Ўзбекистон | 10:09 / 08.03.2019
11402
3 дақиқада ўқилади

Фурқат Сидиқов Покистон президенти билан учрашди

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2019 йилнинг 4 март куни Покистон Ислом Республикаси президенти Ариф Алви «Айвани-Садр» қасрида Ўзбекистон элчиси Фурқат Сидиқовни қабул қилди.

ТИВ хабарига кўра, Покистон раҳбари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бошчилиги остида олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни ҳамда мамлакатдаги ҳуқуқий ва институционал ўзгаришларни юқори баҳолаган.

Президент Ўзбекистон раҳбариятининг минтақада яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга йўналтирилган ташқи сиёсий ташаббусларини, айниқса унинг Афғонистонда барқарор тинчликка эришиш борасидаги саъй-ҳаракатларини Покистон томони тўлиқ қўллаб-қувватлашини эътироф этди. 

Покистон, шунингдек, мамлакатнинг хавфсизлик халқаро терроризмга қарши курашиш масалалари, минтақавий муштаракликни ривожлантириш, транспорт инфратузилмалари ва энергетик ҳамкорликни кенгайтириш бўйича мавқейига шерик бўлишини ва уларни қўллаб-қувватлашини ҳам тасдиқлади.

Покистон етакчиси мамлакатлар ўртасидаги савдо айланмасининг динамик ўсаётганлигини мамнуният билан қайд этиб, 2018 йилда Ўзбекистон ўзи раҳбарлик қилаётган давлатининг Марказий Осиёдаги етакчи иқтисодий шеригига айланганига эътиборни қаратди. Ўзаро манфаатли ва кўп қиррали икки томонлама алоқаларни янада чуқурлаштиришга томонларда қизиқиш борлиги ўз тасдиғини топди.

Икки мамлакат ҳудудлари, айниқса буюк Бобурийларнинг тарихий меъроси бир-бирига боғлаб турувчи Панжоб провинцияси ва Наманган вилояти ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятларига алоҳида қизиқиш билдирилди.

«Бой тарихга эга Ўзбекистон буюк исломий мутафаккирларнинг ватанидир. Шу сабаб менинг ватандошларим қалбида мамлакатингизга нисбатан ўзгача ҳурмат ва қизиқиш бор», - дея таъкидлаган Покистон президенти.

Бир вақтнинг ўзида Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) Фан ва технологиялар бўйича қўмитасига раислик қилаётган президент Ариф Алви мазкур Қўмитанинг Ўзбекистон билан фаол ва самарали ҳамкорлик қилишга, аввало 2020 йилда Тошкент шаҳрида Фан ва технологиялар бўйича Иккинчи ИҲТ саммитини ўтказиш доирасида биргаликда ишлашга тайёр эканлигини тасдиқлади.

Учрашув якунида Покистон президенти Ўзбекистон президентига ўзининг самимий ҳурматини етказиб қўйишни сўради ва мамлакат раҳбарига кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишида муваффақият тилади, дейилади хабарда.

Мавзуга оид