Ўзбекистон | 13:08 / 11.03.2019
11231
4 дақиқада ўқилади

«Ёппасига ҳамма жойни тозаласак, нима бўлади?». Тошкентда бошқача Hasharweek бошланди

Жорий йилнинг 11–17 март кунлари Тошкент шаҳрида Hasharweek экологик ҳафталиги ўтказилади. Бу ҳақда ҳафталикнинг очилиш муносабати билан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Чиқинди ҳосил бўлишини минималлаштириш масаласига ҳукумат, нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг эътиборини қаратиш, чиқиндиларни саралаш маданиятини шакллантириш мақсадида илк маротаба ташкил этилаётган мазкур лойиҳа доирасида аҳоли учун қизиқарли маърузаларт тақдим этилиши, фотокўргазмалар ўтказилиши режалаштирилган.

«Мазкур ҳафталикни анъанавий тарзда бўлганидек, кўчаларни тозалаш, кўчат ўтказиш тартибида ҳам қилиш мумкин эди. Лекин биз бошқача йўлни танладик. Ҳафталикнинг асосий мақсади одамларда экосаводхонликни шакллантириш, чиқиндиларни тўғри саралаш тартиби ва бунинг аҳамияти ҳақида тушунча бериш ҳисобланади. 

Бир ҳафта ёппасига ҳамма жойни тозаласак, нима бўлади? Бир-икки кундан кейин яна ҳаммаси ўз ҳолига қайтади. Шу боис одамларни тозалашга ундаш эмас, тоза тутиш ҳақида кўникма шакллантириш керак»​, —​ дейди Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раҳбари Баҳром Қўчқоров.

Лойиҳа муаллифи, Сингапур менежментни ривожлантириш институти маърузачиси Суна Паркнинг сўзларига кўра, тажриба-синов лойиҳа тарзида амалга оширилаётган мазкур ҳафталик кейинчалик ҳам мунтазам равишда ўтказилиши назарда тутилмоқда. 

«Лойиҳани республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам ташкил этишни режалаштиряпмиз»​, —​ дея қўшимча қилди у.

Маълум қилинишича, ҳафталик давомида ҳаракатлар, маърифат, санъат ва бизнес йўналишлари бўйича тадбирлар олиб борилади.

Ҳаракатлар #HasharWeekGo:

– барча ташкилотлар, муассасалар гуруҳ тарзида ёки фуқаролар якка тартибда чиқиндиларни пластик, қоғоз, шишага ажратиб саралашлари ва махсус пунктларга топширишлари мумкин. 

Бунинг учун hasharweek.uz сайтидан мобил иловани юклаб олиш, рўйхатдан ўтиш ҳамда пойтахт бўйлаб мавжуд 21та чиқинди қабул пункти ҳақида маълумот олиб, ўз ҳудудидаги пунктга топшириш керак бўлади. 

Маърифат #HasharWeekTalk:

– пойтахтдаги 22та мактабда интерфаол тарзда очиқ дарслар ўтказилади;

– Тошкент фотосуратлар уйида оммавий очиқ маърузалар: «Ҳаддан ортиқ истеъмол – 21 аср вабоси»​ (13 март, соат 18.00да); «Чиқиндилар уйни тарк этгандан кейинги жараён»​ (14 март, соат 18.00да); «Шиддат билан ривожланаётган моданинг қоронғи томони»​ (15 март, соат 18.00да); «Экоқурилиш»​ (16 март, соат 17.00да).

Санъат #HasharWeekArt:

– Тошкент фотосуратлар уйида чиқиндилар муаммосига бағишланган Habitat бадиий кўргазмаси (ҳафта давомида барча учун очиқ).

Бизнес #HasharWeekBusiness:

– «Ўзбекистонда яшил иқтисодиёт: иллюзия ёки ҳақиқат?»​ мавзусида конференция (Hyatt Regency меҳмонхонасида 12 март куни, соат 09.30-18.00);

– яшил стартап лойиҳалар тақдимоти (Сингапур менежментни ривожлантириш институтида 15 март куни, соат 14.00-18.00да);

– «Ўзбекистоннинг экотуристик салоҳияти»​ мавзусида давра суҳбати (Сингапур менежментни ривожлантириш институтида 14 март куни, соат 9.00-13.00да).

16 март куни Оҳангарон чиқинди полигонига экотур ташкил этилади, тур доирасида полигон атрофи ҳашар йўли билан тозаланади.

Шунингдек, 12 март (Ботаника боғида) ва 17 март (локация hasharweek.uz сайтида эълон қилинади) кунлари тонгги оммавий югуриш машғулоти ва атрофни чиқиндилардан тозалаш бўйича ҳашар ўтказилади.

Ҳафталикнинг 17 март куни соат 12.00да ёпилиш маросими доирасида Мирзо Улуғбек номидаги истироҳат боғида гуллар фестивали ва ярмарка ташкил этилиши кутилмоқда.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид