Жамият | 15:10 / 02.04.2019
51118
2 дақиқада ўқилади

Қўшиқчини пулга кўмиш мухлиснинг «катта орзуси»ми?

Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида сенаторлар тўйлар бўйича бир қарорга келганди. Унга кўра, тўй-ҳашам ва бошқа оилавий тадбирларни ихчам ўтказишни йўлга қўйишга муайян меъёрий ҳужжат билан эмас, одамлар ўртасида кенг кўламли тарғибот-ташвиқот, шахсий ибрат, намунали тадбирлар мисолида эришиш ҳар жиҳатдан фойдали экани қайд этилганди. 

Ушбу қарор эълон қилинганига кўп бўлмасдан, ижтимоий тармоқларда Самарқанддаги тўйлардан бирида пул сочган йигит машҳур бўлди.  

Пул сочиш лавҳаларида яққол кўзга ташланган санъаткор Оғабек Собиров яна бир бор тўй дабдабаси «қаҳрамони»га айланди. Гап шундаки, унинг ўзи Instagram ижтимоий тармоғига жойлаган видеода ўтириб куй-қўшиқ ижро этаётгани, бўйнида хорижий валютадан ясалган «пулчамбар» илиб қўйилгани акс этган.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Хонанданинг ёзишича, мухлисининг катта орзуси мана шу йўсинда рўёбга чиқди.

Дарвоқе, Собиров видеони тармоқдан олиб ташлашга улгурди, аммо жамиятнинг тўй-ҳашамга нисбатан муносабати ҳалигача ўзгармагани кичик лавҳа орқали ҳам яққол намоён бўлди.

Кимнидир «айбдор»га чиқариб, танбеҳ беришдан йироқмиз. Минг қилса ҳам эркин фуқаролик жамиятини қуриб, ўзбекча демократия моделини илгари суряпмиз. Шунга қарамай, мақсадсиз, дабдабага берилган кишилар билан жамият кўзлаган узоқдаги маррага етиб бориши ҳам қийин. Исрофгарчиликка қарсак чалган халқ эса инъом этилган неъматларнинг қадрига етмайди.

Мавзуга оид