Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Талаш бўлаётган ер ёки Зомин туманидаги сарсон фермерларнинг дардини ким эшитади?
Kun.uz таҳририятига Зомин тумани «Гулшан» ҚФЙ Пилим қишлоғи ҳудудида фаолият юритаётган фермерлардан мурожаат келиб тушди.
«Ҳурматли таҳририят ижодкорлари. Биз Зомин туманидаги «Гулшан» ҚФЙда истиқомат қилувчи бир гуруҳ фермерлар сиздан адолат ўрнатилишида ёрдам сўраб мурожаат қилмоқдамиз. Айни кунларда биз фаолият юритаётган жами 12та фермер хўжалиги (қарийб 450 гектар ер майдони) бир неча йиллар аввал ўз фаолиятини тугатган «Зомин-агро чорва» агрофирмасига яна қайтариб бериляпти. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорга асосан тузилган комиссия хулосалари билан мақбуллаштиришдан ўтганлигимиз тўғрисида қарор бўлса-да, биз эркин ишлай олмаяпмиз. Бир йилдан бери давом этаётган машмашага қачон чек қўйилади? Сиздан илтимос, ушбу ҳолатни тегишли тартибда ўрганиб, вазиятга холис баҳо беришингизни сўраймиз», дейилган унда.
Вазиятни ўрганиш мақсадида Зомин туманида бўлиб, мурожаат йўллаган фермерлар билан суҳбатлашдик.
«Ҳазрат Каримов» номли фермер хўжалигини ташкил қилиш учун 2012 йил Зомин тумани ҳокимлигига ариза билан мурожат қилдим. Аризам ижобий қаноатлантирилиб, менга СУ-47 ер ҳудудидан 120 гектар ер майдони ажратилди. Мана шу сиз кўриб турган, кўм-кўк яшнаб турган буғдойзор бизгача қаровсиз ўнқир-чўнқир қирлардан иборат эди. Оиламиз билан ерга меҳримизни бериб, астойдил ишладик. Аммо 2018 йилнинг январь ойидан ҳаловатимиз бузилди. Тошкент шаҳри Яккасарой туманидан рўйхатдан ўтган «Интеко Сармоя» МЧЖнинг ишончли вакили Пардабой Абдуазимов бу ерлар «Зомин-агро чорва» агрофирмасига қарашли, деган даъво билан келяпти.
Тортишувлардан сўнг 2018 йилнинг апрель ойида бизга тегишли фермер хўжалиги ер майдонлари Зомин тумани ҳокимининг 920-сонли қарори билан «Зомин-агро чорва» агрофирмасига қайтарилди. Бундай адолатсизликка чидолмай туман ва вилоятдаги тегишли идораларига мурожаат қилдик. Афсуски, мурожаатларимиздан наф бўлмади. Шундан сўнг давлат маслаҳатчиси Т.Худойбергановга шу иш ижобий ҳал этилишида амалий ёрдам беришини сўраб мурожаат қилдик. Мурожаатдан сўнг Зомин тумани маъмурий судининг қарорига асосан туман ҳокимининг 143-сонли ҳамда 920-сонли қарорлари ҳақиқий эмас, деб топилди ва бекор қилинди. Югур-югурлар, асаббузарликлар барҳам топганидан суюндик.
Афсуски, эрта суюнган эканмиз, ўша машмаша яна бошланди. Ерлар яна «Зомин-агро чорва» агрофирмасига ўтармиш. Хўш, биз нима қиламиз? Энг қизиғи, биз Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра мақбуллаштиришдан ўтдик. Янги қарорга асосан, фаолиятимизни давом этиряпмиз. Ҳар йили белгиланган режани бажарамиз. Айтинг-чи, нега энди бир бош ҳам чорваси йўқ, номи бору ўзи йўқ агрофирма ерларимизни тортиб олмоқда?», — дейди Достон Каримов.

Кўриб турганингиздек, вазият чиндан ҳам чигал. Масалага ойдинлик киритиш мақсадида «Зомин-агро чорва» агрофирмаси директори Пардабой Абудазимов билан суҳбатлашдик.
«Зомин-агро чорва» агрофирмасига қарашли ушбу ерларни қайтариб олиш учун бир йилдан бери ҳаракат қиляпмиз. Сизга қисқача тушунтирадиган бўлсам, 2012 йилда ушбу агрофирмага Миррозиқ Муҳсинов раҳбарлик қилар эди. Айрим сабабларга кўра, ўша йилнинг ноябрь ойида М.Муҳсинов ўз аризасига кўра бўшаб кетган пайти шу агрофирмада норасмий ходим бўлган Уммат Каримовга вақтинчалик сақлаб туриш учун агрофирманинг думалоқ муҳри ҳамда штампини, фирма ҳисоботлари ва бирламчи бухгалтерия ҳужжатларини бериб кетган. Бундан устамонлик билан фойдаланган У.Каримов ўша пайтдаги таъсисчилар «Интеко Сармоя» МЧЖ раҳбари Азиз Носиров билан тил бириктириб, қўлидаги муҳр ва ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда «Зомин-агро чорва» агрофирмасига қалбаки йиғилиш қарори билан директор бўлиб олган. У.Каримовнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларини деб ерларимиз туман ҳокимлиги захирасига ўтиб кетди. Ҳужжатлар сохталаштирилган. Демакки, ерни тўлиқ агрофирмага қайтиши адолатдан бўлади, деб ҳисоблайман», — дейди П.Абдуазимов

«Зомин-агро чорва» агрофирмаси ҳамда фермерлар ўртасида талаш бўлаётган низоли ер масаласига ойдинлик киритиш мақсадида Зомин тумани ҳокимлигига келдик. Бинога кираверишда бизни тўхтатган қўриқчиларга нима мақсадда келганимизни баён этсак-да, осонликча ҳокимлик биносига кира олмадик. Анча муддатдан сўнг, қўл телефонларимизни қолдириш шарти билан киришга рухсат тегди. Узоқ тортишувлардан кейин ҳокимлик биносига ҳам кирдик. Афсуски, муаммо юзасидан бирор мутасадди билан суҳбатлаша олмадик. Хуллас, Қишлоқ хўжалиги бўлими котибиятида вазиятдан хабардор, аммо бизга номаълум сабабларга кўра биз билан учрашишни истамаган муовин-у мутасаддиларни кутиш билан кунни кеч қилдик.
Туман ҳокими Алишер Абдуғаниев ўз хонасида бўлса-да, бизни қабул қилишни лозим топмади.
Туман ҳокимлигига киришда «бемаъни» расмиятчилик вақтида камида 20 нафардан зиёд мурожаатчи ҳокимият биносига киритилмай қайтариб юборилганига гувоҳ бўлдик. Энг сўнгги чора деб ҳокимлик остонасига келиб, умидлари чил-чил синиб ортга қайтаётган юртдошларимизни кўриб кўнглимиздан «мухбир бўла туриб биз бу бинога зўрға кирдик, сизга йўл бўлсин!» — деган хаёл ҳам ўтди. Қизиқ, Президентимизнинг ҳар бир раҳбар-у амалдорга «халқнинг ичига кириб, уларни тингланг, халқ билан бирга бўлинг», деган чақириғига Зомин тумани ҳокимлигининг «лаббай» деган жавоби шумикин?..
Биздан талаб қилингани масалага холислик билан ёндашиш. Кимнидир айблаш фикридан йироқмиз. Шу боис ҳам туман ҳокимлиги мутасаддиларидан икки кун давомида изоҳ кутдик.
«Ҳомийлик дейишади, металлолом дейишади, хўп деймиз. Сизга ёлғон — менга чин: мана шу мақбуллаштиришдан кейин чиққан қарорларни олиш учун туман ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги бўлими котибиятига келган фермерларнинг маҳаллий нашрларга бир йиллик обуна бўлишга мажбурланаётганига нима дейсиз? Обуна бўлмасак қарорни беришмас экан. Даладаги юмушларимиз қолиб судма-суд, идорама-идора юришларимизга чек қўйилармикин? Энг қизиғи, менга ажратилган ер агрофирманинг балансида умуман бўлмаган. Шундай бўлса-да, мен ҳам шу фермерлар қаторида еримни бой бериш арафасидаман. Айни дамда ғаллага сув қўйишимиз керак, далада иш қизғин. Биз ишсиз қолсак оиламизни ким боқади? Шунча меҳнатимиз ва маблағимиз ҳавога совурилиб кетадими? Ҳузурини ўзгалар кўрадими?», — дейди куюнчаклик билан мурожаатчи, «Бекзод-Зафар» фермер хўжалиги раиси Сардор Худойқулов.

Мажбурий обуна масаласида фермер юз фоиз ҳақ эди. Ҳокимлик биносида муовинларни кутиш асносида биз ҳам шу воқеага гувоҳ бўлдик. Қишлоқ хўжалиги котибияти бўлими мутахассиси Дилмурод Мамадалиев ҳузурига келган фермер маҳаллий нашрлардан «Шарқ тонги» ёки «Жиззах ҳақиқати» газеталарига обуна бўлиб келсагина унинг номига мақбуллаштиришдан сўнг чиққан қарорни беришини таъкидларди. У ушбу нашрлар фермерга «жуда кераклиги»ни ҳам қистириб ўтди. Саволларимиздан ҳушёр тортган мутахассисдан фермерларни обунага ким мажбурлаётганини била олмадик.

Баъзи ҳолларда қаровсиз ва эгасиз нарса қадрсиз бўлади. Ана ўша нарсага кимдир эга чиқиб, кўз қувнатар даражага келтирса эгасиз нарсанинг ўз-ўзидан «соҳиб»лари ҳам кўпайиб қолади. Ушбу вазиятда ҳам шу ҳолни кузатиш мумкин. Эгалик ҳуқуқи учун низолашаётганларни кўриб кўрмасликка олаётган, масалага ижобий ечим топишни хаёлига ҳам келтирмаётган, «Истаган жойингга мурожаат қилавер, барибир менинг айтганим бўлади», қабилида иш кўраётган маҳаллий ҳокимлик вакилларининг совуққонлиги «Ким кимнинг соясида?» деган иборани ёдингизга солади.
Гулчеҳра ШАРИПОВА,
Kun.uz мухбири.