Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Назар Эшонқул: Хушомад ва маддоҳлик, ижодкорнинг сиёсат ва мафкурага қуллиги ҳамда оломончилик ҳақида
Жамият, адабиёт хусусан, ўзбек адабиёти, унинг таҳлиллари, муаммолари юзасидан қатор кўрсатув ва суҳбатларни ўқувчилар эътиборига ҳавола этиб келаётган Kun.uz’нинг навбатдаги суҳбатдоши таниқли ёзувчи Назар Эшонқул бўлди.
Ёзувчи билан бугунги жамият ва адабиёт ҳақидаги суҳбатимиз очиқ ва самимий руҳда ўтди.
Видео: Mover (Tas-IX)
Видео: Youtube.com
— Назар ака, инсоният яралибдики, санъатга хусусан, адабиётга интилиб яшайди. Айтингчи, инсонда бу оламга бўлган интилиш, эҳтиёж аслида қандай пайдо бўлади, қачон пайдо бўлади ва унинг пайдо бўлишига сабаб нима? Адабиётдан узоқ инсон қандай инсон?
— «Адабиёт нима?» — деган саволга сиз билан менгача ҳам жуда кўпчилик жавоб излаган, аммо аниқ ва тўлақонли жавобни ҳеч ким беролмаган. Ўйлашимча, адабиёт инсон жаннатдан узилгандан кейин (Одам Ато ва Момо Ҳаво) ўша ҳақиқий дунёдан узилиш ва унинг соғинчи асосида пайдо бўлди. Шунинг учун ҳам эҳтимол аввал сўз пайдо бўлгандир.
Ҳатто инсонни қутқариш учун бу оламга юборилган воситаларга қарасак ҳам унда муқаддас китобларни кўрамиз. Яна ўша китоб ва яна ўша сўз. Демак, адабиёт бу – сўз санъати. Айнан адабиёт муқаддас бўлган туйғуларни инсониятга эслатиб туради. Одамни азал ва абад билан бирлаштириб туради, содда қилиб айтганда эса одамийлигини эслатиб туради.
Адабиётдан узоқ инсон қандай инсон деган саволингизга иккита ҳолат бўйича гапириш керак бўлади.
Биринчиси «Пайғамбарлар китоби» деган кино бор. Ана шу кино воқеликларида жаҳон уруши рўй беради ва урушдан сўнг ер юзида тамаддуннинг жамики илдизлари йўқолиб кетади. Энди тирик қолган инсонлар ҳаётни қайтадан бошлаяпти. Аммо бу инсонларда ҳеч қандай манба ва асос йўқ. Улар бугунги тушунчамиз билан баҳолаганда ҳайвонлардан деярли фарқ қилмайди. Чунки уларнинг кун кечириш ва яшаш учун кураши фақат нафс, яъни қорин тўйдириш учунгина бўлади. У тўда бўлиши ҳам фақат қорин тўйдириши ғамидан. Бунинг учун бир-бирини ғажиб ташлашга ҳам тайёр.
Ана шундай пайтда бу одамлар китоб ҳақида эшитиб қолишади ва энди шу китобни қўлга киритиш учун ҳаракат бошланади. Бу оддийгина тимсолий ишланган саҳна. Аммо унда қорин ғамидан бошқасини билмайдиган ҳайвоний, нафсга қул бўлган одамнинг ҳақиқий инсонга айланиш жараёнида адабиётнинг хизмати кўрсатиб берилган.
Иккинчиси Рэй Брэдберининг «Фарангейт бўйича 451 даража» асари бор. Асар воқеликлари Америкада содир бўлади. Унинг бош қаҳрамони Гай Монтэг — ўт ўчирувчи. Аслини олганда унга ўт ўчирувчи деган эмас, аксинча ўт ёқувчи деган таъриф тўғри келади. Чунки унинг вазифаси қаерда китоб кўрса уни ёқиш. Сабаби, Гай Монтэг яшаётган жамият учун китоб ўта хавфли бўлган бир буюм. Чунки китоб биринчи навбатда инсоннинг эркинлигини англатиб туради, иккинчидан, ўзининг озод, ҳур инсон, шахс эканлигини, ҳиссиёти, муҳаббати ҳамда ҳақ-ҳуқуқи борлигини эслатиб туради.
Мана шу икки ҳолатдан хулоса чиқара олсак, адабиётнинг инсоният олдидаги ўрнини билиб оламиз.
Келинг узоққа бормайлик, 1933-1945 йилларда Адольф Гитлер Германиясини ҳақиқий сўз санъаткорлари ташлаб кетган. Чунки у ерда адабиёт бўлиши мумкин эмас (бу мафкура билан адабиёт келиша олмайди деган маънода). Мана шу даврда ташлаб кетилган Германия оз эмас, кўп эмас 50–60 миллиондан ортиқ одамга қирғин келтирди.
Адабиётдан узоқ бўлган ҳаёт мана шу.
— 1999 йилги интервьюларингиздан бирида ўзбек насрида ҳали бери «бўронни» кутмаётганингиз, ўзбек насридаги бу жимлик ҳали узоқ давом этиши, балки янги асрнинг янги 10 йилликларида нималардир рўй беришидан умидворлигингиз ҳақида гапиргандингиз. Ўша даврдан кейин ҳам иккита 10 йилликни босиб ўтдик. Назаримда, сиз айтган «бўрон» ҳали ҳануз уйғонганича йўқ. Хўш, бу жимликнинг сабабини аслида қаерлардан қидириш керак?
— Адабиётдаги бу жимликни фақат ўзбек адабиётидан қидириш керак эмас. Бу бутун дунё адабиётига тегишли ҳолат. Сабаби, кейинги 25-30 йил ичида адабиётнинг роли маълум маънода пасайди. Бутун жамиятда адабиёт ва сўз санъатига бўлган эҳтиёж сусайди. Ундан кўра олди-қочди яъни, беллетристикага бўлган талаб кучайиб кетди. Аслида адабиёт икки қисмга бўлинади. Биринчиси – (беллетристика) ҳамма билган, ҳамма учун тушунарли, ҳамма учун қизиқарли, яъни истеъмолчининг талабидан келиб чиқиб ёзилган асарлар.
Иккинчиси – миллатнинг, халқнинг эртасини ўйлаб ёзилган, унинг тафаккури ва кўнглига хизмат қиладиган ҳақиқий адабиёт.
Мана шу икки адабиёт ўртасидаги кураш барибир беллетристикага қараб кетди. Ва ҳақиқий адабиётга бўлган эҳтиёж бутун дунёда сусайди.
Назаримда, суҳбатдан аввал сиз билан эслаган Харуки Мураками услуби ҳам барибир жим-жималар ҳозирча. Биз айтаётган жимликни бузишга бўлган интилиш, аммо бу барибир мактаб эмас.
Шу нуқтаи-назардан дунё миқёсида олинса ҳам ҳали адабий метафоралар ўйлаб топилмади.
Ўзимизнинг ўзбек адабиётига келадиган бўлсак, мен маълум маънода шеъриятда бунақа авантрюстик талатўплар, бузишлар ва бўронга хос интилишлар бор, деб ҳисоблайман. Буни бир қанча мисоллар билан айтиш мумкин. Яъни, назмда бўронга интилиш бор. Насрда эса бу бўронни уйғота оладиган мисолни кўрганимча йўқ.
Шу ўринда бир фикрни айтишим керак. Назм инсон кўнглини, қалбини тарбиялайди. Наср эса тафаккурни. Бу эҳтимол шу нарсага ҳам боғлиқдир. Яъни, миллатнинг тафаккури ўзгармагунча насрда ҳам ўзгариш бўлмас.
— Назар ака, деярли барча халқлар, давлатлар ўз тарихида мустабидлик даврини бошдан кечирган. Лотин Америкаси, Европа, Шарқ, Африка... Кузатамизки, ўша халқлар адабиётида мустабидлик ўз изини ҳам қолдиради. Адабиёт, адабиёт деймиз аслида адабиёт мустабидликнинг олдида нима? Мустабидлик унга қандай таъсир ўтказади?
— Адабиёт мустабидликка, мутаассибликка, жаҳолатга қарши курашадиган бирдан-бир қурол. Адабиёт айнан мустабидлик ва мутаассибликнинг қандай пайдо бўлгани, қаерга олиб бориши ва нима оқибатлар олиб келишини таҳлил қилиб беради.
Мутаассиблик ва мустабидлик иккови битта нарса. Агар тафаккурда стреотиплар, бир хил фикрлаш пайдо бўлса, миллат муте ва қулликка кўникса, у диний бўлса бунинг оқибати мутаассиблик, агар сиёсий тузум бўлса у мустабидлик.
Шу боисдан, адабиёт доимо мустабидлик ва мутаассиблик, жаҳолатни фош этувчи бўлиши керак. Жамики адабиёт шундай бўлган. Масалан, Навоий ҳам асарларида ўша даврга муносабатини ифодалаган. Шоҳлар ўртасидаги курашлар, келишмовчилик ва падаркушлик иллатларини танқид остига олган.
Умуман, Навоий барча асарларида инсонни тутқун қилган мутаассиблик ва мустабидликка қарши курашади. Бу курашнинг фалсафий асосларини кўрсатган.
Шундай экан, адабиётнинг биринчи вазифаси ҳам иллатларни фош қилиш, моҳиятни кўрсатишдир. Мен бу ерда Горькийнинг «Она» романидаги «қўлга қурол олинг, кетдик!» маъносида гапирмаяпман, унинг вазифаси моҳиятни кўрсатишдир.

— Бугунги томошабин, ўқувчининг катта қисмини (у хоҳ телевидениеда, газета ёки интернетда) мамлакат миқёсидаги муҳим хабар, маълумотлардан кўра, (мен оддий хабарлар ҳақида гапирмаяпман) шоу-бизнесдаги воқеликлар, бачкана ҳазил гуруҳларининг бачкана чиқишлари, айрим сериаллар кўпроқ ўзига тортаётганини кузатяпмиз. Сизнингча, кишилардаги бу саёзлик нимани билдиради, умуман бу йўлнинг келажаги борми?
— Йўқ! Табиий равишда бу йўлнинг келажаги йўқ. Худди шундай саёзлик фожиалари жаҳон адабиётида Герман Гессенинг «Бисер ўйини» асарида тилга олинади. Асарда айтилишича, шундай давр келадики, одамлар онги шоу-бизнес вакиллари бугун нима кияди, нима ейди ва нима ичади деган хаёллар билан банд бўлади. Одамларнинг қолган барча муҳим воқеликларга бўлган қизиқиши ўлади.
Бу нимадан далолат? Бу инсон тафаккурининг шу даражага етиб келаётганидан далолат. Бу ҳам фалсафий, ҳам диний ва дунёвий нуқтаи-назардан баҳо берилиши керак бўлган масала.
Бу ерда бугунги ёзувчининг ҳам камчилиги бор. Камчилиги шундаки, биз ёзаётганларимизни одамларга ўша шоу-бизнес даражасида қизиқарли қилиб етказиб бера олмаяпмиз. Одамлар асарларда ўзини, ўз муаммолари, орзуларини тополмаяпти.
Асарларимиз одамларга, уларнинг эртасига дахлдор эканлигини етказиб бера олганимизда эди, оддий одамларнинг диққати адабиётга, сиз айтган олди-қочдилардан кўра муҳимроқ масалаларга қаратилган бўлар эди.
Одамлар асарларда ўзини, кўнгил дунёсини кўрмаётганининг сабаби эса уларнинг онги ҳали адабиётни, улардаги рамзни тушуна оладиган даражага етгани йўқ. Шу билан бирга, ёзувчининг ўзи ҳам бу савиянинг оғриғини елкасига олиб, уни тушунтириб бера оладиган даражада эмас. Балки шу сабабдан улар бундай саволлардан ўзини четга олмоқда.
Иккинчидан, четдан кириб келаётган оммавий маданият. Айнан у орқали ҳам бундай савиясизлик, оломон маданияти тарғиб қилинади.

— Бундай тафаккур ва савиясизликдан қутилиш йўллари адабиётдан ташқари яна нималарда кўринади?
— Тарбияда кўринади. Айнан тарбия орқали инсонда иллатларга қарши кураша оладиган иммунитет уйғотиш мумкин.
Биргина сериалларни олайлик. Балки биз сериалларни шунчаки эрмак сифатида томоша қилармиз. Аммо мен бирорта сериалнинг мафкурадан холи эканлигига ишонмайман. Сабаби, ҳар битта медиа маҳсулот орқасида албатта қандайдир ғоя ва кимнингдир мақсади ётади. Шу орқали одамлар қандайдир ғояга бўйсундирилади.
Ҳозир мана шуни тушунтириб бера оладиган таҳлиллар керак, фикрлар керак.
Суҳбат давомида ёзувчи шунингдек, хушомад ва маддоҳлик, сиёсат ва мафкурага қул ижодкорлар, кишилар тафаккурида кечаётган ўзгариш ва айни дамда қотиб қолаётган тушунчалар, оломончилик борасида ҳам аччиқ аммо ўзи тўғри деб билган ҳақиқатлар ҳақида фикр билдирди. Суҳбатни тўлиқ шаклда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
13:50 / 02.12.2024
Дунёда шундай қишлоқ бор: унга эркаклар кириши тақиқланган
16:31 / 13.11.2024
Саманта Ҳарви космонавтлар ҳақидаги романи учун Букер мукофотига сазовор бўлди
22:01 / 04.04.2024
Болалар шоири ва ёзувчиси Раим Фарҳодий вафот этди
11:19 / 19.10.2023