Жаҳон | 01:21 / 01.03.2019
15795
1 дақиқада ўқилади

Америкалик коллекционер уйида 2 мингта инсон суяги аниқланди

Фото: REUTERS/Ringo Chiu

АҚШнинг Индиана штатида ФҚБ ходимлари 2015 йилда вафот этган коллекционер Дон Миллернинг уйидан 2 мингта инсон суягини аниқлашди. Бу ҳақда CBS телеканали хабар берди.

Мутахассислар топилган суякларнинг келиб чиқишини аниқлашган: суяклардан аксарияти америкалик ҳиндулар, жумладан арикара қабиласи вакилларига тегишли бўлган.

“Коллекциянинг тахминан ярми америкалик ҳиндулар мероси бўлган, қолган қисми дунёнинг турли бурчакларидан йиғилган”, деб айтган ФҚБнинг санъат соҳасидаги жиноятлар бўлими бошлиғи Тим Карпентер.

2014 йилда Миллернинг коллекциясидан 42 мингта қадимий буюм, жумладан Колумбгача Америка сопол идишлари, италян мозаикаси, Хитойнинг қадимий буюмлари ва зеб-зийнатлари мусодара қилинган. ФҚБ маълумотларига кўра, коллекционер кўплаб экспонатларни ноқонуний йўл билан қўлга киритган.

Миллердан мусодара қилинган барча буюмлар Камбоджа, Канада, Колумбия ва Мексикага қайтарилган.

Мавзуга оид