Жамият | 11:21 / 08.03.2019
63598
5 дақиқада ўқилади

Қаршидаги хонадон ичидан чиққан «булоқ» бартараф қилинмаяпти: мутасаддиларнинг боши қотган

Шу йилнинг 12 январида Kun.uz сайтида «Қаршидаги хонадон ичидан чиққан «булоқ»дан оила азият чекмоқда. Муаммога ечим топиладими?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

Унда Қарши шаҳри, Ғофур Ғулом маҳалласидаги А.Хўжаев хонадони остидан ўтган магистрал ичимлик суви қувури ёрилиши натижасида ушбу уйда яшайдиган оила азият чекаётгани ва муаммо ҳал этилмаётгани ёритилганди.

Ушбу уйлар 1989 йилда хонадон эгалари ишлаган корхона томонидан қурилган. Ўша вақтда белгиланган меъёрларга амал қилинмаган ва магистрал ичимлик суви қувури устига уйлар барпо қилинган. Хонадонлар учун барча тегишли ҳужжатлар расмийлаштириб берилган.

Анча йиллар аввал йўл қўйилган хато бугунги кунда ушбу оиланинг азият чекишига сабаб бўлаётгани, ушбу хонадоннинг ён-атрофидаги уйларда истиқомат қилаётган оилалар ҳам шундай хавф остида яшаётгани аввалги мақолада айтиб ўтилган эди.

Ўрганишимиз давомида Қарши шаҳар ҳокимлиги қурилиш бўлими мутахассиси Хуршид Зиятов қурилишда белгиланган меъёрларга амал қилинмагани ушбу муаммога сабаб бўлганини таъкидлаб, манзилли дастур асосида қувурни кўчириш ишларини амалга ошириш лозимлигини айтганди.

Аммо 2019 йил учун манзилли дастурлар тасдиқлаб бўлингани боис муаммонинг ечими учун бошқа зарур чораларни кўриш талаб этиларди.

Қашқадарё вилояти «Сувоқова» ДУК бош муҳандиси Баҳром Мирзаев ва Қарши шаҳар ҳокимининг қурилиш масалаларига масъул ўринбосари Улуғбек Авазов дастлабки ўрганиш вақтида масаланинг ечими юзасидан барча зарур чораларни кўришини, харажатларни ҳисоблаб чиқиб, белгиланган тартибда қувурни кўчириш ишлари тез кунларда бошланишини билдирган эди.

Аммо хонадон эгаларининг такрорий мурожаатлари асосида мавзуга қайтиб, ҳолатни ўрганиш учун ижодий гуруҳимиз билан ушбу хонадонда бўлдик. Муаммо ҳанузгача бартараф этилмаган. Хонадон эгаси А.Хўжаев биз билан суҳбатда оиласи, ногирон фарзанди ва неваралари билан зах тортган хоналарда оғир шароитда яшаётганини айтиб ўтди. Ўрганишимиз давомида бу ҳолатга ўзимиз ҳам гувоҳ бўлдик.

Мазкур ҳолат юзасидан «Сувоқова» ДУК Қарши шаҳар филиали мутасаддилари билан суҳбатлашганимизда улар қувурни кўчириш учун зарур маблағ йўқлиги, шу боис ҳолат шу кунгача бартараф этилмаётганини билдиришди.

Муаммога ечим топиладими?

Бу саволга Қашқадарё вилояти «Сувоқова» ДУК бошлиғи Шавкат Муродов жавоб берди.

«Албатта, бу муаммога ечим бор. Биз бу борада тегишли ўрганиш ишларини олиб бордик. Магистрал ичимлик суви тармоғини ушбу хонадонлар атрофидан янгидан олиб ўтиш учун 250 метрга яқин қувур зарур. Бунинг учун ўртача 30 миллион сўм маблағ талаб этилади. Ушбу маблағ масаласи ҳал этилса бўлди. Корхонамизда бу ишни амалга ошириш учун барча техник воситалар бор. Маблағ масаласини ҳал этиш учун ҳокимлик ва тегишли ташкилотлар билан биргаликда барча имкониятларни кўриб чиқамиз», – дейди Шавкат Муродов.

Қачондир йўл қўйилган хато вақти келиб бир қатор муаммоларга сабаб бўлиши ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, белгиланган меъёр ва қоидаларга амал қилинмай амалга оширилган қурилиш келгусида кўплаб ноқулайликларни келтириб чиқариши юқоридаги ҳолатдан ҳам кўриниб турибди. Хатони кимдир қилган, жабрини бошқалар кўрмоқда. Ушбу уй эгалари ўттиз йилларча аввал бу хонадонларга кўчиб кираётганларида уй остидан магистраль ичимлик суви тармоғи ўтгани хаёлларига келмаган ҳам, билмаган ҳам. Ўша вақтда айрим соҳа вакиллари ўз ишига масъулиятсизларча ёндашгани бугунги кунда уларнинг азият чекишига сабаб бўлмоқда. Айни вақтда ҳокимлик ва тегишли соҳа мутасаддилари муаммони ҳал этиш учун маблағ йўқлиги сабабли бирор зарур чорани амалга ошира олишмаяпти.

Фикримизча, Қашқадарё вилояти ва Қарши шаҳар ҳокимликлари бу муаммони ҳал этиш учун зарур бўлган 30 миллион сўм маблағни топа олишга қодир. Бу масалага жиддийроқ эътибор қилиш керак, холос.

Kun.uz бу муаммо тез кунларда ижобий ечим топишига ишонч билдиради ва воқеалар ривожини кузатиб боради.

Бардошбек Самад ўғли,

Kun.uz мухбири.

Ғолиб Абдусаломов
Тайёрлаган Ғолиб Абдусаломов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид