Жаҳон | 22:10 / 02.04.2019
18092
3 дақиқада ўқилади

Украина сайлови: Тимошенко Зеленскийни қўллаб-қувватламоқчи эмас

OLEG PETRASYUK/TASS

«Баткишшчина» партияси етакчиси, Украина президентлиги учун сайловларда номзод бўлган ва иккинчи турга ўта олмаган Юлия Тимошенко иккинчи турда амалдаги президент Петро Порошенкони ҳам ва шоумен Владимир Зеленскийни қўллаб-қувватламаслигини билдирди.

«Мен МСК қарори билан иккинчи турга ўтган номзодларнинг ҳеч бири мамлакат раҳбари сифатида олдинга қўйиладиган вазифаларни бажаришга қобил эмас деб ҳисоблайман. Улар на урушни ва на қашшоқликни тўхтата олишади», деган Тимошенко.

Шу тариқа, Зеленский иккинчи турда Тимошенко билан бирлашиши ҳақидаги тахминлар йўққа чиқди.

Сайловда овоз бериш жараёни якунлангач, рада депутати Мустафа Найем Тимошенко ва Зеленский иккинчи турда биргаликда ҳаракатланишга келишиб олишгани, унга кўра Зеленский президентга айланса, 2019 йилнинг октябрида бўлиб ўтадиган парламент сайловларида Юлия Тимошенко бош вазирга айланиши учун ёрдам бериши кераклиги айтилганди.

Тимошенко яна нималар деди?
Биринчи турда 13,39 фоиз овоз олиб учинчи бўлган номзод бор диққатини «иккинчи турда овозлар сохталаштирилмаслиги учун ҳаракат қилиши»ни таъкидлади.

У сайловларни «майнабозчилик» деб атаган ва натижалар бир номзод фойдасига - амалдаги президент Петро Порошенко манфаатлари йўлида сохталаштирилгани ҳақида гапирган.

У натижалардан шикоят қилар экан, шу билан бирга судга ҳам мурожаат этмаслигини қўшимча қилиб, суд тизимига ишонмаслигини таъкидлаган. «Биз йўқ нарсадан умид қилмаймиз. Украинада суд тизими йўқ, шу туфайли сайлов натижаларидан шикоят қилиш ўринсиз», деган Тимошенко.

У шунингдек, ўз тарафдорларини кўчаларга чиқиб, акциялар ўтказишга ҳам чақирмаган. Унинг сўзларига кўра, норозилик акциялари мамлакатда беқарорлик келтириб чиқариши ва ички парокандаликка сабаб бўлиши мумкин. «Биз бундай сиёсат юритмаймиз. Мен сайловчиларнинг овозини ҳурмат қиламан. Биз сайловларни ҳимоя қилишда давом этамиз», деган мухолиф сиёсатчи.

Овоз бериш жараёни якунланган кечада Петро Порошенко штаби вакили Сергей Березенко журналистларга «сайловлар мутлақо ҳалол ўтгани» ҳақида маълум қилганди.

Халқаро кузатувчилар айрим ҳудудларда қоида бузилишларини қайд этишди, аммо бу қоида бузилишлари натижаларга таъсир кўрсатмаган деб топилди. ЕХҲТ кузатувчилари ҳам сайловларни «эркин ва рақобат муҳитида» кечди деб баҳолади.

Мавзуга оид