Жаҳон | 12:00 / 23.03.2019
34571
3 дақиқада ўқилади

Ёқутистонда қирғизистонлик муҳожирлар билан можаро юзага келди, расмий Бишкек Россиядан ўз фуқароларини ҳимоя қилишни сўради

Қирғизистон парламенти раиси Дастанбек Жумабеков Россия элчиси Николай Удовиченко билан Ёқутистон фуқароси бўлган қиз қирғизистонлик муҳожир томонидан зўрланиши воқеаси ортидан юзага келган вазиятни муҳокама қилди. Бу ҳақда парламент матбуот хизмати томонидан хабар берилган.

Қирғизистон томони рўй берган ҳодисадан афсусдалигини маълум қилган. Ушбу ҳодисадан кейин ҳудудда қирғизистонлик меҳнат муҳожирларига нисбатан нафрат оловлангани туфайли Жумабеков Удовиченкодан ўз ватандошлари хавфсизлиги таъминланишини сўраган.

Бундан ташқари, Ёқутистонга Қирғизистондан вазиятни ҳал қилиш учун ишчи гуруҳ йўлланган.

«Жиноят миллий характерга эга эмас. Шу туфайли айни вақтда Ёқутистонда бўлиб турган, ҳодисага алоқадор бўлмаган кўп сонли Қирғизистон фуқаролари хавфсизлигини таъминлаш чораларини кучайтиришингизни сўраймиз», дейилади Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги хабарида.

Қирғизистон фуқароси бўлган 23 ёшли шахс томонидан ёқутистонлик қиз зўрлангани маълум бўлгач, 17 март куни Ёқутистонда тинч митинг бўлиб ўтганди. Айрим хабарларга кўра эса, зўравонликда бир неча қирғизистонлик иштирок этган.

18 март куни эса республика раҳбари Айсен Николаев ва маҳаллий аҳоли вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтган, минглаб кишилар иштирок этган учрашувда раҳбарият барча турдаги жиноятчиликни назоратга олишни ваъда қилганди. Шунингдек, ноқонуний мигрантлар қайтариб юборилиши маълум қилинган.

Ёқутистондаги қирғиз диаспораси етакчиси Жазбек Беколиев берган маълумотларга кўра, Саха Республикасида 10 минг нафардан ортиқ қирғиз ишлайди.

Кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда Қирғизистондан бўлган мигрантлар жиддий муаммоларга дуч келаётгани, улар маҳаллий аҳоли вакиллари томонидан таъқиб қилинаётгани маълум бўлганди. Интернетда тарқалган видеоларда бир гуруҳ кишилар қирғизистонликлар ишлайдиган кафелар ва дўконларни айланиб, уларга босим ўтказгани ва таҳдид қилишганини кўриш мумкин.

Улардан бирида сабзавот сотувчи қирғизистонликка маҳаллий аҳоли вакили шундай дейди: «Мен қоғозга ёзиб осиб қўяман — «Бу ерга кирманглар, бу ерда қирғиз ишлайди»… Тангаларингни йиғиштир, Қирғизистонга кет, тушуняпсанми, ўша ерда яша».

Шу кунларда қирғизистонлик мигрантлар ишга чиқишни тўхтатишган, айримлар ватанига қайтиб кетишга шошилмоқда.

Саха Республикасида митинглар бўлиб ўтаётгани ҳақида маълумот тарқалгач, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида ҳам фавқулодда ишчи гуруҳи тузилди.

Бугунги кунда Саха Республикасида Ўзбекистоннинг 11 250 нафар фуқароси меҳнат фаолиятини олиб бормоқда. Вазирлик ходимлари Ёқутистондаги ўзбек диаспорасининг вакили Тошпўлат Ёдгоров билан боғланишди. Тақдим этилган маълумотга қараганда, бугунги кунда вазият ўта кескин эмас, ўзбекистонликлар ҳаёти ва соғлиғига ҳеч қандай хавф йўқ. Шунга қарамай, диаспора вакили эҳтиёткорликни йўқотмаслиги кераклиги тавсия қилинган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид