Спорт | 17:40 / 12.03.2019
27301
13 дақиқада ўқилади

Муаззам ва сирли. Зиданнинг «Реал»и ҳақида 15 тезис

Франциялик мураббий яна «Реал»га қайтди. Айтиш мумкинки, у ўзи учун энг қулай вақтни танлади – зеро энди жамоага босим қилиб турган бирорта турнир қолмади. Энди ёзгача Зидан бемалол жамоани келаси мавсумга тайёрлаши, баъзи футболчилар борасида якуний қарорларга келиши мумкин.

Лекин яна айтиш мумкинки, бу давр ҳам Зиданнинг Мадридда қандай жамоа қурмоқчи экани ҳақида аниқ маълумот бериши қийин. Чунки, унинг ушбу жамоадаги икки ярим йиллик фаолияти ҳам баъзи саволлар қолдирган, кимдир Зиданнинг муваффақиятларини омад ёки футболчиларнинг маҳоратига боғлайди, ҳатто. Sports.ru порталининг таниқли блогерларидан бири Вадим Лукомский эса, ўша ўтган даврдан ҳам Зидан ҳақида бир қатор тезислар топибди. Эътиборингизга ҳавола қиламиз.

1. Зидан ва Каземиро

Зиданнинг энг аҳамиятли қарорларидан бири Каземиронинг асосий таркибдаги алмаштириб бўлмас ўрни бўлганди. Хавининг айтишича, айнан Каземиро «Реал»ни мувозанатли жамоага айлантирганди:

«Ўйин хаотик тарзга ўтганда, Каземиро жуда катта зонага жавобгар бўлади. «Реал» майдон марказисиз ўйнай бошлайди, етти футболчи ҳужумчига айланади, ана ўшанда, Каземиронинг бир ўзи таянч зонасини назорат қилади. Хаотик деганда шуни назарда тутяпман, Бускетс ҳеч қачон ундай вазифани бажара олмасди, чунки ҳатто мен ундан тезроқ югураман. Каземиро эса, аксинча, жуда тезкор».  

2. Зидан ва ротация

Натижалар нуқтаи назаридан, Зидан учун энг муваффақиятли давр - 2016/17 йилги мавсумдир. Шу даврда мураббий ўзини ротация қироли сифатида намоён қилганди. Альваро Мората асосий таркибда жойи бўлмай туриб, Ла Лигада 15 гол урди. Лукас Васкес ва Хамес Родригес ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Таркибдаги бошқа футболчилар ҳам юқори савияни ушлаб туришди ва буларнинг ҳаммаси Зиданнинг таркиб танлаш борасидаги муҳим ва фойдали қарорлари туфайлидир.

«Мадрид» ўша мавсумда чемпион бўлди ва испан матбуотида «Реал»нинг иккинчи ёки учинчи таркиби шунчалик кучлики, бемалол лигада кучли учликка кириши мумкин» деб ҳазиллашишарди.

3. Зидан ва схема

2016/17 йилги мавсумда «Реал»нинг «пикка чиқиши»га сабаблардан бири сифатида Гарет Бэйлнинг жароҳатини келтириш мумкин. Натижада, Зидан 4-4-2 схемасининг ромб вариантини қўллай бошлади – Бензема ва Роналду ҳужумда, уларнинг ортида эса Иско жойлашди.

Бу схема «Реал» ўйинига барқарорлик олиб келди ва бир поғона юқори босқичга кўтарди. Худди шу схема ва таркибда «Реал» икки марта Чемпионлар Лигасини ва бир марта Ла Лигани ютди.

4. Зидан ва реализация

Зиданнинг «Реал»даги охирги мавсумини у қадар юқорига қўймайдилар. Тўғри, жамоа ўша йили «Барселона»га чемпионатда қаршилик қила олмади, аммо бунинг сабаби, ёмон ўйин эмас, асосан вазиятлардан фойдаланиш борасидаги оқсаш бўлганди. Айниқса, мавсумнинг биринчи ярмида Криштиану Роналду бу борада жуда ёмон натижа қайд этганди. Иккинчи даврада «Реал» аввалги савиясига қайтди, аммо «Барселона» анча илгарилаб кетиб бўлганди.

Яратилган хавфли вазиятлар ва зарбалар борасида ҳатто «Реал» каталонияликлардан яхшироқ кўрсаткичларга эга бўлганди, ўшанда. Тўғри, бу билан мадридликларни чемпионга айлантириш хато, аммо камида чемпионлик учун муносиб курашиш лозим бўлган бу ўйин билан.

5. Зидан ва Модрич

Айтиш мумкинки, Зиданнинг энг эътиборга молик устунликларидан бири рақибнинг кучли ва кучсиз томонларини ўрганиб, уларнинг ўйинига жамоасини мослай олишидир. Бу борада у дунёда энг яхшилардан биридир.

