Спорт | 15:00 / 09.03.2019
11193
6 дақиқада ўқилади

Суперлига превьюси: Самарқандда қўшнилар тўқнашуви, Олмалиқда Қосимов Ашурматовга қарши

Бугун, 9 март куни Ўзбекистон Суперлигасида 1-турнинг икки ўйини ўтказилади. Куннинг марказий ўйини Самарқандда кечади. Юқори дивизионга қайтган «Динамо» қўшни Қашқадарё вилоятининг «Насаф» жамоасини қабул қилади. «Бухоро» эса Ўзбекистон Кубоги соҳиби ОКМК меҳмони бўлади.

«Динамо» - «Насаф»
Бошланиш вақти: 16:00.

Самарқанднинг «Динамо» клуби янги мавсумни Про-Лигада бошлашга тайёрланаётганди. Лекин клуб ўзи учун ҳам кутилмаганда мавсумни Суперлигада бошлаши аниқ бўлди. «Динамо» 2017 йил қандай тушунарсиз тарзда юқори дивизиондан тушириб юборилган бўлса, 2019 йил худди шундай тушунарсиз тарзда юқори дивизионга қайтарилди. Самарқандликлар Суперлигада дебют қилишади, десак тўғри бўлади. Чунки жамоа Илҳом Шарипов мураббийлигида қуйи лигага тушиб кетганида чемпионатимиз бундай жарангли ном билан аталмас эди. У вақтлар юқори дивизионимиз шунчаки Олий Лига дейиларди.

«Динамо» сафида ўзгаришлар кўп бўлмади. Мавсум оралиғида жамоанинг асосий трансфери ҳужумчи Воҳид Шодиев бўлди. Ўз вақтида терма жамоа сафида ўйнаган тажрибали футболчи ўтган мавсумни Про-Лига вакили «Машъал»да ўтказганди. «Динамо» Суперлигага чиқиши аниқ бўлгач яна икки футболчи жамоани тўлдирди. 23 ёшли терма жамоамиз билан Осиё чемпиони бўлган дарвозабон Ботирали Эргашев эндиликда Самарқанд клубида ўйнайди. Жамоа сафида Шоҳрух Эшбўтаев каби яхши дарвозабоннинг борлигини инобатга олсак, бу борада яхшигина рақобат пайдо бўлган.

Бундан ташқари, «Динамо» жамоа етакчиси Жасур Азимовни ҳам ортга қайтаришга эришди. Майдон марказида ишончли ўйин кўрсатиб самарқандликлар меҳрини қозонган Жасур «Навбаҳор»га кетганди, лекин «Динамо» ўз тарбияланувчиси бўлган футболчини ортга қайтарди.

«Насаф» ҳар мавсум олдидан етакчиларини йўқотишига одатланиб қолдик. Ўтган мавсум тугагач Санжар Қувватов ва Одил Ҳамробеков «Аждарлар» учун таниш йўналиш бўйича «Пахтакор»га йўл олишганди. Бундан ташқари, Сайдулло Раҳматов ва Мақсуд Каримов ҳам жамоани тарк этишди. «Насаф» ўз таркибини икки яхши футболчи билан бойитганини ҳам таъкидлаш керак. Ўтган мавсумни «Машъал»да ўтказган Ҳумоюн Муртазоев ҳамда Сардор Абдураимов эндиликда «Насаф»да ўйнашади.

«Насаф» яна икки муҳим вакили билан ҳам шартномани узайтирган. Аввало Рўзиқул Бердиев билан келишув узайтирилгани қаршиликлар учун яхши янгилик бўлди. Шунингдек, бир қанча клублар таклиф билан чиққан марказий ҳимоячи Умар Эшмуродов ҳам «Насаф»да қолди. Рўзиқул Бердиев Қаршида яна янги футболчиларни кашф этган ва жамоа улар билан янги мавсумда совринли ўринлар учун курашишини кутсак бўлади.

Самарқандда ўтадиган «Динамо» - «Насаф» ўйинлари доим қизиқарли ва кўп сонли мухлислар ташрифида ўтган. Шу сабаб бугунги ўйинда ҳам Самарқандда катта футбол гувоҳига айланишимиз кутилмоқда.

ОКМК - «Бухоро»
Бошланиш вақти: 18:00.

Олмалиқда ўтадиган ОКМК - «Бухоро» ўйини ҳам қизиқарли кечишини тахмин қилсак бўлади. Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичига йўлланма оломаган ОКМК бош мураббийи Миржалол Қосимов Ўзбекистон Суперкубоги учун «Локомотив»га қарши кечган ўйиндан сўнг (1:2) бир гапни айтганди: «Чемпионат бошлангунча бу мағлубиятни елкада кўтариш осон бўлмайди».

Бу эса Қосимов шогирдлари бугун ОЧЛ ва Суперкубокдаги мағлубиятни унутиш учун ҳам икки ҳисса яхшироқ ўйнашга ҳаракат қиладилар. ОКМК Ўзбекистон Кубогининг амалдаги соҳибидир. Жамоа ОЧЛ олдидан таркибини кучайтириб олганини инобатга олсак, бугунги баҳсда Қосимов шогирдларининг имкониятлари яхшироқ.

ОКМК мавсум аввалида кўплаб собиқ «бунёдкор»чилар билан шартнома имзолади. Хусусан, Миржамол Қосимов, Суҳроб Султонов ва Мирғиёс Сулаймонов каби футболчилар эндиликда Олмалиқда ўйнашади. Улардан ташқари жамоа Сардор Раҳмонов, Санъат Шихов, Акмал Шораҳмедов, Сайдулло Раҳматов ва Бобур Йўлдошев каби савияли футболчиларни ўз сафига қўшиб олган.

ОКМК Ўзбекистон Кубогининг амалдаги соҳиби бўлса, «Бухоро» ўша кубокни ютган мураббийнинг жамоаси. Ҳа, ОКМК кубокни Бахтиёр Ашурматов мураббийлигида ютиб олганди. Ашурматов эндиликда «Бухоро»ни бошқармоқда. Борган жойида тартибли жамоа шакллантира олган Ашурматов бухоролик мухлисларда умид уйғота олган. «Бухоро» мавсум олдидан қилган энг асосий иши олдинги қарздорликларини бартараф этгани бўлди. Жамоа бугун барча қарзларидан қутулгани аниқ бўлди. Энди жамоа бемалол бор эътиборни ўйинларга қаратса бўлади.

«Бухоро» мавсум оралиғида иккита яхши трансферни амалга оширди. Иван Нагаев ва Саламат Қутибоев яна «Бухоро»га қайтишди. Улардан ташқари Азамат Исроилов, Сардор Қобулжонов, Раҳимжон Давронов, Владимир Баенко каби футболчилар Бухорога келишган. Ўтган мавсумларда «Бухоро»да ўйнаган «Бунёдкор» футболчиси Эргаш Исмоилов яна кўҳна шаҳар жамоасида ўйнайдиган бўлди.

Олмалиқда ҳам қизиқарли ўйин кечиши кафолатланган.

Мавзуга оид