Ўзбекистон | 18:54 / 01.11.2020
32070
4 дақиқада ўқилади

Жомбойдаги «зирҳланган» «олтин девор». У одамларнинг йўлини тўсмоқда

Жомбой туманининг «Ширинкент» маҳалласидаги кўчалардан бирига тортилган девор шу йўлдан ўтиб-қайтувчи одамларга ноқулайлик туғдирмоқда. Шу ҳудудда яшовчи фуқаролар бу ҳақда таҳририятга мурожаат қилди.

«Ширинкент» маҳалласида яшовчи М.Холиқулова ҳамда Д.Маҳмудовларнинг маълум қилишича, азалдан аҳоли шу йўлдан ўтиб-қайтган. Дабдурустдан шу йўл ёқасида жойлашган савдо дўкони эгасининг йўлни ёпиб олиши бир қатор фуқароларнинг сарсон бўлиши, ўз уйига ўтиши учун бир неча километр масофани босиб ўтишига сабаб бўлмоқда. Девор ҳам можаро марказида туравериб нақ «олтин девор»га айланган, биров бузай демайди.

девор тортилган кўча

 

олдинги ҳолат

Маълум бўлишича, девор «Зумрад» савдо ишлаб чиқариш корхонасига қарашли дўкон раҳбари Э.Нарзиев томонидан қурилган бўлиб, унга мазкур ерга эгалик қилиш ҳуқуқи туман ҳокимлиги томонидан берилган. Туман ҳокимлиги эса эгалик қарори 2014 йил, ўша вақтдаги масъуллар томонидан берилганини маълум қилди. Ҳокимлик вакилига кўра, туман раҳбарияти мазкур вазиятда фуқароларни қўллаб-қувватлашини, бироқ ишни суд кўриб, якуний қарор чиқаргани, ҳокимлик эса суд ишига аралашмаслигини маълум қилмоқда.

Бир гуруҳ фуқаролар мазкур қарорни ноқонуний деб топиш юзасидан Жомбой туман маъмурий судига мурожаат қилган.

«Судга мурожаат қилиш учун қўлимизда рад этиб бўлмас қатор асослар бор эди. Биринчидан, аҳоли фойдаланадиган йўлнинг бировга бериб юборилишини ноқонуний деб ҳисоблаймиз. Иккинчидан, қонунга кўра, ҳокимликнинг эгалик қарори ер ажратиш тўғрисидаги қарори асосида чиқарилади. Йўлни эгаллаб олган Э.Нарзиевга ер ажратиш тўғрисидаги ҳокимлик қарорида эса йўл эмас, балки унинг ёнидаги ҳозирги дўкон ўрни бўлган 80 квадрат метр ер кўрсатилган. Аммо шу ҳужжат асосидаги эгалик ҳуқуқи қарорида йўқ жойдан ернинг умумий майдони 294 квадрат метр бўлиб қолган. Яъни, ҳокимликнинг Э.Нарзиевга берган ерга эгалик қилиш ҳақидаги қарори ноқонуний. Аммо суд далилларимизни инобатга олмасдан, даъво аризамизни рад этди», дейди фуқаро М.Эркинова.

Туман «Ермулккадастр» корхонаси вакили М.Нурматов ҳақиқатан ҳам ерга эгалик қилиш тўғрисидаги қарор ер ажратиш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган ерга берилиши лозимлиги, юқоридаги қарор эса нотўғри чиққанини маълум қилди. Худди шу фикр туман бош архитектори Зоҳид Турдиев томонидан ҳам билдирилди.

Туман бош архитекторининг маълум қилишича, туман бош лойиҳасида юқорида кўрсатилган ҳудуд киритилмаган. Бундай вазиятда ҳудуднинг ўзи учун тузилган бош лойиҳа асосий ҳужжат ҳисобланади ва бу лойиҳада низодаги девор ўрни ҳақиқатан ҳам йўл бўлган. Бу ҳақда архитектор суд ишида ҳам қатнашиб маълум қилган.

мурожаат эгалари

 

ҳудуднинг харитаси

Аммо юқорида айтилганидек судда фуқароларнинг даъвоси рад этилган. Эндиликда аҳоли йўлдан мосуво, кўпчилик тақдирга тан бериб, узоқ масофадан айланиб келишга мажбур. Айримлар эса турли идораларга мурожаат қилишда давом этмоқда. Ҳолатни ўрганиш учун борганимизда, илгари шу йўлдан ўтиб қайтган болаларнинг энди девор ошиб ўтаётганига гувоҳ бўлдик. Аммо бу ҳам кўп кўрилган шекилли девор усти шиша синиқлари билан «зирҳланган».

Иккинчи томон, савдо дўкони раҳбари Э.Нарзиев дўконда бўлмагани сабабли ундан изоҳ ололмадик. Табиийки, судда ютиб чиққан тадбиркор ўз-ўзидан халққа йўлни очиб бермаса керак.

Умуман, мазкур ҳолатда фуқаролар энди кимга мурожаат қилишга ҳам ҳайрон. Кадастр улар ҳақлигини айтмоқда, туман архитектори ҳам шуни таъкидлади, ҳокимлик ҳам. Аммо барибир масала ҳал бўлмай қолмоқда. «Ширинкент»даги «олтин девор» одамларнинг йўлини тўсиб турибди...

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ, Kun.uz мухбири
Тасвирчи Фахриддин ҲОТАМОВ

Мавзуга оид