Фан-техника | 15:29 / 26.03.2019
6267
2 дақиқада ўқилади

Apple ўз кредит карталарини чиқарди

Фото: Apple

Apple компанияси ўзининг илк молиявий маҳсулоти — Apple Card карталарини тақдим этди. Карталарни Goldman Sachs банки чиқаради, улар Apple Wallet иловасига интеграция қилинади. Иловада карта эгасининг кирим ва чиқимлари ҳисоботи акс этади.

Карта билан Apple Pay қабул қилинадиган барча жойда тўловларни амалга ошириш мумкин. Бугунги кунда Apple Pay Америкадаги 70% савдо нуқталарида, дунёнинг 40 мамлакатида қабул қилинади.

Қолган ҳолатлар учун титандан ишланган физик карта чиқарилиши кўзда тутилган. Картада унинг рақами, CVV хавфсизлик коди, амал қилиш муддати ва карта эгасининг исм-фамилияси бўлмайди. Бу маълумотларнинг барчаси карта эгасининг телефонида бўлади.

Apple Pay орқали тўлов қилинганида 2% ва Apple магазинларидаги маҳсулотлар учун тўлов қилинганида 3% кэшбек тақдим этилади. Физик карта учун кэшбек 1%ни ташкил этади.

Молиявий маҳсулотлар таҳлили билан шуғулланувчи NerdWallet компанияси мутахассиси Сара Ратнернинг фикрича, карта тез-тез Apple маҳсулотларини сотиб олувчи ва унинг сервисларидан фойдаланувчилар учун қулай бўлади.

 

Мавзуга оид