Масалан, Зиданни «Реал»да ҳужумни ташкил қилиш борасидаги нўноқликлари ҳақида кўп айблашади. Футболчиларнинг майдонда жойлашуви, бир-бирларига бўлган масофалар позицион ҳужумни ташкил қилишда муаммо туғдирадигандек туюларди. Аммо аслида мураббий Лука Модрич ва Тони Кроосга майдонда шундай роль берган эдики, бу яримҳимоячилар кутилмаган қарорлар ва пасларни ижро этиш эркинлигига эга эди. Натижада, жуда кўп ҳолларда «Реал» кўринишидан йўқ жойдан вазиятлар ярата оларди.

6. Зидан ва тўпсиз фаоллик

Аммо шу билан бирга, Зидан нафақат футболчиларнинг индивидуал маҳоратига таянарди, балки бу борада ёрдам ҳам берарди. Масалан, Модрич ва Кроосга янада кенгроқ имконият тақдим этиш мақсадида, Каземиро ҳужумнинг дастлабки фазасида жуда юқори жойлашар, деярли ҳужумкор футболчининг ўрнини эгалларди. Аммо бу ҳаракатлар пас учун очилиш эмас, рақибнинг баъзи футболчиларини диққатини жалб қилиб, Модрич ва Кроосга керакли зоналарни очиш учун амалга ошириларди.

Бу каби майда деталлар футболчиларнинг индивидуал маҳорати ва тактик вазифалари ўртасидаги муҳим балансни сақлашга ёрдам берарди.

7. Зидан ва қарши ҳужумлар

Аммо шу билан бирга, «Реал» ўйинида баъзи муаммолар ҳал қилинмаганди. Қўйидаги суратга эътибор берсангиз, кўпинча, мадридликлар позицион ҳужум уюштиришганда U ҳарфига ўхшаш жойлашувда бўлиб қолади. Рақибнинг таянч зонасига кирмай туриб, бу тариқа тўпни назорат қилиш у қадар хавф солмайди.

Юқорида бу камчиликлар Модрич ва Крооснинг маҳорати эвазига ҳал қилинганини айтдик, лекин рақиб тўпни эгаллаб, қарши ҳужумга ташланганида, бу жойлашув анча хавфлидир. Чунки, тезкор қарши прессингни амалга ошириш имконияти бўлмайди.

«Реал» катта ўйинларда анча эҳтиёткор ҳаракат қилган, аммо Ла Лигада жуда кўп жамоалар бундай ҳолатларда жазолаб кетишган. Ла Лигадаги беқарорлик ва Чемпионлар Лигасида жамоа кучлироқ бўлганининг изоҳларидан бири шу.

8. Зидан ва стандарт вазиятлар

Аксарият ҳолларда эса, Зиданга стандарт вазиятлар ёрдамга келарди. Зидан мураббий бўлган ҳар мавсумда стандарт вазиятлардан гол уриш бўйича «Реал» етакчи бўлган. Чемпионлик мавсумида эса, бундай ҳолатлардан ўтказиб юборилган голлар бўйича ҳам, «Реал»нинг кўрсаткичлари энг яхши эди.

Албатта, стандарт вазиятлардан тўп ошириш қироли бўлган Тони Кроос, шунингдек, жамоа футболчиларининг жисмоний кўрсаткичларига ҳам эътибор бериш керак, аммо барибир, «Реал» Зидан пайтида айнан шу вазиятлар борасида жуда кўп ишловлар, тайёргарликларни намойиш қилганини таъкидлаш керак.

9. Зидан ва Марсело

Дунёнинг энг яхши қанот футболчиларидан бири Марсело айнан Зидан қўл остида чўққига чиққанди.

Айниқса, Солари даврида Марсело Регилонга рақобатда ютқазганини эътиборга олсак, футболчининг фаолиятида Зиданнинг ўрни беқиёслигини кўрамиз. Чемпионлик йилида Марсело 10 марта голли пас амалга оширди, ўтган йили эса, Чемпионлар Лигасининг ҳар босқичида ё гол урди ёки голли пас билан жамоасига ёрдам берди.

Марсело ҳимояланиши керак бўлган зона худди Гвардиола даврида Дани Алвешда бўлгани каби, номига тилга олинарди, холос. Рақиблар Марселонинг ҳужумидан шу қадар қўрқишардики, унинг қанотидаги бўшлиқдан фойдаланиб, ҳужум ташкил қилиш хаёлларига ҳам келмасди. Зидан кетганидан кейин, Марселонинг сеҳри ҳам йўқолди.

10. Зидан ва Клопп

Кўпчилик Зиданнинг ажойиб тактик қарорларини ва кутилмаган ечимларини эътиборга олишмасди. Айниқса, Матео Ковачичнинг Эл Класикода Мессига персонал боғланишини эслаш мумкин.

Ёки айтайлик, ўтган мавсумда қўрқмасдан икки футболчини алмаштириш орқали, Зидан «ПСЖ»га қарши ўйинда бурилиш ясаганди. Бу биринчи ўйинда рўй берган, Тони Кроос ўйиндан кейин тан олишича, баъзи мураббийларнинг хаёлига бу келиши мумкин, аммо амалда қўллашга қўрққан бўлишарди.

