Жамият | 17:20 / 31.03.2019
19565
7 дақиқада ўқилади

Ургутда ер можароси. Фуқаро олий суддан адолат кутмоқда

Маҳаллий ҳокимликлар ва тадбиркор, фуқаролар ўртасида ер, уй-жой билан боғлиқ низолар, тушунмовчиликлар сўнгги вақтларда кўп кузатилмоқда. Kun.uz таҳририятига шу мазмунда кўплаб мурожаатлар келиши давом этмоқда. Ўрганишлар давомида айрим ҳолларда маҳаллий ҳокимликлар ер ёки мулкни тортиб олиб, тадбиркор ва фуқароларнинг ҳуқуқларини бузган ҳолатларни ҳам учратдик. Бу ҳақида журналистик суриштирувлар натижасида сайтимизда кенг ёритиб бормоқдамиз.

Таҳририятга шу мазмундаги навбатдаги мурожааат Самарқанд вилояти, Ургут туманидан келди. «Андак» маҳалласида яшовчи Азам Фозилов ўз мурожаатида отасига тегишли ер Ургут туман ҳокимлиги томонидан тортиб олингани, бир неча йиллардан буён бу можаро давом этаётганини баён этган.

Ушбу мурожаатни жойида ўрганиш мақсадида Ургут туманида бўлдик ва мурожаатчи билан суҳбатлашиб, у тақдим этган ҳужжатларни кўздан кечирдик.

Ўрганиш давомида маълум бўлишича, Азам Фозиловнинг отаси Азим Фозиловнинг аризасига асосан, Ургут тумани аввалги «Акрамобод» жамоа хўжалиги аъзолари умумий йиғилишининг ер ажратиш тўғрисида 1998 йил 16 февралдаги 1-сонли қарори қабул қилинган.

Ушбу қарор билан бош режа асосида аҳолига якка тартибда уй-жой қуриш учун, шу жумладан, А.Фозиловга «Акрамобод» жамоа хўжалигидан 6 сотих ер майдони ажратиш ҳақида Ургут туман ҳокимининг 1999 йил 16 март кунидаги 154-К-сонли қарори чиққан. А.Фозиловга низоли ер майдони тегишли далолатнома асосида ўлчаб берилган.

Ургут тумани ҳокимининг 2008 йил 25 сентябрь кунги қарори билан Боғишамол маҳалласи (аввалги «Акрамобод» жамоа хўжалиги) Қоратепа кўчасида жойлашган 1 хонали, яшаш юзаси 19,55 кв.метр, умумий фойдаланиш юзаси 19,55 кв.метрдан иборат бўлган уй-жой Азам Фозиловга тегишли деб тан олиниб, фойдаланишда бўлган жами 660,0 кв.метр ер майдонига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи берилган.

Ушбу қарор асосида тегишли тартибда барча ҳужжатлар расмийлаштирилган, давлат рўйхатидан (кадастрдан) ўтказилиб, солиқ ва бошқа тўловлар ўз вақтида тўлаб келинган ҳамда уй-жой қурилган.

Аммо 2013 йилда ушбу ер бўйича маҳаллий ҳокимият ва фуқаро ўртасида низо бошланади. Яъни, Ургут тумани ҳокимининг 2013 йил 16 ноябрдаги 1063-К-сонли қарори билан фақатгина мутахассислар хулосасига асосланиб, фуқаролар огоҳлантирилмасдан «660,0 кв.метр ер майдонига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи берилгани» ҳақидаги туман ҳокимининг 2008 йил 25 сентябрдаги 814-К-сонли қарори бекор қилинган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 38-моддасига кўра, «Ушбу кодекс 36-моддаси 1-қисмининг 6-11-бандларида назарда тутилган ҳолларда, шунингдек, ер тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган бошқа ҳолларда ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан назоратни амалга оширувчи орган ер эгасини ёки ердан фойдаланувчини олдиндан огоҳлантирганидан кейин ер участкасини берган органга ер участкасини олиб қўйиш ҳақида тақдимнома киритади», деб кўрсатилган.

Биринчидан, бу ҳолатда қандайдир асослар бўлган тақдирда ҳам мутахассислар эмас, тақдимнома киритилиши кўрсатилган. Иккинчидан, ушбу ерга берилган эгалик ҳуқуқи Ер Кодекси 36-моддасида кўрсатилган, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилинишига асос сифатида кўрсатилган ҳолатларнинг бирортасига тўғри келмайди ёки мансуб эмас. Учинчидан, ер олиб қўйилиши ёки олиб қўйилиши мумкинлиги тўғрисида ер эгалари огоҳлантирилмаган.

Ургут туман ҳокимлиги фуқаронинг ушбу ер участкасига бўлган ҳуқуқини бекор қилгандан сўнг, ўша вақти янги қурилаётган туман ИИБ биноси олдида автотураргоҳ қуриш учун ажратган.

Демак, янги қурилган ИИБ биноси ҳудудини кенгайтириш учун ер керак бўлган ва туман ҳокимлиги масалани фуқаронинг ерини уни огоҳлантирмасдан қарор чиқариб, тортиб олиб қўйиш билан ҳал қилиб қўя қолган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 4-бандида тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ер участкасини олиб қўйиш, ер участкасида жойлашган уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатларни, иншоотларни бузиш ва дов-дарахтларни кўчириб ташлаш тўғрисидаги тегишли қарорлари нусхаларини билдиришномага илова қилган ҳолда, бузиш бошлангунгача 6 ойдан кечикмай, имзо қўйдириб уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар мулкдорларини қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда хабардор қилиши шартлиги қайд этилган.

Шунингдек, ушбу Низомнинг 26-бандида юридик шахсга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган уй, ишлаб чиқариш иморатлари, бошқа иморатлар, иншоотлар, дов-дарахтлар жойлашган ер участкаси олиб қўйилган ҳолда унга аввалгисига тенг қийматли мол-мулк берилиши ва ер участкаси давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши оқибатида етказилган зарар тўлалигича қопланиши белгиланган.

Аммо ер қайтариб олинишида бу Низом талабларига амал қилинмаган.

Ургут туман ҳокимлиги ва фуқаро ўртасидаги низо Фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро суди 2016 йил 14 ноябрь кунидаги ҳал қилув қарори билан фуқаронинг даъво аризаси қаноатлантирилиб, Ургут тумани ҳокимининг 16.11.2013 йилдаги №1063-К-сонли ва 04.12.2013 йилдаги №1101-К-сонли қарорлари ҳақиқий эмас деб топади.

Шундан сўнг, бу низо ФИБ Самарқанд вилоят суди апелляция инстанциясида кўриб чиқилади ва иккинчи манфаатдор тараф бўлган ҳокимият вакилларининг кўрсатувларига асосан ер фойдаланмасдан қаровсиз қолдирилгани важи билан ФИБ Тойлоқ туманлараро судининг 2016 йил 14 ноябрь кунги ҳал қилув қарори бекор қилинади.

Ургут тумани ҳокимлиги апелляция инстанциясининг юқоридаги ажримига асосланиб, Азим Фозиловга нисбатан ўзбошимчалик билан қурилган биноларни буздириш ва ноқонуний эгалланган ер майдонини қайтариш ҳақидаги даъво аризаси ФИБ Тойлоқ туманлараро судида кўрилиб, 2018 йил 17 апрель кунидаги ҳал қилув қарорига асосан туман ҳокимиятининг даъво аризаси қаноатлантирилган.

Фуқаронинг ушбу қарордан норози бўлиб, апелляция тартибида киритган шикоят аризаси ФИБ Самарқанд вилоят судининг 12.07.2018 йилги ажримига асосан рад қилиниб, биринчи босқич судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. 

Ушбу ҳолатларда Азим Фозиловнинг ўғли, ишончли вакили Азам Фозилов ўзларининг ҳуқуқлари бузилгани, адолат қилинмаётганини, бир неча йиллардан буён сарсон-саргардон бўлишаётганини таъкидламоқда.

Ўрганиш давомида мазкур масала юзасидан Ургут тумани ҳокими Маматжон Турдиев билан суҳбатлашдик. Туман раҳбари ҳаммаси судда кўриб чиқилиши ва масала суд қарори асосида ҳал этилишини билдирди.

Маълум бўлишича, айни вақтда бу низо Олий Судда кўриб чиқилиши арафасида.

Kun.uz бир неча йиллардан буён ҳал этилмаётган бу масала адолатли ечим топишига ишонч билдиради ва воқеалар ривожини кузатиб боради.

Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири

Ғолиб Абдусаломов
Тайёрлаган Ғолиб Абдусаломов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид