Жамият | 08:13 / 21.03.2019
40669
6 дақиқада ўқилади

Лицензиясидан маҳрум бўлган “Браво” Бўздаги байрам дастурида иштирок этдими?

Юртда Наврўз тантаналари бўлиб ўтмоқда. Байрамларга эса қўшиқчилар, раққос, аскиячи ва сўз усталари файз киритади. Бундай кунларда таниқли санъаткорлар имкони борича кўпроқ тадбирга бориб халқ кўнглини олишга ҳаракат қиладилар. Албатта, текинга эмас. Бундан ташқари, санъат вакилларининг гастрол-концерт фаолияти юритишлари учун тегишли муассаса - “Ўзбекконцерт”дан лицензия, яъни рухсатномаси бўлиши ҳам зарур.

17 март куни, Андижон вилоят Бўз тумани ҳокимлигининг Фейсбук ижтимоий тармоғидаги “Bo'z Tumani Birinchi Sektor ва Телеграм мессенжерида ҳам худди шу ном билан юритилувчи саҳифаларида туманда Наврўз байрами тантаналари бўлиб ўтгани ва концерт дастури давомида “Браво” гуруҳи чиқишлар қилгани айтилди.  

Жумладан, хабарда “Байрамда таниқли санъаткорлар ва ҳозирги кунда кўп сонли мухлисларига эга бўлиб улгурган "Браво" жамоаси иштирок этиб, йиғилганларга аъло кайфият улашди”, дейилиб, гуруҳ аъзоларинг дастур давомидаги чиқишлари акс этган фотосуратлар тақдим этилган. Унда жамоанинг уч вакили - Аҳмад Темиров, Умид Умаров ва Отабек Мирзахоловларнинг биргаликдаги ижро жараёни акс этган. 

Ижтимоий тармоқдаги хабар ва суратлар остида фойдаланувчилар: “Браво”нинг лицензияси олиб қўйилмаганмиди?” деган саволлар қолдирган.  

Аслида, байрам кунлари санъаткорларнинг айниқса, “Браво” жамоасининг халқ хизматида бўлиб, чиқишлар қилишига ҳеч кимнинг эътирози йўқ. Фақат, лицензиясидан мосуво қилинган гуруҳ аъзолари тегишли қоидаларни бузаётгани, “Ўзбекконцерт” томонидан қўйилган тақиқни писанд қилмаётгани таажжубланарли..

Бу ҳолатни кўрган фуқароларда: “муассаса лицензияни бекор қилса ҳам, санъаткор байрам ва тўйларда хизмат қилавериши мумкин экан” мазмунидаги хулоса пайдо бўлади.   

Биламизки, гуруҳнинг энг фаол аъзоларидан бири Отабек Мирзахолов Андижон вилоятининг Бўз туманидан.    

Бу ҳолат бўйича “Ўзбекконцерт” ташкилоти лицензия бўлими ходими билан суҳбатлашганимизда, масъул шахс тегишли қарорга асосан лицензиядан маҳрум қилинган санъаткорларнинг байрам ва бошқа тадбирларда иштирок этиши маън қилинишини билдириб, агар шундай ҳолат аниқланса, санъаткорларга нисбатан тегишли чора қўлланилишини билдирди. “Афсуски, жойларда ўтказилаётган барча тадбирларни назорат қилишнинг иложи йўқ. Вилоят бўлимларимизда ишлайдиган ходимлар сони чекланган. Лекин, шундай ҳолат аниқланса, албатта чора кўрилади”, дейди мутасадди.    

Шуни айтиб ўтиш лозим, “Браво” йигитлари мазкур концертда айнан гуруҳ таркибида (трио бўлиб) чиқиш қилишган.  

Ўзбек томоша санъати вакилларининг қуюшқондан чиқаётгани тўғрисида ўтган икки ой жуда кўп ёзилди. Айниқса, “Браво” гуруҳи ва актриса Ҳалима Ибрагимованинг хатти-ҳаракатлари жамоатчилик ўртасида катта шов-шувлар келтириб чиқарди.   

“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси раҳбари Одилжон Абдуқаҳҳоров февраль ойи бошларида “Браво” гуруҳининг концерт дастурида оилавий даврада кўриб бўлмайдиган қўпол ҳазиллар мавжудлиги, муассасага сценарий топширилганида бундай ҳазиллар кўрсатмай кетилганини билдириб, гуруҳнинг лицензияси бекор қилиниши ҳақида айтганди.

Бу воқеадан олдин, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Алишер Қодиров «Браво» гуруҳининг концерт дастури бўйича ўз мулоҳазаларини билдирган ва гуруҳнинг концерт дастури бўйича Марказга бир нечта мурожаат бўлганини билдирган эди.

Бу орада актриса Ҳалима Ибрагимованинг ижтимоий тармоқларда мухлислар билан «гап талашувлари», хусусан «Инстаграм» саҳифасида ўзининг ҳақлигини исботлаш ва бошқаларга «муносиб» жавоб бериш учун гапирган ҳақоратомуз сўзлари тарқалиб кетганидан хабарингиз бўлса керак.

Шундай қилиб, 26 февраль куни «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси томонидан «Туркистон» санъат саройининг мажлислар залида «Бадиий сўз санъати ва саҳна масъулияти» мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Тадбир давомида «Ўзбекконцерт» билан тузган лицензия талаблари ва шартлари қўпол равишда бузилгани, яъни ўтказилган концерт дастурларида Муассасага топширилган сценарийдан четга чиқиб, миллий урф-одатларимиз, одоб-аҳлоқ, маънавий қадриятларга ёт бўлган, фаҳшни тарғиб қилувчи ҳажвиялар орқали ўзбек сўз санъати обрўсига путур етказаётгани, ижтимоий тармоқларда санъаткор одобига риоя этмагани учун сўз усталари «BRAVO» ва Ибрагимова Ҳалима Убайдуллаевналарнинг лицензиялари «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 23-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 9 декабрдаги 354-сон қарорининг 1-иловаси билан тасдиқланган Низомнинг 37-бандига асосан 2019 йилнинг 26 февраль кунидан амал қилиши тугатилди.

Юқорида айтилганидек, байрам санъаткорлар билан байрамдек ўтади. Уларнинг тантаналарда иштирок этиб, даврага файз киритишларига ҳеч қандай эътирозимиз йўқ. Фақат, ўзининг масъулиятсизлиги оқибатида лицензияси олиб қўйилган санъаткорнинг ўзига хос жазоланиши жиддий назоратга олинса, эртанги кун ана шундай хатолар бўлмаслигига ижобий таъсир қилади, деган умиддамиз.    

Элбек Ҳусанжонов

Мавзуга оид