Ва албатта, «Ювентус»га қарши кечган финал ўйини танаффусидаги Зиданнинг таъсирли сўзларини эшитган бўлсангиз керак.

Умуман, Зиданни фақат буюк мотиватор сифатида биладиганлар ҳам талайгина. Бу ҳақида Юрген Клопп ажойиб фикр билдирганди:

«Мен ҳақимда ҳам одамлар тактик билимлари етарли бўлмаган мотиватор, дейишади. Хўп, буни рост деб қабул қилганимизда ҳам, демак, энг катта турнир финалида икки шундай мураббий жамоаси тўп сурар экан-да? Қизиғ-а».

11. Зидан ва прессинг

Юқори прессинг – Зидан тез-тез амалга оширмоқчи бўлган, лекин муҳим паллаларда ўзини тайёр деб билмай, воз кечган услубларидан бири. Балки, бунинг асосий сабабларидан бири Криштиану Роналдунинг доимий эркин бўлишини таъминлаш бўлгандир. Яъни, юқори прессингда ўйнаш учун майдондаги ҳар бир футболчи бу жараёнда фаол бўлиши талаб этилади.

2014 йилда Зидан «Марсель»да Бьелса қўл остида амалиёт ўтаган ва мураббийнинг айтишича, Зидан ундан айнан юқори прессингни муваффақиятли амалга ошириш борасида жуда кўп савол сўраган. 

12. Зидан ва Роналду

Юқори прессингдан воз кечиш Зиданнинг Криштиануга ягона ён босиши эмас. Қуйидаги қарор ҳам «Реал»га анча ёрдам берган.

«Реал» Зидан қўл остида доимо юқорилатиб жарима майдонига тўп ошириш бўйича кучли учликка кирарди. Модрич ва Кроос рақибнинг таянч зонасида комбинациялар қилишга уринишмасди, уларнинг асосий вазифаси тўпни олдинга ҳаракатлантириш бўлган. Каземиро қанот ҳимоячиларининг фаоллиги, ҳужум ва ҳимоя ўртасидаги балансни сақлаган, Бензема алдамчи ҳаракатлар орқали рақиб ҳимоясида бўш зоналар ҳосил қилар – буларнинг ҳаммаси Криштиану Роналдуни хавфли ҳужумчига айлантириш учун амалга оширилган.

Сўнгги мавсумда Роналду ҳақиқий жарима майдони футболчисига айланди. Бунга жавобан португалиялик ҳужумчи футбол тарихида ўртача ҳар ўйинда жарима майдони ичидан дарвозага энг кўп зарба берадиган футболчига айланди – 5.2. Ҳеч ким ҳатто бу борада 4.5 натижасига ҳам кўтарила олмаганди. Ҳозир Роналду Туринда 3.7 кўрсаткичга эга, бу ҳам яхши, аммо Зидан даврида умуман фантастик даража эди.

13. Зидан ва ҳужумкорлик

Зидан стратег сифатида ҳам ўзини яхши томондан кўрсатганди. Ла Лигадаги беқарор натижаларга қарамасдан, агар вазиятга чуқурроқ қарасак, сўнгги мавсумда «Реал» ўйин услуби борасида энг жасур жамоалардан бирига айланганди.

«Мадрид» тўп назорати бўйича 58 фоизни кўрсатди, 32 фоиз эса, «Реал» ўйини рақибнинг 1/3 майдонида ўтди. Бу борада у ҳатто чемпион – «Барселона»ни ҳам ортда қолдирганди.

14. Зидан ва Перес

«Реал»нинг собиқ президенти Рамон Кальдероннинг айтишича, Зидан жамоадан чарчоқ ёки жамоага ишончсизлиги учун эмас, Перес билан тактик томондан зиддиятлар туфайли кетганди.

Ўтган йилги финалдан сўнг, ҳар жамоанинг асосий икки футболчиси – Криштиану Роналду ва Гарет Бэйл Мадриддан кетишини айтганди. Зидан Роналдуни олиб қолиш ва Бэйлга рухсат беришни истаган бўлса, Перес бунинг аксини хоҳлаган. Яъни, президент Бэйлни фойдалироқ деб билганди.

15. Зидан ва «Реал»

Барибир ҳам, Зидан феномени анча мураккаб. У дунёнинг энг топ-клубида уч йилга яқин фаолият олиб борди, жуда кўп соврин ютди. Аммо шу билан бирга, унинг аниқ услуби, даражаси ва «Реал»нинг муваффақиятларидаги улуши ҳақида аниқ хулоса айтиш ҳали ҳам қийин бўлиб қолаверади.

Балки ана энди аниқроқ фикрлар янграр... Зеро, энди уни Бенитес ёки аввал ишлаган бошқа мураббийлар билан эмас, унинг ўзи билан солиштиришади. Уч йилда уч марта Чемпионлар лигасида ғолиб чиққан «Реал» мураббийи билан...

Мавзуга оид