Жамият | 21:34 / 17.03.2019
28757
11 дақиқада ўқилади

Жомбойда уйидан ажралаётганлар адолат истамоқда. Муаммога ечим борми?

Президентнинг 2018 йил 20 апрелдаги ПФ–5421-сонли фармонига кўра, фуқароларга ноқонуний ва ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларга белгиланган тартибда мулк ҳуқуқи берилмоқда.

Фармон асосида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги 461-сонли қарори қабул қилинди ва «Кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида кўчмас мулкларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартиби тўғрисида» Низом тасдиқланди.

Мазкур низом талабларига тўғри келмайдиган уй-жойларга мулк ҳуқуқи эътироф этилмайди.

Ушбу жараёнда ноқонуний қурилишга эгалик ҳуқуқини олишни истаган фуқаролар ва маҳаллий ҳокимлик, мутасадди ташкилотлар орасида турли низолар ва тушунмовчиликлар келиб чиқаётгани бор гап.

Kun.uz таҳририятига ҳам айнан шу мазмундаги мурожаатлар кўплаб келмоқда. Шундай мурожаатларнинг навбатдагиси Самарқанд вилояти, Жомбой туманидаги «А.Қурбонов» маҳалласи аҳолисидан келди.

Маҳалладаги 20та хонадонда яшаётган аҳоли айни вақтда туман ҳокимлиги томонидан ноқонуний қурилган деб топилган уй-жойларига эгалик ҳуқуқи берилмаётганидан шикоят қилган.

Ушбу мурожаатни жойида ўрганиш мақсадида Жомбой туманида бўлиб, маҳалла аҳолиси билан суҳбатлашдик.

«Бир неча йиллардан буён биз яшаб келаётган «Беруний» кўчасидаги 20 хонадонга ноқонуний қурилганлик важи билан эгалик ҳуқуқи берилмай келинмоқда. Президентимиз фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида хонадонларга эгалик ҳуқуқи сўраб, туман давлат хизматлари марказига ариза билан мурожаат қилдик. Лекин мазкур уй-жойлар жойлашган ҳудуд туман бош режасига асосан ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ҳудудида жойлашганлиги ҳамда ушбу ер майдонлари уй-жой қурилиши учун мўлжалланмагани учун эгалик ҳуқуқи берилмаяпти. Аммо биз ўзимизча ерни эгаллаб олмаганмиз ва ўзбошимчалик билан ҳам уй қурмаганмиз. Бу ерларни 2010-2011йилларда аввалги тумани ҳокими вақтида олганмиз. Ер ажратишда қатнашган ҳокимлик вакиллари ҳаммамизга ҳоким қарорини олиб келиб беришни ваъда қилишди. Туман ҳокими ишдан бўшаб кетди. Эшитишимизча, ноқонуний ишлари учун жиноий жавобгарликка тортилган. Аммо бизда нима айб? Ер берилди, уй қуриб яшаб келмоқдамиз. Ҳозирги туман раҳбарияти эгалик ҳуқуқи беришни истамаяпти. Ахир, йигирмата хонадонда яшаётган 100дан ортиқ киши қаерга боради, айрим мансабдор шахсларнинг ноқонуний ишлари деб, уй-жойсиз қолиб, жабр кўриб қолаверамизми?

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов Паст Дарғом туманида сайёр қабул ўтказганда умид билан 20та хонадон вакиллари Жума шаҳрига бордик. Ҳоким бизни эшитиб, муаммомизни ҳал қилишни вилоят ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси бошлиғи Ш.Рўзиқуловга топширганди. Рўзиқулов келиб уй-жойларимизни кўрди ва бир ҳафта муддатда муаммони ҳал қилишини айтди. Белгиланган муддат тугагач, вилоят ҳокимлигига натижани билиш учун бордик. Лекин бизга ҳатто жавоб хатини ҳам топиб бера олишмади. Туман ҳокими Умид Назаровнинг «Зарафшон» маҳалласидаги сайёр қабулига борганимизда ҳоким бизни тинглашни ҳам истамади», – дейди маҳалладаги «Беруний» кўчасида яшовчилар.

Ўрганиш давомида маълум бўлишича, ҳақиқатан ҳам ушбу кўчадаги хонадон эгаларининг айримларида эгалик ҳуқуқини тиклаш бўйича туманнинг собиқ ҳокими Б.Нурмиханмедовнинг қарори бор. Аммо хонадон ўзбошимчалик билан қурилгани важи билан эгалик ҳуқуқини бериш эндиликда рад этилмоқда.

Туманнинг ўша вақтдаги раҳбар ва мутасаддилари ваъдалари билан фуқаролар 2010 йилдан бошлаб уй-жой қуриб яшаб келмоқда. Эгалик ҳуқуқи берилмаётгани туфайли 20та хонадонда истиқомат қилаётган 100дан ортиқ киши аросатда қолган.

Ажабланарлиси, бир қатор қилиб қурилган уйларнинг 2 ва 4 хонадонларга 2018 йилда кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган. Нега шу қатордаги бошқа уйларга ҳужжатлар расмийлаштириб берилмаяпти?

Ушбу ҳолат юзидан Жомбой тумани ҳокимлиги мутасаддилари билан суҳбатлашдик.

«Ушбу хонадонлар қурилган ерлар туманнинг 2008 йилда тасдиқланган бош режасига асосан ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга мўлжалланган ерлардир. Қолаверса, бу қурилган уйлар «Мирзаариқ» ариғи муҳофазаси ҳудудига ҳам ўтиб кетган. Шунинг учун ушбу ноқонуний қурилган уйларда яшаётган фуқароларнинг эгалик ҳуқуқини сўраб қилган мурожаати рад этилган», – дейди туман бош архитектори И.Рашидов.

Аммо ҳудудни кузатишимиз давомида шу кўча яқинида, «Мирзаариқ» ариғига бу уйлардан-да яқин масофада намунали уй-жойлар қурилганини кўриш мумкин. Намунали уй-жойлар қурилаётганда нега «Мирзаариқ» ариғининг муҳофаза ҳудуди ҳисобга олинмагани тушунарсиз ҳолат.

Қолаверса, бу ерлар аҳолига 2010-2013 йиллар оралиғида берилган. Туман бош режаси эса 2008 йил тасдиқланган. Нега унда бу ерлар аҳолига берилишида аввал тасдиқланган туман бош режаси ҳисобга олинмаган? Ва айни вақтда аросатда қолаётган одамларда нима айб? Улар 2010 йилдан буён қурилиш ишларини амалга ошириб, уй-жойларни тиклаб, яшаб келмоқда. Туман бош режаси 2008 йилда тасдиқланган бўлса, бу уйлар қурилишида аҳолига туманнинг бирорта мутасаддиси эътироз билдирмаган-ку?! Ўша савол: аросатда қолиб, жабр чекаётган аҳолида туманнинг аввалги раҳбар ва мутасаддилари «ўйини»да нима айби бор?

Биз билан суҳбатлашиш ва аҳоли билан учрашиш учун келган Жомбой тумани ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари Ш.Худоёров аҳоли билан суҳбатда гапни «Бу сайтга мурожаат қилганларинг билан муаммо ҳал бўлганда ўзим билардим», қабилида гап бошлаган бўлса, биз билан суҳбат давомида бу жойларга аввалги ҳоким берган бўлса, ўзлари жавоб беради, дея бу муаммонинг келиб чиқишини аввалги раҳбариятга ағдариб қўяқолди. Аммо бу муаммо айни вақтда ҳам мавжуд. Туманнинг ҳозирги мутасаддилари аввалги раҳбариятни айблаш билан чекланса, унда муаммога ким ечим топади?

Бундан ташқари, ушбу уйлар қаторида жойлашган айрим хонадонларга кадастр ҳужжатлари 2018 йилда расмийлаштириб берилган. Нега бу ҳолатда туманнинг 2008 йилда тасдиқланган бош режаси ҳисобга олинмаган?

Бу саволга туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Ш.Худояров, туман бош архитектори И.Рашидов ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришга масъул ташкилот мутасаддиси ҳам тайинли жавоб бера олмади.

Жомбой тумани ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари Ш.Худоёров бу ерларни берган туманнинг собиқ раҳбари жиноий жавобгарликка тортилганини такрор таъкидлар экан, аммо ўша пайти ажратилган бу ерлар масаласи суд жараёнида очиқ қолдирилганини билдирди.

Ўрганиш жараёнида бир-бирига зид бўлган ҳолатларни кўриш мумкин.

1. Туманнинг бош режаси 2008 йилда тасдиқланган. Шу сабабли бу уйларга мулк ҳуқуқи берилмаяпти.

2. Ушбу ер участкалари аҳолига туманнинг аввалги ҳокими ва мутасаддилари томонидан 2010-2013 йиллар оралиғида ажратиб берилган. Нега 2008 йил тасдиқланган бош режа ҳисобга олинмаган?

3. «Беруний» кўчасидаги 20та хонадоннинг айримларига 2018 йилда кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиб берилган. Бунда юқоридаги ҳолатлардан кўз юмилган. Нега шу қатордаги қолган уйларга бу ҳужжатлар расмийлаштирилиб берилмаяпти?

4. Туман мутасаддилари ушбу уйларни «Мирзаариқ» муҳофаза ҳудудига ўтиб кетганини важ қилиб ҳам кўрсатишмоқда. Шу уйларнинг ёнидан бу хонадонлардан-да ариққа яқин қилиб намунали уй-жойлар қурилган. Унда нега бу муҳофаза ҳудуди ҳисобга олинмаган? Бу хонадонларга келганда эса муҳофаза ҳудуди эсга олиняпти.

5. Ушбу ерда туманнинг аввалги ҳокими ер ажратиб бергандан кейин 2010-2013 йиллар оралиғида аҳоли томонидан уй қуриш ишлари бошланган. Шу вақтгача яшаб келишмоқда. Нега туман ҳокимлиги ва тегишли ташкилотлар ўша пайти туманнинг бош режасини эсга олиб, уларни бу ишдан тўхтатишмаган?

Барчаси доира шаклида бир-бирига зид ҳолатлар. Бундан фақат аҳоли азият чекмоқда. Туманнинг аввалги мутасаддилари бир-бирига зид бўлган ушбу ҳолатларни келтириб чиқарган бўлса, ҳозирги туман ҳокими бу хонадонда яшаётган аҳолини эшитишни истамаса, туман ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари бор айбни аввалги раҳбариятга ағдариш билан чекланса, ўртада аҳоли жабр кўриб, адолат тополмаса, муаммо қандай ечим топади?

Ушбу хонадонларда яшаётган аҳолининг таъкидлашича, бу муаммо юзасидан тумани ҳокими уларни эшитишни истамаяпти. Туман мутасаддиларининг қўпол муомаласидан фуқаролар бу масала юзасидан қайта мурожаат қилишга жазм этишолмаяпти.

Аҳолининг ушбу эътирозларини Жомбой тумани ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари Ш.Худоёров рад этган бўлса, туман ҳокими Умид Назаров билан бу масалада учрашишнинг имкони бўлмади.

Маълумотларга кўра, айни вақтда Самарқанд вилоятида 70 мингдан зиёд ўзбошимчалик билан қурилган уйлар бор. Президентнинг 2018 йил 20 апрелдаги ПФ–5421-сонли фармонидан кейин ўзбошимчалик билан қурилган уйларга  эгалик ҳуқуқи бериш юзасидан 40 мингга яқин ариза қабул қилинган. Шу кунгача 12 мингдан зиёд ўзбошимчалик билан қурилган уйларга эгалик ҳуқуқи бериш бўйича ижобий хулоса берилган. (Демак 30 мингдан зиёд аҳоли ҳали кўп жойларга мурожаат қилиши мумкин).

Ачинарлиси, сайтга келаётган мурожаатларга кўра, айрим туманларда фуқароларнинг аризалари қабул қилинган, комиссия томонидан ўрганилган ва ИЖОБИЙ ХУЛОСА БЕРИЛГАН қатор уйларга ҳам эгалик ҳуқуқи бериш ортга суриб келинмоқда. Низом талабларига тўғри келмаган уйлар ўз йўлига, аммо ижобий хулоса олинганлари-чи? Кўп ҳолларда тегишли комиссия томонидан ижобий хулоса қилинган аризалар юзасидан ҳам номаълум сабабларга кўра туманлар ҳокимларининг қарорлари қабул қилиниши пайсалга солинаётганидан нимани тушуниш мумкин? Умуман, бир марталик акциянинг мақсад-моҳиятини ҳамма ҳокимлик ҳам тўғри тушуняптими? Эртага, акция муддати тугагач, юз минглаб фуқаролар яна шу муаммо билан қолмайдими?

Kun.uz Самарқанд вилояти ва Жомбой мутасаддилари тумандаги «А.Қурбонов» маҳалласи, «Беруний» кўчасидаги 20та хонадонда яшаётган аҳолининг ушбу муаммосига тегишли тартибда ечим топишига ишонч билдиради.

Вилоят мутасаддилари ва туман ҳокими 100дан ортиқ киши кўчада қолмаслиги учун туман бош режасига ўзгартириш киритиш юзасидан ташаббус кўрсатиб, лозим бўлса, ушбу ваколатга эга бўлган Вазирлар Маҳкамасига тегишли тартибда таклиф киритиши ҳам мумкин. Чунки, бу ўринда аҳолида айб йўқ. Улар фақат айрим мансабдор шахслар туфайли жабр кўрмоқда.

Kun.uz сайти яқинда Жомбой туманидаги «Ўртабўз» маҳалласи аҳолисининг худди шу каби муаммосини ўрганган эди.

Бу эса мазкур туманда кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини амалга оширишда етарлича муаммолар борлигини кўрсатиб турибди.

Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.

Ғолиб Абдусаломов
Тайёрлаган Ғолиб Абдусаломов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид