Спорт | 14:10 / 18.03.2019
25978
12 дақиқада ўқилади

«Реал»да «тозалаш», «Барса» эса чемпионликка яқин. Испанияда тур якунлари

Исконинг голи ва Марселонинг Бэйлга голли узатмаси «қаймоқранглилар»га Зиданнинг қайтишидаги илк ўйинда «Сельта»ни мағлуб этишда ёрдам берди.

«Реал» - «Сельта» - 2:0 (0:0)
Голлар: Иско, 62 (1:0). Бэйл, 77 (2:0). 
«Реал»: Навас, Одриосола, Серхио Рамос, Варан, Марселу, Кроос, Модрич (Вальверде, 77), Иско (Себальос, 63), Асенсио, Бэйл, Бензема (М.Диас, 82).
«Сельта»: Рубен Бланко, Васкес, Костас, Араухо, Хункa (Худт, 4), Буфаль (Юльсагер, 68), Лоботка, Окай Йокушлу (Бельтран, 75), Мендес, Систо, Гомес.
Огоҳлантириш: Бэйл, 45. 
Ҳакам: Мартинес Мунуэра (Испания).
16 март. Мадрид. «Сантьяго Бернабеу» стадиони.

Французнинг олқишланиши

Ўтган ҳафтада «Реал» бош мураббийлиги курсисига қайтган Зинедин Зидан шанба куни «Сантьяго Бернабеу»да олқишлар билан қарши олинди. Хулен Лопетеги ва Сантьяго Солари давридан кейин мухлислар унга авлиёдек қарашди. Чиндан ҳам, у аввалги 2,5 йиллик фаолиятида Европани «Қироллик клуби» қаршисида тиз чўктирганди.

Охирги мотивациялар
Ҳозирча франциялик мутахассисга Европада иш йўқ, аввал ички ишларни ҳал қилиб олиш керак. «Реал»да бу мавсум учун ягона мотивация қолган - Чемпионлар лигаси ўрнини йўқотмаслик (бунинг эҳтимоли жуда кам). Айни вақтда «Реал» пешқадамдан 12 очко ортда, шу билан бирга бешинчи ўриндаги «Алавес» билан орадаги фарқ ҳам 10тани ташкил қилмоқда. Зидан ўз қўли остидаги футболчилар билан тўртинчи ўриндан пастга тушиб кетмасликни уддалаши аниқ.

Навас, Марсело ва Исконинг қайтарилиши
Оддий футбол мухлиси «Реал»нинг «Сельта»га қарши бошланғич таркибини кўриб ҳайрон бўлиши мумкин эди. Нима учун таркибда Тибо Куртуа, Серхио Регилон, Дани Карвахаль, Каземиро, Лукас Васкес ва Винисиус Жуниор йўқ: наҳотки Зидан «тозалаш» ишларини бошлади?

Асенсио чап қанот ҳужумида, Бэйл ўнг қанотда - бу ерда барчаси тушунарли. Винисиус ва Лукас Васкес жароҳатда. Шу туфайли бу ўйинда ўнг қанот ҳимоясига Одриосола қўйилди, Карвахаль эмас. Аммо Солари даврида чап қанот ҳимоясида муқим ўрин эгаллаган Серхио Регилон захирада қолдирилиб, Марсело бошланғич таркибга қайтарилди, шунингдек, ўтган йилнинг октябридан буён, яъни Солари клуб бош мураббийлигига келганидан буён бирор марта бошланғич таркибдан ўрин олмаган, ҳатто футбол ўйнашни унутиб қўйгани айтилаётган Иско ўйинни илк дақиқалардан майдонда бошлади. Ниҳоят, дарвозага Куртуа эмас, Навас қўйилди, бу орқали Зидан барчага, «Реал» президентига, мухлисларига ва футболчиларга ўз қатъиятини кўрсатиб қўйди.

Бельгиялик дарвозабон ўрнини коста-рикалик эгаллаши - Флорентино Перес учун аниқ-тиниқ «мессеж» бўлиб, бу орқали Зидан бундан кейин таркибни ким танлашини маълум қилди. Навас ҳамиша Зиданнинг севимли дарвозабони бўлган, ЕЧЛдаги қаторасига уч чемпионликда Наваснинг ўрни Криштиануникидан кам бўлмаган, Куртуа эса Зидан кетганидан кейин харид қилинган. Навас Куртуга рақобатда бой бергани учун эмас, Лопетеги ва Солари уни ёқтирмагани учун эмас, клуб президенти шундай бўлишини истагани учун захирага михланганди. Президент жамоаси дарвозасида ҳам жаҳон даражасидаги, ҳам рекламалар учун мос дарвозабон туришини истаганди.

«Ўтмиш ҳақида унутинг. Биз барчасини нолдан бошлаймиз, аввал ким қандай ишлар қилгани муҳим эмас. Сизларнинг ҳеч бирингизга асосий таркибда жой кафолатланмаган, ҳеч ким сабабсиз таркибдан тушиб қолмайди. Биз яқин ойларни яхши натижалар билан ўтказишимиз керак», деганди ўйиндан аввал Зидан.

Ишончнинг оқланиши
Костарикалик дарвозабон мураббий ишончини оқлади. Ўйиннинг 15-дақиқасида галисияликлар илк хавфли ҳужумни амалга оширишди ва бу ҳужум гол билан якунланишига бир бахя қолди - аммо Макси Гомеснинг яқин масофадан бош билан йўллаган зарбасини Навас қўллари учи билан майдон ташқарисига чиқариб юборди. Фантастик реакция.

Бу вазият «Реал» футболчиларини сергаклантирди ва улар ҳам рақиб дарвозаси томон ҳаракатлана бошлашди. Танаффус арафасида Бэйлнинг зарбаси тўсиндан қайтди, «Сельта» дарвозабони Марсело ва Рамоснинг зарбаларини бартараф этди, биринчи бўлим якунида таблода ҳисоб ўзгармади ва барчаси кейинги 45 дақиқаликка қолди.

VAR қарши
Иккинчи бўлим бошида «Реал» гол урди - аммо технология аралашуви билан гол бекор қилинди. Кўринишидан, бу вазиятда ҳеч қандай «жиноят» йўқдек эди - Модрич узоқ масофадан аниқ ва кучли зарба йўллади, аммо бу вазиятда Рамос ва Варан офсайд ҳолатида эди. Улар тўпга тегишмади, аммо ўйин ҳаками видеотакрорни кўргач ва видеоёрдамчилар билан маслаҳатлашувдан кейин дарвозабонга халал берилган деб ҳисоблаб, голни бекор қилишга қарор қилди.

Исконинг 2019 йилдаги илк голи

Бу ҳолат фақат майдон эгаларининг кучига куч қўшди. Бир неча дақиқа ўтиб «Реал» яна ҳужум уюштирди ва ҳаммадан муносиб футболчи гол урди. Асенсио тўп билан аъло даражада ҳаракатланди ва чап қанотда бўш қолган Бенземага тўпни ташлаб берди, франциялик ҳужумчи эса дарвоза қаршисида турган Искони голли пас билан таъминлади. Бу испаниялик яримҳимоячининг 2019 йилдаги илк голи эди, Иско охирги марта ўтган йилнинг декабрида Испания Кубоги ўйинида «Мелилья»га қарши ўйинда (6:1) ўз номини таблога ёздирганди.

Голдан кейин Зидан уни майдондан олиб, ўрнига Себальосни туширди, бу орқали мураббий Иско трибунадаги мухлислар олқишларини қабул қилиб олишига шароит яратиб берди.

Марселодан голли пас
Кўп ўтмасдан майдон эгалари устунликни оширишди - бунгача бир неча вазиятларни кўкка совурган Бэйл бу сафар «Сельта»ни кечирмади. Уэльслик футболчига голли пасни Зидан таркибга қайтарган футболчилардан яна бири - Марсело берди. Франциялик мутахассиснинг эски гвардияси хўжайинга садоқатини шу тариқа изҳор этди.

«Бугун Навас ўйнади, аммо Куртуа ҳам ҳали ўйнайди. Бизда учинчи дарвозабон ҳам бор - Лука. Мадридга икки, уч, тўрт дарвозабон керак. Бу ерда мураббий ҳамиша танловда қийналади. Аммо мавсум якунига қадар менга Наваснинг ҳам, Куртуанинг ҳам хизматлари керак бўлади. Ундан кейин эса кўрамиз», деди Зидан ўйиндан кейин.

Зизунинг «Реал»га қайтиши ишончли ғалаба билан кечди - у худди кетмагандек. Ҳа, «Сельта» кучли рақиб эмасди, «қаймоқранглилар» мавсумдаги асосий ўйинларни бой бериб бўлишган, аммо вазифа мавсум якунида имкон қадар юқорироқ ўринни эгаллаш. Демак, кейинги ўйинларни ҳам қизиқиш билан кутишга асос бор.

Кўк-анорранглилар навбатдаги ғалабага эришди, Мессидан навбатдаги голлар ва навбатдаги рекорд

«Бетис» - «Барселона» - 1:4 (0:2)
Голлар: Месси, 18 (0:1). Месси, 45+2 (0:2). Суарес, 63 (0:3). Лорен Морон, 82 (1:3). Месси, 85 (1:4).
«Бетис»: Пау Лопес, Манди, Бартра, Сидней, Хоакин (Эмерсон, 67), Гуардадо, Виллиам Карвалью (Лорен Морон, 75), Каналес, Ло Сельсо (Лайнес, 68), Тельо, Хесе.
«Барселона»: тер Штеген, Сержи Роберто, Пике, Лангле, Жорди Альба, Видаль, Бускетс, Артур (Семеду, 64), Ракитич (Аленья, 88), Суарес (Коутинью, 90), Месси.
Огоҳлантиришлар: Гуардадо, 16. Лангле, 52. Семеду, 67.
Ҳакам: Де Бургос Бенгоэчеа.
17 март. Севилья. «Benito Villamarin (Manuel Ruiz de Lopera)» стадиони.

Қасос учун ўйин
«Барселона» ўз майдонида мағлуб бўлиши камдан-кам учрайдиган ҳолат. Бундай ўйинларни санаш учун бир қўлдаги бармоқлар ҳам етиб ортади. Жорий мавсумда бундай ўйин фақат бир марта кузатилди - ўтган йилнинг ноябрида каталонияликлар «Камп Ноу»да кутилмаганда «Бетис»га мағлуб бўлишганди (3:4). Майдон эгаларини ўшанда ҳатто қўлидаги жароҳатидан кейин сафга қайтган Месси ҳам қутқара олмаганди.

Шу туфайли, «Барселона» бу ўйинга реванш олиш ва «адолатни тиклаш» учун келганди. Бу ўйинда ғалаба қозонишса, кўк-анорранглилар иккинчи ўриндаги «Атлетико» билан орадаги фарқни 10тага етказиши мумкин эди, Симеоне шогирдлари бу турда «Атлетик»ка 0:2 ҳисобида ютқазганди.

Икки зарба - икки гол
Севильяликлар жамоаси ҳам қийин вазифани уддалашни истарди, Кике Сетьен жамоаси бир мавсумда икки марта «Барселона»ни мағлуб этишни мақсад қилганди. Майдон эгалари ўйинни ҳужумкор бошлади, тер Штеген дарвозаси қаршисида хавфли вазиятлар яратилди, мезбонлар тўпга эгалик қилиш борасида устунлик қилишди - 18-дақиқага келиб майдон эгаларида бу устунлик 60га 40 кўринишида эди. «Барселона» футболчилари эса бу вақт мобайнида бирор марта ҳам Пау Лопес дарвозаси томон хавф солишмади. Аммо шу дақиқада каталонияликлар илк бор жарима зарбаси бериш имкониятини қўлга киритишди ва Лионель Месси ҳисобни очди. Тўп дарвозабон турган бурчак томон йўналтирилди, аммо Лопес реакция кўрсатишга ҳам улгурмади.

Биринчи бўлим давомида меҳмонлар рақиб дарвозаси томон атиги икки бор зарба беришди ва 100 фоизлик натижа кўрсатишди. Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқалар ўтиб бораётганида Суарес Мессига товони билан голли пас узатди, аргентиналик ҳужумчи бир уринишда жамоаси устунлигини оширди.

Луис-Лео
Иккинчи бўлимда ҳам кўк-анорранглилар ҳужумга кўп ўтишмади ва рақибни ҳимоя чизиғида кутиб ола бошлашди. Имкон туғилиши биланоқ эса қарши ҳужумга чиқишди. Шундай вазиятлардан бирида Суарес якка ўзи рақибнинг 3-4 ҳимоячисини доғда қолдириб олдинга интилди ва рақиб жарима майдонига кириб бориб, тўпни куч билан тепиб дарвоза тўрига жойлади ҳамда ҳисоб йирик кўриниш олишини таъминлади.

«Бетис» 82-дақиқада битта жавоб голи урди, Морон ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйди, аммо кўп ўтмасдан Месси ҳет-трикни расмийлаштирди. Унинг учинчи голи ҳам жуда чиройли чиқди. Лео тўпни дарвозага парашют услубида ташлаб қўйди. Энди уни мезбон жамоа мухлислари ҳам олқишларди.

Ўйиндаги охирги ҳужум ҳам Мессининг зарбаси билан якунланди, аммо дарвоза устуни у покер қайд этишига имкон бермади.

Лионель Месси клуб сафида энг кўп ўйин ўтказган футболчилар рўйхатида иккинчи ўринга кўтарилди. «Бетис»га қарши кечган баҳс Месси учун «Барса» либосида барча мусобақалар доирасидаги 674-ўйин бўлди. Натижада у гвардиячилар рўйхатида Андрес Иньестага етиб олди. Фақатгина Хави ҳисобида 767та учрашув бўлгани ҳолда икки футболчидан олдинда бормоқда.

Мессининг жорий мавсумда Испания чемпионатида урган голлари сони 29тага етди, унинг ҳисобида шунингдек 12 голли пас мавжуд.

«Барса» «Бенито Вильямарин»да реванш олди ва «Атлетико» билан орадаги фарқ энди 2 хонали сонда ифодаланади - 10 очко. Тур ўтгани сайин Испанияда чемпионлик интригаси ўлиб бормоқда.

Турнинг барча ўйинлари

Турнир жадвалидаги ҳолат

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид