аҳоли учун мўлжалланган маҳаллий спорт мажмуаси ҳамда спорт мактабини кўздан кечиришди.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Учрашув давомида спорт соҳасида ўзаро тажриба алмашиш, юртимизда Шанхай спорт университети билан ҳамкорлик дастури асосида спорт турлари бўйича ўзбекистонлик мураббийлар, спортчилар ҳамда талабалар маҳоратини ошириш, аҳолини спорт билан шуғулланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, спорт иншоотлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш каби йўналишларда ҳамкорлик қилиш бўйича бир қатор муҳим келишувларга эришилди.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Дилмурод Набиев Ўзбекистонда спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида мезбонларга батафсил маълумот берди.

Шундан сўнг вакилларимиз Шанхай спорт университетида бўлиб, бу ердаги мавжуд шароитлар ва таълим жараёнларининг йўлга қўйилиши билан танишишди. Ушбу олий таълим муассасасида спорт журналистикаси, спорт медицинаси, спорт менежменти, спорт психологияси йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилган.

Шунингдек, музокаралар давомида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда Шанхай спорт университети ўртасида мутахассислар тайёрлаш бўйича олий таълимнинг уч босқичини ўз ичига олган тизимли ҳамкорлик юзасидан қўшма келишувга эришилди. Унга кўра, дастлаб ўзбекистонлик талаба ва мураббийларнинг Хитойда қисқа муддатли ўқув курслари, кейин магистратура ва аспирантурада ўқишлари ташкил этилади.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Куннинг иккинчи ярмида “Double Happiness sports” компанияси вакиллари билан учрашув ташкил этилди. Эътиборлиси, мазкур йирик спорт анжомлари ишлаб чиқарувчи компания 2008 йил Хитойда бўлиб ўтган XXIX ва 2012 йил Лондонда бўлиб ўтган XXX ёзги Олимпия ўйинларини спорт анжомлари билан таъминлаган компаниялардан бири ҳисобланади. Учрашув давомида мамлакатимиздаги спорт мажмуалари моддий-техник базасини замонавий спорт анжомлари билан мустаҳкамлаш бўйича мазкур компания билан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Ўзбекистон делегацияси ташрифи мамлакат пойтахти Пекин шаҳрида давом этмоқда.

Маълумот учун: Бугунги кунда оммавий жисмоний тарбия Хитойда давлат стратегияси даражасига кўтарилган. Бу йўналишда Умумхалқ жисмоний тарбия куни таъсис этишдан бошлаб Давлат Кенгаши томонидан аҳоли ўртасида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришнинг беш йиллик режаси расмий қабул қилингунигача бўлган узоқ йўл босиб ўтилган. Хитойда ҳар учинчи киши спорт билан шуғулланади, ҳар бешинчи одам стол тенниси ва бадминтон ўйнайди. Хитойда иқтисодиётнинг бир тармоғи сифатида қараладиган Жисмоний тарбия ва спортнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 2000 йилда 10 млрд АҚШ доллари ёки 1 фоизни ташкил этган бўлса, таҳлилларга кўра, 2020 йилга келиб бу кўрсаткич 1,5 фоизгача ошади.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид