Президент БААга ташриф доирасидаги келишув ва битимларни амалга ошириш бўйича асосий вазифаларни белгилаб берди
Бугун, 1 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафта бўлиб ўтган Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташриф доирасида эришилган келишувлар ва имзоланган битимларни амалга оширишни ташкил этиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Аввал хабар қилинганидек, давлатимиз раҳбари Абу-Даби ва Дубай шаҳарларида Абу-Даби Амирлиги валиаҳди, Бирлашган Араб Амирликлари Қуролли кучлари Олий бош қўмондони ўринбосари Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён, БАА Вице-президенти, Бош вазири, Дубай амири Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум, ушбу мамлакат ҳукумати аъзолари ва қатор етакчи компаниялари раҳбарлари билан сермаҳсул учрашув ва музокаралар ўтказди.
Икки томонлама тадбирлар якунида Қўшма баёнот ҳамда қатор муҳим келишувлар, жумладан, умумий қиймати 10 миллиард доллардан зиёд бўлган истиқболли инвестиция лойиҳалари ва дастурларини амалга ошириш бўйича битимлар имзоланди.
Ушбу келишувлар инновациялар, нефть-газ тармоғи, анъанавий ва муқобил энергетика, замонавий инфратузилмани ривожлантириш, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим каби ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишларини қамраб олган.
Таъкидлаш жоизки, ташриф давомида БААнинг олий даражадаги раҳбарияти Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ва янгиланишларни бир неча бор эътироф этиб, уларни тўлиқ қўллаб-қувватлади. Амирликлар ишбилармон доиралари мамлакатимизга тобора катта қизиқиш билдираётгани Ўзбекистонга ишончнинг ортиб бораётганидан далолат беради.
Президентимиз эришилган келишувларнинг ўз вақтида ва сўзсиз ижросини таъминлаш лозимлигини қайд этиб, самарали усул ва механизмларни жорий этган ҳолда қабул қилинган “йўл харитаси”ни амалга оширишни дарҳол бошлаш муҳим эканини таъкидлади.
БААнинг етакчи компания ва ташкилотлари билан биргаликда амалга ошириладиган устувор қўшма лойиҳалар сифатида «Навоий» қуруқлик порти ва эркин иқтисодий зонасини ривожлантириш, мамлакатимизда углеводородлар қазиб олишни кўпайтириш ва уларни чуқур қайта ишлаш, Таллимаржон иссиқлик электр станцияси ва бошқа мавжуд ИЭСларни модернизация қилиш ва кенгайтириш, қуёш ва шамол электр станцияларини, Сирдарё вилоятида аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш заводини барпо этиш ва бошқалар белгиланди.
Бундан ташқари, агросаноат кластерларини ташкил этиш ва мамлакатимиз қишлоқ хўжалигининг экспорт салоҳиятини юксалтириш, Самарқанд шаҳрида туризм ва коммунал инфратузилмани, ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, тадбиркорлик ташаббусларини, жумладан, Абу-Даби тараққиёт фонди иштирокида таъсис этилаётган низом жамғармаси 1 миллиард доллар бўлган инвестиция компанияси маблағларини жалб этган ҳолда қўллаб-қувватлаш масалалари кўриб чиқилди.
Юқори малакали мутахассислар тайёрлаш соҳасидаги шерикликни кенгайтириш, “Масдар” компанияси ва Ал Халифа университети билан кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бу борадаги ишларни мувофиқлаштириш ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида БААда ўз ваколатхонасини очади.
Давлатимиз раҳбари “йўл харитаси”да белгиланган тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича аниқ топшириқлар берди.
Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, тармоқ компаниялари раҳбарларига энг қисқа муддатда инвестиция лойиҳаларининг тармоқ жадвалини тасдиқлаш ва лойиҳаларни амалга оширишни бошлаш, олий даражада эришилган Ўзбекистон-БАА келишувларининг сўзсиз ижросини таъминлаш бўйича самарали механизмларни жорий этиш вазифаси қўйилди.
Мавзуга оид
16:57 / 25.11.2024
БААда исроиллик роҳибнинг ўлимида гумонланаётган ўзбекистонликлар ушланди
14:15 / 12.11.2024
БАА ўзбекистонлик ҳайдовчиларни иш билан таъминлашни режалаштирмоқда
15:31 / 26.10.2024
Дубайда дунёдаги энг ингичка осмонўпар бино қурилмоқда
12:00 / 23.10.2024