Жамият | 16:05 / 28.02.2019
67872
6 дақиқада ўқилади

Бошқача Тошкент: Тарихий Камолон – Амир Темур қўшинини камон билан таъминлаган маҳалла (фотожамланма)

Kun.uz мухбири «O‘zimizning mahalla» лойиҳаси доирасида пойтахтдаги Камолон маҳалласига борди.

Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидан ўтувчи марказий Самарқанд Дарвоза кўчасидан Каттабоғ кўчасига ўтсангиз, гўё у орқали яна тарих бағрига қадам қўйгандек бўласиз. Илк бор бу маҳаллага кираётган сайёҳ ёки йўловчи бу маҳаллада Хўжа Аламбардор мақбараси борлиги, ўзбек романчилиги мактаби асосчиси, буюк ёзувчи Абдулла Қодирий, уста Ширин Муродов, уста Тошпўлат Арслонқулов, шоир Ҳабибий, Аҳмад полвон, Ўзбекистон халқ артистлари Саттор Ярашев, Комилжон Жабборов, Ўзбекистон халқ ҳофизи Ортиқхўжа Имомхўжаев ва бошқа таниқли инсонлар туғилиб-ўсганини ён дафтарчасига қайд этиб олиши зарур.

Камолон маҳалласи Бешёғоч даҳасидаги қадимий маҳалла ҳисобланади. Тарихда Камолон маҳалласи Дархон, Эшонгузар, Янгимаҳалла, Самарқанд дарвоза, Гулистон маҳаллалари билан чегарадош бўлиб, Хўжакўча ва Фуқаро кўчаларига бўлинган. Маҳаллада Хўжа Аламбардор мақбараси ва қабристони бор. Қарийб 200 хонадон яшаган. Аҳолиси, асосан, ўзбеклар бўлиб, ҳунармандчилик, савдо-сотиқ, шаҳар ташқарисидаги ерларида (Новза, Қозиробод, Дўмбиробод, Қонқус мавзелари) деҳқончилик билан шуғулланган. Тошкентнинг ўн икки дарвозаларидан бири – Камолон дарвоза ҳам шу маҳаллада жойлашган. 

«Камолон» номи ҳақида турли фикрларни илгари суришади. «Камолон» сўзининг луғавий маъноси – комил инсонлар яшайдиган ер.

Муҳаммад Солиҳхўжа «Тарихи жадидаи Тошканд» асарида маҳалладаги дарвозани Камондарон деб атайди (ХIV аср охири) ва камондаронлар (туркман ўғуз-учуқ қабилалар уюшмаси) қабиласининг бир тоифаcига мансуб дейди.

«Камолон» атамаси ҳақида 3 фикрга кўра, бу сўз «Камондарон», яъни камончилар маҳалласи маъносини беради. Маълумки, қадимда Чоч ўзининг камони, камончи усталари билан дунёга машҳур бўлган. «Ҳудуд ул-олам»да (Х аср) «Чоч – бу катта вилоят, халқи жанговар ва сахийдир. У ерда камон ва ўқ-ёй ясалади», дея қайд этилган. Шошда ясалган камон ўша вақтларда бутун Шарқда «Камони Шоший» номи билан машҳур бўлиб, унинг узоққа отилиши ва нишонга аниқ тегиши Шарқ муаллифларининг асарларида таърифланган. Мана шу усталар яшайдиган маҳалла Камондарон деб аталган. Чоч камонлари хорижий давлатларга ҳам сотилган. Тарихий маълумотларга кўра, буюк соҳибқирон Амир Темур Тошкентда бўлганида «Камолон» маҳалласида ясалган камонларнинг пухталигига тан бериб, ўз қўшинларини у билан таъминлашга буйруқ берган.

Чор Россияси қўшинлари Марказий Осиёни босиб олишга киришганида Тошкентга Камолон тепалиги ва Камолон кўчаси бўйлаб ҳужум қилган. Камолон кўчасининг ҳар икки томони XX аср 60-йиллари охирида ҳам вайрона ҳолда сақланган. Бу камолонликлар босқинчиларга қанчалик қаттиқ қаршилик кўрсатганидан далолат беради. Маҳалланинг Офтоб кўчасида ҳалок бўлган рус аскарлари хотирасига Черняев даврида бунёд этилган бутхона ҳам бор.

Бугун тарихий маҳалладан Камолон, Каттабоғ, Ўзгариш, Янгиобод, Қозиробод, Офтоб, Гулханий, Гулистон, Кирки, Зомин, Дархон, Ёриш, Атиргул, Лола, Терак, Чақмоқ, Саид Камолхон, Оқолтин, Тутзор кўчалари ўтади.

Маҳалланинг Бунёдкор шоҳкўчаси, Қоратош кўчаси ва анҳор билан туташ ҳудудлари яқинида кўпқаватли бинолар, тураржойлар ва турли савдо-кўнгилочар объектлари қурилган.

Об-ҳаво илиқлашган, кўкламга яқин вақтда маҳалла кўчаларида жажжи болакайлар варрак учиришга, велосипед ҳайдашга чиқади.

Тошкентнинг тарихий маҳаллалари кўчаларида ҳар йили баҳор фаслида варраклар ва болакайлар, ҳатто катталарнинг варрак учириши урф бўлади.

Маҳалладаги катта ёшли аёлларнинг сўзларига кўра, ҳукумат назари шаҳарнинг замонавий қисмига тушган, маҳалла ичидаги йўлларнинг аҳволига эса ҳеч ким эътибор қаратмайди.

Маҳаллани айланар экансиз, кўчалар, уйларнинг ҳолатига хорижлик сайёҳ нигоҳи билан боқишга уриниб кўрасиз. Ҳар қадамда маҳалланинг ўз руҳи ва нафаси борлигини, хонадонларнинг деворлари, дарвозалари, кўчаларга асрлар аро вақт ёмғири ёғгани ва у тарих синовидан ўтганини сезасиз. 

Тошкентдаги Камолон маҳалласининг ҳудудида туғилиб-ўсган тарихий шахслар яшаган манзиллар, зиёратгоҳларнинг чин маънода фаол ва креатив тарғиботи хорижий сайёҳлар кўпайишини таъминлаши тайин. 

Иморатларнинг кўпини ўз ҳолича, тик сақлаб қолишнинг деярли иложи йўқ, бироқ тарихий меъморчиликдан хабардор архитектор ва мутахассислар, энг муҳими, маҳаллий аҳолининг ёши улуғ вакиллари билан маслаҳатлашган ҳолда қадимий маҳаллаларимизга янги ҳаёт олиб кириш мумкин. 

 

Баъзи дарахтлар «қатл» қилиб юборилган. 

Баъзи дарахт новдалари эса келажакдан умидвор куртак очган.  

Kun.uz таҳририяти «O‘zimizning mahalla» лойиҳаси доирасида юртимизнинг турли шаҳарларидаги Эски шаҳар қисмлари ва тарихий маҳаллаларга сафар қилади. Бу сизнинг болалигингиз ўтган, ҳаётингизнинг бир қисми, кўнглингиз боғланган масканлар бўлиши мумкин.

Бизни кутинг ва биз борамиз.

(Маҳалла тарихи ҳақидаги маълумотлар «Тошкент» энциклопедиясидан олинди)

Мирзаёр Эркинов